Загрузка...
Главная

Томошахонадаги қизлар 

Ko'rildi: 587 Qo'shildi: 15-03-17


Катта саҳна… Тўрт-беш чоғлик йигитлар турли гап-сўзлар ва ҳаракатлар билан ҳазил-мутойиба қиляпти. Уларнинг гапларига қулоқ тутсангиз, уялиб кетасиз… Нима ҳақида гапиришяпти, деб сўраяпсизми? Ҳа, қизларни танқид қилиб, уларнинг баъзи одатларини бачкана ҳаракатлар билан кўрсатиб беришяпти.

Энг ачинарлиси эса, томоша залининг ярмини қизлар эгаллаган ва ўзлари ҳақида айтилаётган гапларга "ўпка тўкиб” кулишмоқда. Ўйланиб қоласан, улар ўзларининг устиларидан кулишяптими?!

Бу айтилаётган фикрларга сиз қандай муносабат билдирасиз? Ҳа, бу сизнинг ҳам "ваколатингиз”га киради, бироқ бу хусусда ўзимиз кузатган ва билиб-билмай, энса қотиришимизга сабаб бўлган ҳолатларни назардан четда қолдириб ўтиб кетолмадик. Бугун кўпчилик ёшларимизни, улар қаторида ёши катта кишиларни ҳам ўз аудиториясига айлантириб олган "Дизайн”, "Миллион”, "Comedy.uz” ва шу каби турли чиқишлар кўпайиб кетмоқда. Майли, бу масала ўз йўлига. Бироқ, бу чиқишларнинг мухлислари анчагина ошгани ва бу борада ҳам деярли қизлар етакчилик қилаётганлиги ҳақида бир карра мулоҳаза қилиб кўриш керакка ўхшайди. Биз эса бу борада ўз кузатувларимиз билан бирга, атрофдагиларнинг ҳам қандай фикрда эканликлари билан қизиқдик.

Гавҳар Эшонқулова, уй бекаси

Менга ёшларимиз томонидан ташкил қилинган ва тақдим этилаётган бундай чиқишлар, албатта, қайсидир томонлари билан жуда ёқади. Баьзан шунчаки ҳордиқ чиқариш учун бундай томошаларнинг борлиги яхши. Бироқ, минг афсуски, ундаги баьзи жиҳатларни кўриб, жаҳлингиз чиқади.

Одатда, бундай томошаларни тўғридан-тўғри бора олмаганим учун кўпинча сотувга чиққан дисклари орқали кўриб бораман. Концерт давомида бир нарса эътиборимни тортади. Шундай кулгили томошаларни ташкил қилаётган йигитларнинг кўпчилиги турли қочиримли, таг мазмуни қўпол ва ҳатто ўзлигимиз, тарбиямизга хос бўлмаган гап-сўзлардан иборат "мутойиба”лар қилишади. Ана шу гапларга қизларнинг оддий нарсани эшитаётгандек хохолаб туришлари ғазабимни келтиради. Қизиқчилик ниқоби орқали инсонларнинг ўзаро ички муносабатларини тилга олишганда, билмадим, улар нимага эришмоқчи бўлишади-ю, аммо қоғозга ўраб айтилаётган ана шу таг маъноли пайров гапларнинг даррор мазмунини англаб етиб, "оғзини қулоғигача етказадиган” қизлардан жаҳлим чиқиб кетади. Уларнинг орасида ҳатто ҳали вояга етмаганлари ҳам анчани ташкил этади. Ҳали оила кўрмаган, бундай ички муносабатга аралашмаган қизларнинг гўё ҳаммаси оддий, шундоқ ҳам тушунарли бўлгандек кулиб ўтиришлари, наҳотки, сизнинг жаҳлингизни чиқармаса?!

Бир гал қўшним билан бирга Дизайн концертларидан бирини томоша қилиб тургандик. Қаторимизга қўшнимнинг қизи ҳам келиб қўшилди. Орадан қанча вақт ўтса ҳамки, унинг юзида кулгу кўринмасди. Бизнинг бундай таг маъноли гапларга кулаётганимизни кўриб, "нега куляпсизлар ўзи, бу билан нима демоқчи?” деди у. Рости, ўшанда унинг бу гапидан хурсанд бўлиб кетдим. Ана шу кичик "аҳмоқлиги” мени севинтираётганди . Истардимки, ҳамма қизларимиз ана шундай бемаъни фикрлар яширинган ҳазил-мутойибаларни тушунишмаса… Ўзларидаги соддалик, беғуборликка катта саҳналардан туриб айтилаётган ҳар қандай маза-бемаза гапга кулавериб, чанг солиб қўймасин, дейман.

Аббос Исломов, ҳайдовчи

Менга қолса, ана шундай томошаларда қизларнинг иштирок этишига бутунлай қарши чиққан бўлардим, айниқса, соф қизиқчилик йўқолиб бораётган бир пайтда. Балки фикримга қўшилмассиз, аммо шу каби томошаларда қатнашаётган қизларнинг ўзларига ярашмаган, бу ҳам майли, ўзбекона ибо-ҳаё тушунчаларидан йироқ бўлган гапларни айтиб, ғарбона чиқишлари кўпчиликка маъқул келавермайди.

Яқинда ҚВЗнинг Туркистон санъат саройининг ёзги залида ўтказилган концертидаги қизларнинг чиқишини кўриб, тепа сочим тикка бўлди. Бундан ҳам ёмони, томошага келган ёш йигитларнинг кўпчилиги уларга узоқдан "гап ташлаб” туришди. Бу ҳам етмагандек, рақиб гуруҳнинг иштирокчи йигитлари ўша қизларга нисбатан турли кўча сўзларидан фойдаланишганлиги ҳатто кадр ортидан эшитилиб турганди. Балки, бошқалар айри фикрдадирлар, аммо мен шундоқ ҳам қизлар ролини "қойилмақом бажараётган йигитлар” кўпайиб кетганда, биз қизларимизни бундай саҳналарда бемаъни гап-сўзлар ва ҳаракатлар билан кўришни асло истамасдик.

Гувоҳ бўлганингиздек, фикрлар бизни ўйлаб кўришга чақиради. Албатта, ҳеч бир ота-она ўз қизининг турли хил бачканаликларга йўл қўйишини истамайди. Шундай экан, юқоридаги инсонлар ҳам ўз фарзандлари каби ўзгаларнинг фарзанди ҳаётига бефарқ қарашмайди. Бунда, гап биз тилга олган Дизайн, "Миллион” ёки "Comedy.uz”да эмас, аввало, бу томошаларни шунчаки қабул қилаётганимизда. ..

Баъзи қизлар ёнида ўтирган йигитлар, ёши катта кишилар қатори, ҳар қандай бемаъни гапни эшитиб, кулаверишни ўзларига эп кўрган эканлар, биз уларга дакки беришни истамаймиз. Шунчаки, энг буюк гўзаллик соддаликда эканлигини эслатиб қўймоқчимиз, холос.

Фарида ГАДОЕВА




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |