Загрузка...
Главная

​Аввал иш билан Кореяга, кейин ҳижратга йўл олганлар 

Ko'rildi: 672 Qo'shildi: 01-06-17

Сарварбек Ҳамроқулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам яхши ниятлар билан Ўзбекистон республикаси Меҳнат вазирлигининг йўлланмаси асосида Корея республикасига ишга жўнади. У дастлаб Кимхе шаҳридаги кема эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи заводда иш бошлади. Аммо у ернинг меҳнати оғирлиги туфайли автомашина эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарадиган заводга ишга ўтди. У заводда ишлаётганда, шу ерда ишлаётган бир нечта ўзбек йигитлари билан танишди. Бир куни мазкур заводда бирга ишлайдиган қашқадарёлик Рустам деган йигитдан Кореяга Туркиядан диний олим, Абдулло Бухорий исмли шахс келиб, диний маъруза ўқиб кетгани ҳақида эшитди. Сарварни илгари ҳам диний мавзулар қизиқтиргани боис унинг гапини қизиқиш билан тинглади.

– Рустам, Бухорий домланинг маърузаси жуда қизиқ бўлса керак-а? – деб сўради Сарвар шеригидан.

– Ҳа, жуда қизиқарли нарсалар ҳақида гапирди, истасанг, биз билан шаҳардаги "Покистон” жомъе масжидига қатнашинг мумкин, у ерда ҳамюртларимиз жуда кўп, тез-тез диний маърузалар бўлиб туради, – деди Рустам.

Шундан кейин у Рустам билан намоз ўқиш учун Кимхе шаҳридаги "Покистон” жомъе масжидига қатнай бошлади. У бу ерда жуда кўп ўзбекистонлик йигитлар билан танишди. Шулардан бири бўлган Ҳайдар исмли йигит намозхонлиги билан жуда ҳам кўнглига ўтирди. Ҳайдар футболга қизиққанлиги сабаблиги футбол жамоаси тузганлигини, истаса уни ҳам қўшиб олиши мумкинлигини билдирди. Суҳбат жараёнида Ҳайдарнинг укаси Холдор ҳам шу ерда ишлашини, айни пайтда у Саудия Арабистонига Умра сафарига кетганлигини билиб олди. У сафардан қайтганида Сарвар Холдор билан яқиндан танишиб олди. Барча ўзбекистонлик йигитлар уни диний билимга эгалиги учун қаттиқ ҳурмат қилишарди. Умра сафаридан қайтганидан кейин йигитлар ундан диний таълим беришни илтимос қилишди.

– Бўлмаса, ҳафтанинг ҳар шанба куни Амруллонинг ижара уйида йиғиламиз, мен сизларга диний сабоқ бераман, – деб рози бўлди Холдор.

Шундан кейин йигитлар ҳар шанба куни ишдан кейин Амруллонинг уйига тўпланиб, "Муаллими соний” ва "Тажвиддан” таълим ола бошлашди. Холдор намозни қироаат билан ўқигани боис уни "Ал-Тақво” жомъе масжидига имомликка таклиф этишди, шундан кейин у намозда имомлик қиладиган бўлди. Сарварнинг диний таълим олаётганини эшитиб, унинг танишлари сурхондарёлик Нажмиддин, Бекназар ва андижонлик Абдусаматлар ҳам унинг сафига қўшилди. Орадан бир ойлар ўтганидан кейин Сеул шаҳрида ишловчи ўртоғи Азиз ҳам ишдан бўшаганлиги туфайли ундан иш сўраб қўнғироқ қилди. Сарвар уни ҳам олдига чақириб, ўзи билан дарсга олиб қатнай бошлади. Уларнинг сафи кенгайгандан кенгая бошлади. Энди йигитларга ижара уй торлик қила бошлагани боис, "Покистон” жомъе масжидининг тепа қисмида жойлашган хонадонни ижарага олишди. Улар айнан Абдулло Бухорийдан таълим олиш мақсадида интернетдан унинг манзилини топиб, дарс ўтишни сўраб, мурожаат этишди. Аммо Абдулло Бухорий вақти йўқлиги туфайли, агар улар хоҳлашса шогирди, қирғизистонлик Аҳлиддин скайп орқали дарс ўтиши мумкинлигини билдирди. Улар рози бўлгач, ҳафтанинг ҳар якшанба куни интернетда скайп орқали Аҳлиддиндан сабоқ ола бошлашди. Улар "сабоқ” вақтида Сурияда бўлаётган жангари ҳаракатлар акс этган видеоларни томоша қилишди, мусулмонларнинг бирлашиши ва Ўзбекистон республикасидан "ҳижрат” қилиб чиқиб, Суриядаги мужоҳид биродарларга бирлашиш, "жиҳод” амалларини бажариш каби даъватларни тинглашди. Кореяда ишлаётган йигитлардан бири Шерзоднинг Туркияга кетиб, у ердан Сурияга ўтганлиги, айни пайтда "Абдулло Бухорий” катбасига қўшилганини, кофирларга қарши жанг қилаётганини, унинг интернет орқали ҳарбий кийимини мақтангани акс этган видеони томоша қилишди. Орадан кўп ўтмай, Шерзоднинг ҳалок бўлгани, ҳарбий кийимда дафн этилаётгани акс этган видео кўрсатилди. Холдор ҳаммага ҳам Шерзодники каби шаҳидлик ўлими насиб этишни тилади.

Сарвар нима мақсадда Кореяга келганини унутиб, турли ғоялар таъсирида диний таълим олишга муккасидан кетди. У террорчилик ташкилотининг етакчиси "Абу Салоҳ” исмли номаълум шахс томонидан гуруҳ фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида яратилган "Жаннат ошиқлари” номли сайтга аъзо бўлди. У ерда Суриядаги жангариларнинг амалиёти ва уларнинг Ер юзида ягона халифалик давлатини барпо этиш мақсадида мусулмон биродарларни жамлашга қаратилган даъватларидан илҳомланиб, мазкур террорчилик ташкилотининг таркибига кирувчи "Тавҳид ва жиҳод” гуруҳига аъзо бўлди. Сарварнинг онги ақидапарастлик ғоялари билан заҳарланиб, шериклари билан бирга террорчилик ташкилотининг фаолиятини қўллаб қувватлаган ҳолда, Корея республикасидан "ҳижрат” қилиб, чиқиб кетишни режалаштирган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди.

Тергов жараёнида унинг жамоат аъзолари билан бирга "байтулмол” сифатида пуллар йиққани, мазкур йиғилган моддий маблағ Абулло Бухорий томонидан Туркия давлатининг Истамбул шаҳридаги "Зайтунбурна” мавзесида жойлашган "Эҳсон-илм ёрдамлашма дарнаги” номли мадрасанинг фондига, Ер юзида ягона халифаликни ташкил этиш мақсадида террорчилик фаолиятидан сабоқ олаётган биродарларига юбориш билан шуғулланганлиги ҳам маълум бўлди. Унинг шериклари бўлган Ҳайдар, Холдор, Азиз, Нажмиддин, Бекназар, Абдусаматлар ҳам қўлга олинди. Азизнинг ноутбуги текширилганда, "Абдулло қори”нинг жиҳодга чорловчи ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузалари, Ўзбекистон республикаси ҳудудига олиб кириш мумкин бўлмаган маълумотлар топилди. Улар суднинг қора курсисига ўтириб, йигитларга нисбатан узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Яхши ният қилиб, пул топиш илинжида чет элга жўнаган йигитларнинг қўлларига кишан солинди. Аслида Ислом дини одам ўлдириш, зулмкорлик ва бировга ёмонлик қилишни қоралайди. Ёвуз ниятларини амалга ошириш учун динни ниқоб қилган шахслар эса ёшларнинг соддалигидан фойдаланмоқда. Мазкур мақолани ёзишдан мақсадимиз ҳам жамоатчиликни халқаро терроризм муаммосининг оммавий тарзда тарқалаётганидан, умумдунёвий таҳдид характерига эга бўлаётганидан, тинч яшаётган кишиларга жисмоний ва маънавий тазйиқ ўтказаётганидан огоҳ этишдир.

Ўзбекистон республикаси ИИВ ҳузуридаги
Тергов департаменти катта терговчиси, 
майор Дониёр Қамбаров
Лола Шоимова, журналист




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |