Загрузка...
Главная

Ота гўри қозихонами, муҳтарам «Озодлик»чилар? Бозорчи хотин бир думалаб бош шифокор, чевар аёл мактабга директор бўлса, ақлга сиғадиган гапм 

Ko'rildi: 955 Qo'shildi: 17-07-17


Ота гўри қозихонами, муҳтарам «Озодлик»чилар? Бозорчи хотин бир думалаб бош шифокор, чевар аёл мактабга директор бўлса, ақлга сиғадиган гапми, бу?!


Кейинги вақтларда давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимига берилаётган алоҳида эътибор туфайли ушбу соҳа жадал ривожланиб бормоқда. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги чекка-чекка ҳудудларда ҳам юксалиб бораётгани барчага аён ҳақиқат.

Аммо бугунги кунда тиббиёт тизимидаги бундай шиддатли ислоҳотларни кўриб туриб кўрмасликка, билиб туриб билмасликка олаётган ёки тан олишни истамаётган, кимларнингдир аравасига чиқиб олиб, "катта оға”ларининг қўшиғини куйлаб, ноғорасига ўйнаётган айрим хорижий оммавий ахборот воситаларининг хурмача қилиқлари сабр косасини тошириб юбормоқда.

Ҳа, яна ўша «Озодлик» радиоси, яна ўша ғаразгўйлик, яна ўша алжирашлар…

Бу галги нишон – Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси, аниқроғи, унинг раҳбари Муҳаррам Қобулова бўлди.

«Озодлик»нинг исми-шарифи нотайин "манба”сининг хабар беришича, бош шифокорнинг тиббиёт соҳасига умуман алоқаси йўқ, у бозорда сотувчилик қилиб юрган савдогар эмиш. Беихтиёр кулгинг қистайди. Бозорчи хотин бир думалаб бош шифокорга айланиб қолса, тикувчи аёл мактабга директор бўлса, деҳқон аёл яна катта бир муассасага раҳбар бўлса, ақлга сиғадиган гапми, бу?! Эҳтимол, Лондон томонларда шунақадир, лекин Ўзбекистонда олиб борилаётган кадрлар сиёсати бундай бемазагарчиликка асло йўл қўймаслиги бор гап. Энг кулгилиси эса, "Озодлик” ўзининг бу иддаосини ўзи инкор этиб, Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг бир неча йиллар мобайнида ВКК комиссияси раиси (таъкид "Озодлик”ники, аслида туман врачлар назорат комиссиясининг раиси) бўлиб ишлагани, пора билан қўлга тушиб, бўшаб кетганини "ошкор” қилади. Қизиқ, пора олган одам жиноий жавобгарликка тортилмасдан осонгина ишдан бўшаб кетаверишига қонун йўл қўйиб берар экан-да? Ким, қаерда кўрган, бунақасини?

– "Озодлик”да таъкидланганидек, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ВКК комиссияси раиси бўлиб ишлаганида пора олиб ишдан бўшаб кетгани ғирт ёлғон, туҳмат ва бўҳтондан бошқа нарса эмас, – дейди ҳамшира Комила Турдиева. – Буни қатъий ишонч билан айтаётганимнинг сабаби, мен ўша вақтларда опа билан бирга ишлаганман. Бир раҳбар аёлга асоссиз тош отиш билмадим, бу радио ходимларига нима учун керак, бундан кўзлаган мақсадлари нима, уларнинг? Майли, ёлғоннинг умри қисқа, нима бўлгандаям "Озодлик”чиларга инсоф ва тавфиқ берсин.

Радионинг ушбу хабарида яна "Шифохонада муҳит жуда ёмон. Шунга жуда кўп шифокорларимиз бошқа жойларга ишга кетиб қоляпти. Олдинроқ еттита шифокор санаторияга ишга ўтиб кетди, яқинда яна учта шифокор кетди. Бир неча ойда жаъми ўнта шифокор кетганини нима билан изоҳлайсиз”, деган таъкидни учратасиз.

– Мен туман тиббиёт бирлашмасида 1999 йилдан 2016 йилгача ишладим, – дейди "Озодлик” таъкидлаган "жуда ёмон муҳит”дан "қочиб” кетиб, ҳозир санаторияда ишлаётган шифокор Зулхумор Тўхтабоева. – Мавриди келиб қолганди, уйимга яқин, ўзимга қулай жойдан иш чиқиб қолди, ўз хоҳишим билан ўтиб кетдим. Бош шифокор бошқа жойда ишлашимга қаттиқ қарши бўлди, рухсат бермаслигини айтди. Лекин қарорим қатъийлигини кўргач, ноилож розилик берди.

Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими бошлиғи Маъруфхон Саидмаматовнинг бизга маълум қилишича, ўн нафар эмас, уч нафар шифокор ўз хоҳиши билан бу ердан бўшаб, ўзига мақбул жойларда фаолиятини давом эттираётган экан.

Икки минг нафарга яқин ходим меҳнат қилаётган жамоа учун наинки ўн, балки, юз нафар шифокорнинг ишдан бўшаб, ишга қабул қилиниши табиий жараён эмасми? Шунга ота гўри қозихонами, энди муҳтарам "Озодлик”чилар?

Биз туман тиббиёт бирлашмасидаги жуда кўплаб шифокор ва ҳамширалар, турли вазифаларда ишлаётган ходимлар билан суҳбатлашдик. Шавкат Исмонов, Салима Исматуллаева, Умида Қирғизова, Комила Турдиева, Наргиза Қамбарова, Жамила Эгамбердиева (бу рўйхатимизни яна узундан узоқ давом эттиришимиз мумкин) шулар жумласидан. Уларнинг барчаси "Озордлик” радиоси тарқатган ахборотга нохолис, ўрганилмаган, бир томонлама, иғво, ғийбат дея баҳо беришди.

– Булар қанақа журналист ўзи? – деди жумладан Жамила Эгамбердиева. – Бутун оммага бир хабарни тарқатишдан олдин унинг ҳақиқатга қанчалик мос эканлигини текшириб кўриш уларнинг бурчи ва масъулияти эмасми? Мард бўлишса, келишсин, кўришсин, кейин хулоса қилишсин, узунқулоқ миш-мишларга таянавермасдан. Бир фуқаро, яна раҳбар шахснинг шаънига мағзава ағдаришга ҳаққи йўқ-ку, ҳеч кимнинг. 27 йилдан буён шу масканда ишлайман. Опа раҳбар бўлиб келди-ю, кўпгина муаммоларимиз барҳам топди. Биринчи навбатда озиқ-овқат масаласини ижобий ҳал қилди, кўриб турибсиз, биноларимизни мана шундай чиройли ҳолатга келтириб, таъмирлатди, хуллас беморлар учун шарт-шароитларни кун сайин яхшилаш ниятида елиб-югуриб, куйиб-пишиб ишламоқда. Тўғри, раҳбар сифатида қаттиққўл, ходимларидан интизом, иш, масъулият талаб қилади. Бу талабчанлик ҳаммага ҳам ёқавермайди, албатта. Аммо бир-икки кишинингфикри катта бир жамоа аъзоларининг фикрини ифодаламаслиги маълум ҳақиқат-ку?!

Холис айтамиз, биз суҳбатлашган чортоқлик тиббиётчилар орасида биргина ҳамшира бўлиб ишлаган Нилуфар Убайдуллаева бош шифокордан кескин норози. Сабаби, раҳбари уни патронаж хизматига тайинлаган. Аммо у астма касали борлигини айтиб, буни рад этган. Бош шифокор эса, ўз навбатида, бу касаллик патронаж хизматида ишлашга монелик қилмаслигини айтган.

Н. Убайдуллаева билан суҳбатлашганимизда, у бош шифокор Муҳаррам Қобуловадан бутун Чортоқ аҳли (!) норози экани, у ишдан бўшаса ҳамма хурсанд бўлишини бизга маълум қилди. Унинг бу фикридан хулоса қилиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Бироқ, шифохонада даволанаётган беморлар, уларнинг яқинлари бу ердаги шароитлар, тиббиёт ходимларининг муносабати-ю муомаласидан хурсанд ва рози эканликларини қайта-қайта эътироф этишди.

Тиббиёт бирлашмасидан чиқиб, кўча айландик. Одамларнинг шифохона ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик. Иттифоқо, тиббиёт фидойиси, узоқ йиллар Чортоқ Тиббиёт коллежини бошқарган, Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳам бўлган Муҳаббат опа Болтабоевани учратиб қолдик.

– Илк фаолиятимни худди шу даргоҳда акушер-гинеколог бўлиб бошлаганман, – дедилар опа бизнинг муддаомизни эшитгач. – У пайтдаги шифохона билан ҳозиргисининг фарқи еру осмонча. Тиббиёт бирлашмасининг бугунги ҳолатини кўриб, кўзингиз қувнайди, дилингиз равшан тортади. Бу ишларда табиийки, ҳозирги бош шифокорнинг ҳиссаси катта. Шу аёлнинг меҳнати сингди. Энг муҳими, халқ рози, бу саъй-ҳаракатлардан. Шифокорларни дуо қиляпти, сидқидилдан раҳмат айтяпти. Шунинг ўзи кифоя, бошқаси чикора…

80 ёшли меҳнат фахрийси Турғунпўлат домла Усмонов эса, бу аёл раҳбар бўлиб келгач, шифохона фақат яхши тарафга ўзгарганини, бундан ҳамма фақат рози, фақат хурсанд эканига эътибор қаратдилар. Бу каби фикр-мулоҳазаларни биз суҳбатлашган чортоқлик ҳамюртларимизнинг ҳаммалари баён этишди.

Энди инсоф билан айтинг, ким ҳақ, ким ноҳақ? Олди-қочди, факт ва далилларга асосланмаган хабарлари билан шундоқ ҳам кун сайин одамларнинг ҳафсаласини пир қилаётган, чўкиб бораётган "Озодлик” хасга ёпишмаяптими, бу тахлит хатти-ҳаракатлари билан? Бизнингча, шундай. Бу аччиқ ҳақиқатни хориждаги ҳамкасбларимизнинг ўзлари ҳам англаб, ҳис этиб туришибди. Аммо…

Шуҳрат ДЕҲҚОНОВ,

Дониёр ЮСУФЖОНОВ,

журналистлар.

Namnews: Ушбу мақола тайёрланганидан сўнг "Озодлик”нинг яна бир кирдикори фош бўлиб қолди. Бизга маълум бўлишича, "Чортоқлик шифокорлар ўз соҳасини тарк этмоқда” деб номланган юқоридаги асоссиз хабарга илова қилинган сурат Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмасига эмас, собиқ "Мингбулоқнефть” корхонасига қарашли бино экан. Бу бинодан бир вақтлар тиббиёт бирлашмаси ички касалликлар бўлими сифатида фойдаланган. Ҳозир бўш ётгани сабабли уни келгусида капитал таъмирдан чиқариб, хўжалик ҳисобидаги бўлим сифатида ишга тушириш режалаштирилган. Ана холос…





Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |