Загрузка...
Главная

Тез тиббий ёрдам хизмати — энди ТЕЗ хизмат кўрсатади 

Ko'rildi: 471 Qo'shildi: 18-03-17

Ўзбекистон Республикаси  Президенти «Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонга имзо чекди.

Ушбу хизмат фаолиятида кузатилаётган камчиликларга тизимда автотранспорт воситалари билан боғлиқ масалалар ҳам сабаб бўлаётгани кўпчиликка маълум. Эндиликда Марказнинг Тез тиббий ёрдам станцияларига автотранспорт хизматини кўрсатиш "Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси” давлат корхонаси томонидан амалга оширилади. Бу эса автотранспорт воситаларининг ҳар доим соз ҳолатда бўлишини ва керакли манзилга ўз вақтида етиб боришини таъминлашга хизмат қилади.

Айни вақтда кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида шошилинч тиббий ёрдам хизмати муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тизимнинг транспорт паркини бойитиш учун давлат бюджети ва бошқа маблағлар ҳисобидан 1200 та тез тиббий ёрдам автомобили харид қилинадиган бўлди.

Тажрибадан маълумки, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш тиббий хизмат сифатини бир неча баробар яхшилаш имконини яратади. Фармонда ушбу йўналишда имтиёзлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда 2020 йилнинг 31 декабригача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатлар бўйича Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари эҳтиёжларини таъминлаш учун олиб кирилаётган юқори технологияли ва телекоммуникация жиҳозлари, бутловчи қисмлар, эҳтиёт қисмлар ва дастурий таъминотни божхона тўловларидан озод этиш белгиланди.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Фармонга кўра, Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази базасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиали ташкил этилади. Агар шу вақтгача ушбу ҳудудда бундай тиббий муассаса мавжуд бўлмаганини назарда тутадиган бўлсак, бу янгилик вилоят аҳолиси саломатлигини сақлаш борасида қандай катта аҳамият касб этишини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта.

Яна бир янгилик – шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тез тиббий ёрдам станцияси унинг туманлардаги кичик станциялари билан бирга, юридик шахс мақомини сақлаган ҳолда, таркибий бўлинма сифатида Марказга берилиши кўзда тутилган.

Президентимизнинг мазкур Фармонида кўзда тутилган эътибор ва берилаётган имтиёзлар, соҳа учун ажратилаётган замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳамда уларнинг ноёб технологик имкониятлари тизим мутахассислари олиб бораётган илмий изланишларнинг савиясини юксак даражада ошириш, шошилинч ҳолатларда диагностика ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш, ривожлантириш ва амалиётга татбиқ қилиш имкониятларини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, даволаш жараёнининг самарасини оширибгина қолмай, стационар даволаш муддатларини ва бунинг натижасида сарф-харажатларни ҳам кескин камайтириши шубҳасиз. Бундан ташқари, ушбу Фармон Марказнинг барча филиалларини энг юксак мезонларга жавоб берадиган тиббий аппаратлар, хусусан, юрак ва қон-томирларнинг ультратовуш доплерографияси, замонавий ангиографик тузилмаси, мультиспирал компьютер томография ва магнит-резонанс томограф аппаратлари билан тўлиқ таъминлаши учун имконият яратади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон ҳамда у билан тасдиқланган ҳуқуқий ҳужжатлар шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги босқичга кўтариш, соҳада илмий-тадқиқот фаолияти кўламини кенгайтириш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлиги, инсон манфаатлари, халқимиз фаровонлиги ҳақида сўз борар экан, бу масалалар доимо давлатимизнинг эътибор марказида бўлиб қолади. Ана шу эзгу мақсадларнинг мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида рўёбга чиқарилиши эса янада аҳамиятлидир.




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |