Загрузка...
Главная

Bilib bosilgan tikon 

Ko'rildi: 3460 Qo'shildi: 30-10-12
Bilib bosilgan tikon

Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини таъминлаш асосий қадриятга айланган. Ушбу даврда, одам савдоси деб аталмиш мудҳиш иллат ноқонуний қурол савдоси, гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний муомаласи каби оғир оқибатларни келтириб чиқараётгани сир эмас.

Одам савдоси – инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда ҳар йили 2 миллион 700 минг киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Ҳар йили 600-800 мингтача аёллар ва болалар алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгач, тадбиркорлик, хусусий бизнесга кенг йўл очилди, хорижий давлатлар билан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда ҳамкорлик ўрнатилди, юртимиз фуқароларининг хорижий мамлакатларга бемалол чиқишлари учун имконият ва етарли шарт-шароитлар яратилди. Афсуски, айрим шахслар бундай шарт-шароит ва имкониятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, фуқароларимизни турли алдов ва фирибгарлик билан ҳорижга олиб чиқиб кетишга уринмоқдалар. Бунинг оқибатида юртимиз фуқаролари ҳам одам савдоси қурбонига айланмоқдалар. Қуйидаги кўнгилсиз воқеалар фикримизнинг исботидир.

Ҳамма ўз юмушлари билан банд. Бироқ қора сумка кўтариб олган икки аёл Анзират ва Ферузалар (исмлари ўзгартирилган) негадир безовта. Кўзлари атрофга олазарак боқади. Уларнинг мақсади тезроқ арзон ишчи кучи топиш ва бундан мўмайгина фойда кўришдан иборат. Анзират ва Феруза қабиҳ мақсад йўлида ўзаро тил бириктиришиб, жиноий тўда туздилар. Ёши 40-50 ни қоралаб қолган бу аёллар тинчгина уйларида ўтириб, фарзандларига бош бўлишлари, ўғил-қизларини уйлаб-жойлаб, орзу-ҳавас кўришлари мумкин эди. Бироқ улар одам савдоси билан шуғулланиб, жиноятга қўл урдилар ва оқибатда суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур бўлдилар. Бу икки аёл фирибгарликда шайтонга дарс берадиган чиқиб қолишди. Улар моддий томондан қийналган қиз-жувонларни йўлдан уриб кун кўришни ўзларига касб қилиб олишди. Шунчалик устаси фарангга айланишдики, аёлларнинг ишончига кириб, илондай авраб ташлашди. Бош-кўзи айланиб, пул сеҳрига учган айрим юртдошларимиз билиб-билмай уларнинг тузоғига илиндилар.

Бойлик олдида дийдаси қотган, бойликни инсон қадр-қимматидан устун қўйган бу кимсаларнинг қилмишларини кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Уларнинг аврашларига кўра кимки бой бўлишни истаса бас. Бунинг учун Анзират ва Ферузанинг айтган жойига борилса, бироз ҳаракат қилинса бўлгани, чунки улар айтган жойда пул ёмғирдай ёғилади. Қулай шароит, мўмайгина маош муҳайё. Бироқ ҳеч ким уларнинг бу ғаразли ниятлари остида нималар ётганини билмайди, Акс ҳолда бу фирибгарларнинг алдовларига учиб айрим юртдошларимиз чув тушмаган бўларди. Икки фирибгар излай-излай тузоқларига Равшанойни илинтиришди. "Исмингиз жисмингизга монанд экан, ҳуснда маликалардай экансиз” деб уни хўп мақташди. Унга ойига уч-тўрт юз минг сўм, ҳатто ундан ҳам кўп пул топиши мумкинлигини, яхши турар жой ва иш борлигига ишонтиришди. Бечора қиз уларнинг ёлғон гапига лаққа тушиб, таклифига кўнди. Равшаной шу тариқа Анзиратнинг уйига келиб қолди. Бечора қиз ундан фоҳиша сифатида фойдаланишларини билмаган эди...

Анзират ва Фурузалар ўз тўрларини шу тариқа кенгайтириш пайига тушдилар. Ҳар ойда 300-400 минг сўмдан маош берилиши, қулай шарт-шароит, жаннатмонанд хоналар ҳақида оғиз кўпиртириб мақташга тушдилар. Уларнинг пул дарахт баргларидай ёғилиши ҳақидаги сўзларига ишонган Роҳатой, Нозима ва Нортожихонлар Анзират яшаётган шаҳарда ишлашга қандай розилик берганликларини билмай қолдилар.

Алданган қизлар манзилга етиб келишгач, Анзиратнинг кўрсатмаларини кутишди. Уларга ажратилган хонани тартибга келтириш ва ўзларига оро бериш буюрилди. Бир пайт Анзират кимларгадир қўнғироқ қилди.

- Ҳа, оповси жонидан, улар узилмаган ғунчалардан. Фақат баҳоси қимматроқ. Муллажирингдан кўпроқ олиб келасиз-да, - деди Анзират ҳиринглаб.

Орадан бироз ўтгач уйга икки нафар нотаниш йигитлар кириб келишди. Салом-аликдан сўнг хонадон бекаси қизларга йигитлар билан бирга бўлишларини айтганда қиёмат-қойим бошланди.

- Ахир бизга ошхонада официантлик ёки дўконда сотувчилик қиласизлар дегандингиз-ку?

- Қанақа официантлик? Қанақа сотувчилик? Бу сотувчилик бўлмай нима? Овозларингни ўчиринглар! Қўшнилар эшитади. Қолаверса сенларни бу ерга ҳеч ким мажбурлаб, оёқ-қўлларингни боғлаб олиб келгани йўқ. Қишлоққа қайтгач, шунча эркакнинг ичидан соғ чиққанларингга ким ҳам ишонарди. Бўлди, тихирликни бас қилинглар! - деди бека шанғиллаб.

Йиғи-сиғи бошланди. Қизлар зўр бериб қаршилик кўрсата бошладилар. Норасмий фоҳишахона бекаларининг овозини ўчирадиган мутасаддилар, яхши инсонлар топилди. Воқеага ички ишлар ходимлари аралашишди. Маълум бўлишича, бағритош қўшмачилар турли жойлардан мана шундай алдов йўли билан одам "овлаб” кун кўришга одатланган эканлар. Улар эркаклардан пул олиб, уларни енгилтак аёллар билан бирга бўлишлари учун шароит яратиб берганлар.

Суд жараёнида ҳар иккала фирибгар ҳам ўз айбини хаспўшлашга ҳаракат қилди. Суддан ва жабрланувчилардан кечирим сўрашиб, қилмишларидан қаттиқ пушаймон эканликларини айтишди. Бироқ ғишт қолипдан кўчганди. Анзират ва Феруза қилмишларига яраша жазоларини олишди.

Иккинчи воқеа эса Шоиранинг ҳаётида рўй берди. У Тошкентдаги Қўйлиқ бозорига боришни орзу қилмаганида бу балога йўлиқмаган бўларди. Бирдан Набижон осмондан тушгандай Шоиранинг ёнида пайдо бўлиб қолди.

- Қўйлиқ бозоригами? Мана мен сизни олиб бораман-да. У ерда менинг Акром деган танишимнинг уйи бор. Ишингиз битгунича унинг уйида бемалол яшашингиз мумкин, - деди Наби тилёғмалик билан.

Аслида Акром Набининг жиноий тил бириктирган ҳамтовоғи эди. Улар анчадан буён содда аёлларни алдаб, фоҳиша сифатида пуллашни режалаштирган эдилар. Шундай қилиб Наби Шоирани алдаб-сулдаб, айланма йўллар орқали чегара ҳудудига олиб келиб, жиноий шериги Акром билан биргаликда Қирғизистон ҳудудига олиб ўтиб, шахвоний мақсадларини кўзлаб 325.000 сўм пул эвазига сотиб юборишди.

- Иш пишди! Ўрага сичқон тушди гулдур гуп! – деди Наби қувониб.

Афсуски, улар чучварани хом санаган эдилар. Боиси чегара худудида одамлардан фойдаланиш учун уларнинг ёллаш билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиши бўйича тезкор тадбир ўтказаётган ички ишлар бўлими ва МХХ туман бўлими ходимларининг хушёрликлари туфайли кўнгилсиз воқеанинг олди олинди. Ушбу холат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорга нисбатан тегишли чора кўрилди ва жабрланувчининг соғ-саломат уйига қайтишлиги таъминланди.


Ҳабиба ЎКТАМ.
Manba: Hayol.Uz



Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 4
avatar
6
judayam yomon iloyim bunaqaladan Olloxim saqlasin
avatar
7
Nima birin4i
avatar
8
Hm.m
avatar
9
man birinchi biggrin
avatar


Ахборот-таҳлилий портали 2016 йилнинг 17 Февралда давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 0005786. Муассис: "Namanganliklar Group" x/k манзили 160100, Наманган шаҳри, Зерабулок кўчаси, 12-уйМатериалларимиздан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда «Фойдаланиш шартлари»га амал қилиниши шарт.
 Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган.
 | |