Главная

Машиналарнинг нархини эшитиб:«Бахт»имизга «қора бозор» бор бўлсин! 

Ko'rildi: 1343 Qo'shildi: 06-06-17

Кеча «GM» машиналарининг сўмга ўгирилган янги нархлари эълон қилинди. Албатта, нархлар осмонлаб кетган. Бир қарашда унча-мунча бойнинг ҳам тарвузи қўлтиғидан тушадиган даражада қиммат. 
Аслида ҳеч нарса ўзгармаган. «Каби хуши, каби гам» деган ҳинд киносида баджаҳл ота қиёфасини акс эттирган Амитабх Баччан ўгай ўғли ролини ўйнаган Шоҳрух Хонга айтади-ку: «Ҳеч нарса ўзгармаган!»... 

Бир томондан тўғри ҳам қилган: машина қанча кам сотилса, шунча яхши — ўзи мошина шундоқ ҳам кўпайиб кетди, йўллар қолмаяпти — қаёққа қарама мошин, мошин, мошин. Экология бузилиб кетяпти, одамлар икки юз қадамлик магазинга ҳам мошинда боришга ўрганиб олган — ўлгудек дангаса. Яна чалашўпиру, пробкалар, ДАН ходимларининг асабий хуштакбозлиги, бензину метаннинг танқислиги, қимматлаши, "запчаст"ларнинг қимматлиги, «телпак»лар ва ҳоказо... 
Қисқаси, компаниянинг мегасупердаҳо ҳисобчилари буларнинг баридан яхши хабардор. Улар узоқ ўйлаб ўтирмай, дарҳол «қарор ижросими, бўлдим есть қиламиз», деган ва АҚШ доллари курсини давлат белгилаган 3850 сўмда эмас, балки «қора бозор» лидерлари белгилаган суммада, яъни 8500 сўмда ҳисоблаб чиқишган. Барча мошинлар сўмда сотилгач, барибир сўмни кўчага чиқиб, доллар қилиб олиш керак-ку. Сўм оддий халқдан бошқасига, айниқса бизнесменларга керакмас. Банкка бориб, хорижий валюта конвертациясидан гап кетса, мутасаддиларнинг юзи ачиган қатиқ ичгандек бужмайиб кетади: «Ўзимизнинг берадиганларимиз бор, сенга пошёл...», деёлмайди, холос.
Ҳисоблаб кўринг, «Матиз, 1 л» русумли мошиннинг янги нархи миллий валютамизда 43 551 995 сўм қилиб кўрсатилган. Бунинг хорижий валютадаги эквиваленти эса 11 323 АҚШ долларига тенг. Хўш, бу 11 минги қаердан пайдо бўлди, деган савол туғилгандир. Мегасупердаҳо ҳисобчилар мавжуд нархни «қора бозор» курсига чаққану, бироқ ўзларининг нархини давлат курсида чиқаришган. Яъни, «қора бозор» курсида чиққан йиғиндини давлат курсига бўлган: 43551995 сўм:3850 сўм=11312 доллар. Энди, буни ҳақиқий ҳисобини келтирамиз: 43551995сўм:8500 сўм=5124 доллар. 
Агар «қора бозор»ни йўқ қилиб, давлат курси ҳар жойда устувор бўлса, 11 323 долларни топиш қийин бўлмасди. Яъни, 11 323 доллар 3850 сўмдан алмаштирилса, 43 593 000 сўм атрофида бўлади. Бу суммани ўртача 2-3 йилда ишлаб топиш мумкин. Қолаверса, давлат курсига қаралса, нархлар 11 минг эмас, балки 4500 доллар бўларди... Афсус...
Аслида энди хориж валютасининг бизга қизиғи йўқ, чунки долларингизни «қора бозор»да 8500-9000 мингача «майдалатволиб», мошинни сўмга сотиб олаверасиз. «Бахт»имизга «қора бозор» бор бўлсин. Энди, уни «қора» эмас, «оқ» деб айтсак ҳам бўлаверади.

Зохиджон Олов



Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/namanganliklar

Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |