Загрузка...
Главная

Келиннинг овқатига куни қолган қудалар 

Ko'rildi: 533 Qo'shildi: 06-11-17

Бундай куёв-у қайноталар рўмол ўраб уйда ўтиргани маъқул!

Дугонам Наргизанинг унаштирилгани ҳақидаги янгилик ҳаммани ҳайратда қолдирди. Гуруҳимиздаги энг ёши кичкинаси ва энг шаддод қиз турмушга чиқмоқда. Бу янгиликдан кўпчилик хурсанд бўлса, яна бошқалар хафа бўлгандек, айниқса, ўқитувчиларимиз «Ҳали ёшсан-ку?!» деганча қолди. Ростдан ҳам Наргиза ҳали жуда ёш, гуруҳимизда ундан беш ёш катта қизлар ҳам бор. Лекин улар ҳали оила ҳақида ўйлаб кўришганича йўқ. Ҳозир уларнинг хаёли фақат ўқиш билан банд. Тўғри-да, агар ҳозир биз яхши ўқиб-ўргансак, келажакда етук кадрларни тарбиялашга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Водийга сафар

Мана, курсдошимизнинг тўй куни белгиланган санага уч кун қолди. Биз курсдошлар билан Наргизанинг тўйига, яъни Марғилонга йўл олдик. Қалбимизда қувонч ҳисси жўш урмоқда. Довон оша кўзлаган манзилимизга яқинлашарканмиз, ҳаммамизда бир ажиб ҳис бор эди. Йўлда ҳайдовчи газ қуйиш учун тўхтади, биз эса атрофни кузатиш билан банд эдик. Шунда ногоҳ икки аёлнинг ўзаро гапларини эшитиб қолдим.

— Бу йил тўрт гектар ер олдик, деҳқончиликда ҳам ўзимизни синаб кўрмоқчимиз.

— Вой-бў, намунча кўп?! Ахир оилангизда сиз билан ўғлингиздан бошқа ҳеч ким йўқ-ку!

— Ҳа, шунинг учун ҳам ўғлимни уйлантирмоқчиман. Ҳа-я, меҳнаткаш қизлар борми? Келинликка номзодлардан…

— Борликка бор-ку-я, лекин ўғлингиз ҳали ёш, кейин сиз бирданига нега келин керак, деб қолдингиз?

— Ахир деҳқончилигимизга ёрдамлашиш учун кимдир керак-ку! Кейин ўғлимни уйлантириб қўйсам, ёшлар асал ойи сифатида чўлда «дам олишади»!

Бу суҳбатнинг давомини айтишга ҳам тилим бормайди. Наҳот келин бир хизматчи сифатида керак бўлса?!

Дили ҳам, тили ҳам бошқа инсонлар

Ниҳоят, кўзланган манзилимиз, яъни Марғилонга етиб бордик. Аммо дугонамнинг юзида акс этаётган маъюсликни кўриб, қўлтиғимиздан тарвузимиз тушиб кетди. Энг ачинарли ҳолат, Наргизанинг онаси тўй ташвишлари сабаб анча чарчаб қолибди. Бизга бахтиёрдек кўринишга ҳаракат қилса-да, аслида, ундай эмасди. Наҳот тўй, хурсандчилик тантанаси бечора ёлғиз аёлни шу кўйга солса?! «Водий тарафларда қиз узатиш қийин, қизлар ҳам «текин», яъни қалин пули деган нарсалар йўқ», деган гапларга ҳеч ишонгим келмасди. Лекин бу сафар ўз кўзим билан кўриб, бу гаплар тўғрилигига амин бўлдим.

Бир гул мисоли қиз болани тарбиялайсан, уни авайлаб, вояга етказасан. Энди унинг дийдорига тўядиган, ундан баҳра оладиган пайтинг бир инсон келиб, уни олиб кетади. У ҳам майли, яна бир олам сарпо-суруқ, аниқроғи, энг олди, чет элнинг қимматбаҳо алламбалолари билан.

Водийда келин олиш — куёвнинг уйларини мебелу жиҳозлар, идиш-товоқлару кўрпа-тўшакларга тўлдириш дегани экан. Булар ҳам етмагандек, бўлажак турмуш ўртоғининг етти уруғ-аймоғига ҳам бир қатор кийим-кечак қилиш қаердан чиққан қонун? Бунчалар дабдабабозликнинг кимга кераги бор? Уч хонали уйни келин тўлдириб бериши керак. Ундан ташқари, ошхонасида йўқ буюмларни ва жиҳозларни ҳам келин бўлмиш олиб келиши лозим. Бўлмаса, қайнонанинг «Сепли келин олмабман-да!» деган кинояли гапининг тагида қолиб кетади. Донишманд халқимизнинг «Сепли эмас, эпли келин ол», деган сўзлари наҳот барчанинг ёдидан кўтарилиб қолган?! Шулар дилимни оғриқли дард каби азобларкан, «Майли, бахтли бўлса бўлди-да», дея ўзимни овутмоқчи ҳам бўлдим. Лекин «Бировнинг сувига таҳорат қилиб, намоз ўқигандан кўра ўқимаган маъқул», деган мақолни ёдга олгим келди…

— Холажон, наҳотки бир тўй учун шунча сарф-харажат қилиш керак, ахир қизингизнинг бахти мана шундай матоҳлардан иборат эмас-ку?! Наҳотки ёлғиз аёллигингизни била туриб қудаларингиз шунча сеп қилдираётган бўлишса?! Куёв тарафдагилар тўй учун нимадир ёки бўлмаса, келинга қалин пули беришадими? — деди бир курсдошим ўз онасини кўз олдига келтириб.

— Биз тарафда қизларни бир қатор кийим билан узатишади, холос. Шунда ҳам яхшигина қалин пули беришади. Ота-онаси шундай қиз вояга етказгани учун тўйдаги барча сарф-харажатларниям куёв тараф кўтаради. Наҳот сизларда ундай эмас?! Ахир қиз узатяпсиз-ку, унинг сарполарини эмас. Йигит киши аёл киши уйидан кўтариб келган диванда ухлашга, унга сарпо сифатида қилинган кийимларни кийиб юришга уялмайдими? Одамлар мол-дунёга ўч экан. Булар бахт олиб келмайди-ку! — деди ҳайратини яширолмаган хоразмлик дугонамиз Хосият.

«Қачон қудамизнинг овқати келар экан-а?!»

Жуда ҳам дабдабали ўтган тўйнинг эртаси куни саҳарлаб холажонимиз овқат қилишга киришиб кетгани бизни таажжубга солди.

— Тинчликми, хола? Биз эрталабдан овқат емаймиз, — деди яна хоразмлик курсдошимиз.

— Қизларим, бу овқат дугоналарингга. Энди мен уни ва куёвимизни қирқ кун шундай овқат билан сийлашим керак!

Бу қандай одатки, шўрлик аёл қизини узатгандан кейин ҳам уни ва янги оила аъзоларини қирқ кун боқса?! Келин бўлиб тушган хонадонда эркак киши йўқ эканми?! Янги келиннинг онасидан нон ва овқат кутиб ўтириш наҳотки эркак кишининг ғурурига тегмаса?! Ундан кўра, рўмол ўраб, уйда ўтирсин! Яна ҳар хил тансиқ таомлар юборишини айтиб, қўнғироқ қилиш чегарадан чиқиш дейилмайдими? Бечора аёлнинг шу куни турли таомларни чиройли қилиб ўратиш учун озгина пул етмаётгани сабаб пул сўраб кирмаган хонадони қолмади. Буни ҳеч бўлмаса, куёв тушунса бўлади-ку?! Тўғри, бу ёқдаги вазиятни куёв қаёқдан билсин, дея бўлажак поччамизни оқламоқчи бўлдим. Аммо… шу ўринда бир мақолни келтириб ўтмасам бўлмас: «Қиз чиқарган хонадонга қирқ йил тегма». Қаранг, қуда тараф ҳеч нарсага ва ҳеч кимга тегинмаяпти, фақат қўнғироқ қилиб, овқат қачон олиб келиниши ва қандай таом келтиришларини айтяпти, холос!

Пайғамбаримиз (с.а.в.) қизлари бўлмиш Фотима онамизни фақат бир қатор кийим ва қовғалардан тўқилган бир кўрпага ўхшаш нарса билан турмушга узатган экан. Куёвларига ҳам битта тўн берганлар.

Бугунга келиб шу нарсалар жуда ҳам дабдабли бўлиб кетди. Қизларининг сепига ҳатто кир ювиш машинаси, совитиш ва иситиш мосламаси ҳамда куёв болага янги машина ҳам совға қилишмоқда. Ҳозир баъзи инсонлар ким ўзарга мол-дунё йиғиб, уни тўйларга сочишдан бошқа нарсани билмаяпти!

Аянчли якун

Мана, дабдабали тўй ўтганига ҳам икки ой бўлибди. Икки кун аввал Наргиза билан гаплашиб қолдим, негадир кайфияти йўқ. Нима бўлганлигини сўрасам, уйга қайтиб келганини айтди. Бунга онасининг унга чет элнинг мебелию кийим-кечакларини сеп қилмагани сабаб бўлибди! Наҳот шу буюмлар инсонларнинг ҳаётига бахт олиб келса?! Агар шундай бўлганида эди, бугун ажримлар сони камайган ва айрим орзу-ҳавасли, кўпнинг ортидан эргашувчи оилалар аттанг қилиб қолишмаган бўларди…

Ҳурматли мухлислар, сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай? Хатларингизни кутамиз.

Шоҳсанам МИРЗАОЛИМОВА

("Ҳордиқ плюс” газетаси хазинасидан)




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |