Загрузка...
Главная

Наманганда газ қуйиш шохобчаларида нархлар пасайди, бироқ йўлкира ҳақи тушгани йўқ 

Ko'rildi: 676 Qo'shildi: 05-12-18


НАМАНГАН (Turon24) – Наманган вилоятидаги газ қуйиш шохобчаларида жорий йил 16 ноябрда ўртача 1 850 минг сўмдан 2 100 сўмгача кўтарилган бир кубометр метан газ нархи 24 ноябрдан 1 900 сўмгача тушди Бироқ йўлкира ҳақи тушгани йўқ. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя килиш жамиятлари федерацияси Наманган шаҳар ижро этувчи аппарати раиси Ҳусанбой Алиев маълум қилди.

"Қисқа фурсат давомида кўтарилишга улгурган йўлкира ҳақлари ҳозиргача пасайгани йўқ. Буни бизга келаётган мурожаатлар сони ҳам исботлаб турибди. 30 ноябрнинг ўзида 87 та шикоят қабул қилдик",  дейди у.

Наманган шаҳрида яшовчи Наима Мамадалиеванинг айтишича, илгари "Дамас” машиналарида бир бекатга тушиб-чиқиш 1000 сўм бўлган, ҳозир эса 1500 сўмга кўтарилган. Таксида шаҳар марказидан Тўрақўрғон тумани билан чегарадош кичик туманларга бориш эса 3000 минг сўмдан 4 минг сўмгача ошган.

Ўзини Аҳмаджон деб таништирган йўловчи Наманган шаҳрининг 5-кичик туманидан Нуробод даҳасига қатнов аввал 1000 сўм бўлгани, ҳозирга келиб йўлкира 1500-2000 сўмдан кам эмаслигини айтди.

"Вилоят марказидан Янгиқўрғон тумани марказига енгил машиналар 16 ноябргача 3000 минг сўмдан қатнар эди. Кейин 4 минг сўмга кўтарилди. Газ, бензин қуйиш шохобчаларида газ нархи пасайганини эшитиб хурсанд бўлгандик, афсуски, ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Борди-келди 8 мингга тушяпти. Албатта, бу менга ўхшаш талабалар учун бироз баландроқ нарх", дейди Янгиқўрғон шаҳарчасида яшовчи Ферузбек Эргашалиев.

Ҳусанбой Алиевнинг сўзларига кўра, вилоят аҳолиси томонидан йўлкира ҳақи юзасидан кўплаб шикоятлар келиб тушаётганлигини инобатга олиб, жойларда рейдлар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Яқин орада "Ўзавтотранс” агентлигининг  вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда жойларда "Шартли йўловчи” тадбири ўтказади. Тадбирда асоссиз равишда йўл ҳақини кўтариб олган ҳайдовчилар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилади. Зарур ҳужжатларсиз киракашлик билан шуғулланаётган шахслар ҳам аниқланади.

Вилоят аҳолисидан ўзбошимчалик билан нархларни кўтарган йўналиш ҳайдовчилари ҳақида маълумот тўплашда кўмаклашиш сўралган: рейдлар асосан шикоятлар кўп тушган манзилларда ўтказилади.

Наманган шаҳридан туманларга қатновчи, исмини очиқлашни истамаган ҳайдовчининг таъкидлашича, йўлкира ҳақининг кўтарилиш-тушишини фақат автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидаги метан газ нархига қараб баҳолаш нотўғри.

 "Ўзингиз ўйланг, 16 ноябрдан кейин фақат газ эмас, бензин, электр ва бошқа нарсаларнинг ҳам нархи ошди-ку? Ҳайдовчилар ҳам тирикчилик қилиши, бола-чақасини боқиши керак. Устига-устак, қиш мавсуми келиши билан совуқда "заправка”ларда соатлаб навбатда турибмиз, вақт йўқотяпмиз, буни ҳам ҳисобга олиш керак, дейди.




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar


Ахборот-таҳлилий портали 2016 йилнинг 17 Февралда давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 0005786. Муассис: "Namanganliklar Group" x/k манзили 160100, Наманган шаҳри, Зерабулок кўчаси, 12-уйМатериалларимиздан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда «Фойдаланиш шартлари»га амал қилиниши шарт.
 Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган.
 | |