Главная

Тақдир ҳукмидан қочиб бўлмайди ёхуд ўлимни тўғри башорат қилган кампир 

Ko'rildi: 619 Qo'shildi: 19-02-17

“Болалигимда қишлоққа, бувимникига боришни жуда яхши кўрардим. Таътилга чиқишим билан тугунларимни тугиб, қишлоққа жўнардим. Бувим менга қизиқ-қизиқ воқеаларни сўзлаб берардилар. Қуйида болалигимда бувимдан эшитган бир ҳаётий воқеани сўзлаб бермоқчиман”, деб ёзибди сирдарёлик мухлисларимиздан бир. 

Бувимнинг айтишича, бу воқеа анча йиллар илгари содир бўлган. Қишлоқда тўрт нафар қиз фарзанди бўлган эр-хотин Қосим ака ва Фотима опалар яшаган экан. Улар ўғил фарзанд кўришни жуда орзу қилишаркан. Шундай кунларнинг бирида Яратганнинг инояти билан уларнинг оиласида ўғил фарзанд дунёга келибди. Эр-хотин орзуларининг ушалганидан жуда ҳам мамнун бўлиб, болага Умид деб исм қўйишибди. Умидни опалари еру-кўккаишонмай, катта қила бошлашибди. Бола уч ёшга тўлганда ҳовлида рўзғор юмушлари билан банд бўлган Фотима опани кимдир чақиргандай туюлибди. Фотима опа аланглаб, дарвоза ёнида турган юзи ажинлардан тиришиб, қадди дол бўлган кекса кампирга кўзи тушибди.

– Яхшимисан, қизим? Кун жуда ҳам исиб кетганидан томоқларим қақраб, жуда чанқадим. Иложи бўлса, бир пиёла сув бер, – деб илтимос қилибди кампир.

Фотима опа ошхонада турган пақирдан бир пиёла сув олиб чиқиб, кампирга узатибди. Шу пайт ҳовлида ўйнаб юрган Умид югуриб келиб, кампирга тикилганча, онасининг этагидан тутибди. Сув ичиб чанқоғини қондирган кампир бир нафас Умидга тикилиб, афсуснамо бош чайқабди:

– Ўғлингни ажали сувдан... Тақдир ҳукмидан қочишга қанчалик ҳаракат қилма, у барибир сувдан ўлади...

Кампирнинг гапларидан Фотима опанинг тепа сочи тикка бўлибди. Не-не умидлар билан дунёга келтирган ўғлининг ўлими ҳақида гапирган кампир кўзига балодай кўринибди.

– Мен сизни ҳурмат қилиб, сув берсам-у, сиз эса кўзимнинг оқу-қораси бўлган ёлғиз ўғлим ҳақида бўлмағур гапларни гапиряпсиз. Кетинг, бу ердан, ёмон кампир экансиз! – деб Фотима опа ҳайдагудай қилиб, кампирни дарвозадан чиқариб юборибди.

Кампир бошқа сўз қотмай, йўлида давом этибди. Унинг сўзлари Фотима опага қаттиқ таъсир қилибди. Хаёлида “Мияси айниган кампир айтди-қўйди-да...” деса-да, кўнглига ғулғула тушибди. Шу кундан бошлаб, ўғлини сувга яқинлаштирмасликка, ҳаракат қилибди. Ўртоқлари анҳорга чўмилишга кетаётганини кўрган Умид “улар билан бирга бораман”, деб ҳар қанча хархаша қилса ҳам онаси рухсат бермас экан. Опалари эса Умиднинг ҳар бир қадамини пойлайдиган бўлишибди. Ҳаттоки ёлғиз юз-қўлини ювишга ҳам имкон беришмабди, чанқаса сувни онасининг ўзи ичкизиб қўяркан. Шундай қилиб, орадан йиллар ўтиб, Умид 7 ёшга тўлибди. Онаси, опалари уни бир зумга ҳам назоратсиз қолдиришмабди.

Баҳор кунларининг бирида ҳаво айниб, ёмғир қуйибди. Онасининг рўзғор юмушлари билан бандлигини кўрган Умид унинг кўзини шамғалат қилиб, кўчага югурибди. Ёмғирнинг савалаб ёғаётганидан завқланиб, кўлмак устига сакрабди. Шу пайт лойда оёғи тойиб кетиб, йиқилибди. Боши тошга урилиб, ҳушдан кетган бола юзтубан кўлмакка қулабди. Кўлмак сувидан нафаси қайтиб, оламдан ўтибди...

Бу фожиали воқеани эшитиб, наҳотки тақдир ҳукмидан қочишнинг, уни ўзгартиришнинг иложи бўлмаса, деб хаёлга толдим. Умиднинг ўлимини башорат қилган кампир ким? Фолбинми ё арвоҳми деган саволга эса жавоб тополмадим...

Қизнинг ҳикоясини Лола Шоимова оққа кўчирди

 



Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/namanganliklar

Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |