Загрузка...
Главная

Nafs yo'lidagi uchovlon "Qiz o'g'rilari" 

Ko'rildi: 5744 Qo'shildi: 20-07-12
Nafs yo'lidagi uchovlon "Qiz o'g'rilari"

Шаҳарга бир "чигил ёзди” учун келган уч оғайни, бу "ҳордиқ”нинг ўзларига жуда қимматга тушишини билмаганди. Йўқса, бир ожизанинг ҳаётига тажовуз қилишга журъат ҳам қила олишмаган бўларди...

Эрталаб Анварни уйқудан уйғотган хотини икки оғайниси келганини билдирди. Ким экан, деб норози оҳангда ғўнғиллаган Анварга ўртоқлари Нодир ва Салим келганини айтиб, "ўлсин шу саёқ оғайниларингиз ҳам”, деб қўйди. У хотинига ёмон қараб, ўрнидан турди. "Эрталабдан шаҳарда нима бор-а? Иккаласи ҳам кечаси билан ухламай чиққанми?” деб ўйлади Анвар кечаги келишувни эслаб. Бироздан сўнг ҳовлига чиққан Анварга ўртоқлари тез машинангни олиб чиқақол, деб буюрди... Бироздан сўнг йўлга чиққан уч оғайни машинада шаҳар томон елиб борарди.

– Уфф, бу қишлоқ ҳавосидан одам жуда безиб кетди-ку, – деб оғайниларига қаради Салим жим кетмаслик учун. Чунки ҳеч бири эрталабки уйқудан туймаган эди.

– Нимасини айтасан, – деди Нодир ҳам бир эснаб қўйиб. – Яхшиям шаҳар деган нарса бор экан. Ҳар замон, ҳар замон чиқиб чарчоғингни ёзиб келгани...

– Нима, қишлоқда биров сенларни итдек ишлатяптими? – суҳбатга аралашди Анвар. – Иккалангнинг ҳам тайинли бир иш билан шуғулланганингни кўрмадим-да ҳеч.

– Э, сенам қизиқсан, нимаям қилардик, мана, Нодирнинг уйда ёнбошлаб ётиб, телевизор кўришу, хотини билан жанжаллашишдан бошқа иши йўқ. Деярли менам шу, – деди Салим хохолаб.

– Шундай бўлгач, баъзида хотиннинг олдидан чиқиб, бир "ўтлаб” келмасанг, кун ўтказиб бўлармиди?..

Ана шундай бетамиз суҳбат билан вақтни ўтказиб шаҳарга ҳам етиб келдилар. Анварнинг шаҳарда баъзи ишлари бор эди. Тушгача унинг кетидан юрган икки оғайнининг тоқати тоқ бўлди. Тушлик қилиш учун кирган ошхонанинг ўзида улар "тап-тайёр” бўлиб олишди. Шундан сўнг бироз кўчаларни бемақсад кезиб юрган оғайнилар қилар ишининг тайини бўлмай, бир амаллаб кеч қилдилар. Улар "ўлжа”ни қўлга киритиш учун тунни кутишарди. Ниҳоят ғира-шира қоронғулик босаётганда, шаҳардаги кўзга кўринган тамаддихоналарнинг бирига танда қўйишди. Зиёфат, майшат бошланди. Кетма-кет ичкиликлар ўз таъсирини кўрсатаётган оғайниларига Анвар қўшилолмаётганидан афсус чекарди. Ахир ичкилик ичиб, рулга ўтиришдан ҳозирча уни нимадир тортиб турарди. Бўлмади. Жуда уларчалик бўлмаса-да, яхшигина отиб олган Анвар ҳам тезда майшатнинг "хўроз”ига айлана бошлади. Одам аҳмоқлик қилиш учун ичади, деганди кимдир. Мана, ўша нуқтага етиб келинди.

– Эй, ўтираверамизми энди шунда-ай, бир нарса қилсаларинг-чи, ярамаслар, – деди Нодир кўзларини сузиб, шерикларига қараркан.

– Ўзларидан бўлсин, деяпмиз-да ташаббусни. Қани акаси, туринг-чи, ким айтади сизни шаҳар кўрган деб, – деди Салим уни туртаркан.

– Нима мен, мен... шаҳарда ўқидим, деб сизларга "крайний”манми энди? Ана, Анвар турсин, ўзини кўрсатсин-чи. Тез-тез шаҳарга келади. Ҳар гал мен сизларга қўшмачилик қилмайман-ку, – деб Нодир ичиш учун қўлига яна қадаҳ олди. – Ўлиб қолмасимиздан ҳал қилиш керак, оғайнилар. Келинглар, дадиллик учун яна битта-биттадан олайлик. Кейин Анвар туриб ишни бошлайди.

Ичдилар. Атрофда одам кўп. Вақт ҳам алламаҳалга яқинлашяпти. Бу ерда ҳар хил қизлар ҳам кўпайиб қолди. Оғайнилар бирортаси билан гаплашишни бир-бирига солиб турганларида, тўсатдан ёнларига иккита қиз яқинлашиб, мулойимлик билан "шу ерга ўтирсак бўладими, бошқа жой йўқ экан” дейишди. Оғайнилар маъноли нигоҳ билан бир-бирларига қарашди ва қизларга:

– Бажонидил, бизнинг жойимиз кенг, ҳаммага етади, марҳамат, – дейишди бошдан-оёқ улардан кўз узмай.

– Фақат биздан қўрқмайсизларми? – деб маъноли тарзда гап отди Нодир энди ташаббусни ўз қўлига олмоқчи бўлиб.

Қизлар ҳеч иккиланмасдан ўтирдилар ва унга қараб:

– Нега қўрқамиз? Ҳаммаям одам. Нима, бизни еб қўймассизлар, – деди бир-бирига қараб кулганча.

"Зап бизбоп қизлар экан”, деб ўйлади Салим ичида. "Иш битаман деса, ҳеч гап эмас-да”. У ҳам ўзининг борлигини кўрсатиб қўйиш учун олдидаги ликопчаларни қизларнинг ёнига сураркан, қўлига қадаҳларни олди.

– Қани, қизлар, қиттак-қиттак қилиб, танишганимизни бир ювайлик энди.

– Ҳали сиз билан танишганимиз йўғ-у, – деб қизлар беор кулишди. – Майли, бир эриб меҳмон қиламиз, десанглар, розимиз, лекин биз ичмаймиз-да.

– Ие, ҳали шунақами? – деди Анвар ҳам суҳбатга аралашиб. – Ичмасанглар қандай қилиб давранинг гулига айланасизлар?

– Биз айланаверамиз шундоқ ҳам...

Суҳбат қизигандан-қизиди. Йигитлар қизларнинг олдида бир-бирига гап бермай ўзини кўрсатиш билан овора. Қизлар эса қишлоқдан келган бу "мишиқи”ларнинг устидан ўзларича кулиб ўтиришарди. Бироздан сўнг, қорин ғами кетгач, қизлардан бири ташқарига чиқиб келиш баҳонасида ўрнидан турди. Кетидан иккинчиси ҳам унга қўшилди. "Биз ҳозир келамиз, ҳеч қаерга қочиб кетманглар”, деган қизларнинг ҳийласидан бехабар йигитлар уларни роппа-роса бир соат кутдилар. Ҳар учаласи навбатма-навбат уларни излаш учун чиқиб келдилар. Ерга кирганми, осмонга чиққанми, қизлар йўқ эди. Ўзларини боплаб кетганликларини билган йигитлар алам ўтида қовриларди. Бу алам ичкиликнинг таъсирини ҳам оширгандек бўлди. Тамаддихонадан чиқиб кетаётган йигитлар ўзлари еб-ичганларидан ташқари, қизлар учун яна ўн беш минг сўм қўшимча пул тўладилар. Бундай алданиб қолаверишни истамаган йигитлар қизларнинг қаерда яшашини ўзларича тахмин қила бошлашди. Чунки боя қизлардан бири телефон орқали гаплаётганида кимгадир манзилини айтаётгандек бўлганди. Шуни эслаган Анварни кўкларга кўтарган оғайнилар ҳеч иккиланмай ўша жойга боришни таклиф қилишди.

Шаҳарнинг одатда гавжум бўладиган миттитуманларидан бири. Лекин ҳозир кеч тушгани учунми одам анча сийраклашган. Оғайнилар машинада ҳар бир уйнинг қаршисида тўхтаб, диққат билан кузатарди. Гуёки ҳозир олдиларидан ўша қизлар "мана биз” деб чиқиб қолишадигандек. Манзилни эслай олганлари билан уйнинг рақамини билмасдилар. Шу боис атрофда юрган ҳар бир одамни кузатарди. Шунда ҳозиргина қаршисида тўхтаган уйдан чиқиб келаётган бир қизни кўриб, улар бирдан ҳушёр тортишди. У худди боягина ўзларини лақиллатиб кетган қизлардан бирига жуда ўхшади. Бироз уни орқасидан кузатиб тургач, пайт пойлаб, Нодир билан Салим машинадан тушишди. Одамлар йўқлигидан фойдаланиб, улар қизга яқинлашди ва ҳеч иккиланмай унинг орқасидан бориб оғзини беркитиб, ҳаш-паш дегунча кўтариб машинага ўтирғиздилар. Қиз жонҳолатда типирчилар, нима юз бераётганини англашга улгурмай ўзини бегона одамлар қўлида ва машинанинг ичида кўрди. Буни кўриб турган Анвар аввалига қўрқиб кетди ва шошганидан нима қилишини билмай қолди.

– Кетдик, галварс, газни бос, тез, – деб Салим орқа томондан елкасига туртганидан сўнг тезлик билан машинани жойидан қўзғатди. Шунда Нодир:

– Тўхта, тўхта... пастда шиппагим тушиб қолибди, олиб келай, – деди.

Буни эшитган Анвар машинага кескин тормоз берди. Йигитлар ичкилик таъсириданми, нима қилаётганларини англайдиган аҳволда эмасдилар. Шиппагини олиш учун пастга отилган Нодир бир мункиб кетди ва тезда ўрнидан туриб қизни олган жойларига қараб чопди. Қоронғилик ичидан бир амаллаб шиппагини топиб, оёғига энди илган ҳам эдики, орқасидан кимдир келиб биқинига қаттиқ мушт туширди. У яна мункиб кетиб, ерга юзтубан йиқилди. Буни кўрган машинадагилар ҳай-ҳай деганга ҳам қарамай тезлик билан машинага газ бериб, қочишга тутиндилар...

* * *

Ҳилола кечки овқатни еб бўлгач, "Пайнет”га бориб келишни режалаштирганди. У уйдан чиқиб кетганидан сўнг, онаси акаси Аббосни ҳам:

– Синглингнинг орқасидан чиқ, кеч тушиб қолди. Кўчада ҳар хил одам кўпайган. "Пайнет”дан менинг телефонимга ҳам бироз пул ташлаб, бирга чиқинглар, – деб уйдан чиқариб юборди.

Ҳилола эндигина пастга тушиб, "Пайнет” томонга юрганида орқасидан кимдир келиб уни маҳкам ушлаб олганидан сўнг бирдан ўзини йўқотиб қўйди. Нима бўлаётганини ақлидан кечиришга ҳам улгурмай, қўрқувдан жонҳолатда бақириб юборди. Уйдан эндигина чиқиб келаётган Аббос синглисини икки киши мажбурлаб машинага тиқишаётганини кўриб қолди. Бироқ у етиб келишга улгурмай машина жойидан қўзғалди ва негадир бирдан тормоз бериб тўхтади. Кимдир машинадан пастга отилиб тушганини кўрган Аббос биринчи бўлиб шунга мушт тушириб, кейин машинага бораман деб ўйлаганди. Бироқ кутилмаганда машина тезлик билан жойидан қўзғалиб, шамолдек учиб кетди. Аббос йиқилган одамнинг ёнига борди. Ундан бадбўй ароқ ҳиди келиб турарди. Аббос бу одамни аямай уриб, тепа бошлади.

– Синглимни қаерга олиб кетдинглар, гапир, ифлос? Машинада кимлар бор? – деганча уни жойидан турғизишга ҳаракат қиларди. Нодир эса тамоман ўзини йўқотиб додлар ва урманг, ҳозир ҳаммасини сизга тушунтириб бераман, деганча ёлвора бошлади.

* * *

– Ҳали сенмисан, бизни алдаб кетадиган, – деб Ҳилолага ёпишди Салим. – Сенга алдашни кўрсатиб қўямиз. Ким эди у, Нодирни урган?..

Ҳилола машинада жонҳолатда типирчилаб, бақирар ва қандай қилиб уларнинг қўлидан қутулишни билмасди. Яхшиямки, спорт тўгаракларига қатнаб юргани фойда берди. Тезда ўзини қўлга олиб Салимга бир-икки мушт туширгач, йигит ўзини сал нари олди ва унга "сен ҳали шошмай тур” деб ҳайдовчининг орқасидан "тез ҳайда” деганча турта бошлади. Шунда Ҳилола бир нарса эсига тушиб қолгандек, ёнидаги қўл телефонини олиб, спорт устози Рустамга қўнғироқ қилди. У гўшакни кўтариши билан:

– Рустам ака, мени ўғирлаб кетишяпти. Ҳозир "Шалола” кафесининг ёнгинасидан оқ "Тико” машинасида ўтиб кетяпмиз, – деди.

– Ҳилола мен худди шу кафеда эдим. Ҳозир...

Қўлидан телефонни тортиб олиб ўз чўнтагига солган йигитга Ҳилола нафрат билан қаради.

– Уялмайсанми, қиз боланинг нарсасини олишга? – деди у сенсираб.

– Ҳа энди сиз уялинг-да, яхши қиз. Бировнинг столига ўтириб олиб, овқат егач жуфтакни ростлаб қолишни биласанлар. Ҳали дугонангни ҳам топишинг керак. Чақир уни, қаерга гумдон бўлди дарров? – деди Салим унга илжайиб қараб.

Қиз ҳайрон эди.

– Сизлар мени ким деб ўйлаяпсизлар? Мен ахир сизларни танимайман. Қўйиб юборинглар, жон ака, илтимос, – деди у ялинишга ўтиб.

– Танимасанг энди танишамиз, – деди Салим хохолаб.

У негадир пайпаслаб қизнинг ён чўнтакларини титкилай бошлади ва "аввал қарзингни қайтарасан” деб унга яна илжайди. Кутилмаганда Ҳилоланинг ёнидан чиққан бир даста пул ва 200 АҚШ долларини кўрган Салимнинг кўзи ўйнаб кетди.

– Ана қарзингни ортиғи билан қайтардинг. Энди бирон жойга борамиз. Яна мазза қилиб майшат қилсак бўлади, жонидан. А, нима дединг Анвар? Лекин аввал Нодирни топишимиз керак, сен анави дугонангни ҳам чақирасан...

Шу пайт машинанинг ён томонидан жуда яқин келган бир машина уларга тўхтанглар, ишорасини қилиб, чироғини ёқиб-ўчира бошлади. Бу Ҳилоланинг устози Рустам эди. Уни кўриб Анвар газни босди. Катта кўчадаги чорраҳадан қайрилишда қизил чироқ ёниб турганди. Шу атрофда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини кўриб қолган Анвар ноилож машинани қизил чироққа тўхтатишга мажбур бўлди. Шунда кутилмаганда Ҳилола Салимнинг қўлини қайирганча, итариб ташлаб машина эшигини очди ва тушиб қоча бошлади. Тўсатдан қилинган ҳаракат Салимни довдиратиб қўйди. Ҳилоланинг ўзларига тўхта ишорасини берган машинага бориб ўтираётганини кўрган йигитлар тезлик билан машинани юргизиб, қочиб кетдилар...

Аммо бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек, эртаси куннинг ўзидаёқ уч оғайнининг қўлларига кишан урилди. Улар зўрлик билан Ҳилоладан тортиб олган «Nokia Iphone» маркали, баҳоси бир миллион сўмлик уяли телефон аппарати ва жами бир ярим миллион сўмдан ортиқ унга тегишли мол-мулкни очиқдан-очиқ талон-тарож қилганлиги ҳамда бир қизнинг ҳаётига бесабаб тажовуз қилганликда айбландилар. Жиноятда фойдаланилган автомашина жиноят қуроли деб топилди ва давлат фойдасига мусодара қилинди. Йигитларнинг ҳар бири 5 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Энг ёмони эса, ҳаётини оиласига бағишлаш, тайинли бир иш билан шуғулланиб, рўзғор тебратиш ўрнига бўлар-бўлмас ишларни қилиб, ўзларининг номини қорага чиқардилар, эл-юртнинг олдида бошлари эгилди.

Хайрулла Камолов,
Қашқадарё вилоят жиноят ишлари бўйича судининг бош мутахассиси;
Сарвар Сафаров, журналист


Manba: Hayol.Uz



Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 7
avatar
9
vo jalap qishloqilar
avatar
10
xikoyadan xikoya shuki zurlasholmadi qiz zato spartsmen edi
avatar
11
daxwat. K6proq wunaqa xikoyalardan yozilar hammaga 6rnak b6ladi
avatar
12
KAYIF QILMOQCHI BOSALARING XOTINLARING BOR EKANKU KO'TLA
avatar
13
ERKAKNI IWIMI WU
avatar
14
EY QIWLOQILAR
avatar
15
uzlaringni oslaring shundaqa ish qilgancha tfuu
avatar


Ахборот-таҳлилий портали 2016 йилнинг 17 Февралда давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 0005786. Муассис: "Namanganliklar Group" x/k манзили 160100, Наманган шаҳри, Зерабулок кўчаси, 12-уйМатериалларимиздан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда «Фойдаланиш шартлари»га амал қилиниши шарт.
 Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган.
 | |