Загрузка...
Главная

Она-бола фирибгарлар битта машинани икки марта сотишмоқчи эди... 

Ko'rildi: 1179 Qo'shildi: 26-09-15

Айрим фуқаролар фирибгарларнинг гапига лаққа тушиб, емай-ичмай йиққан маблағларини уларнинг қўлига қўшқўллаб тутқазиб, охир-оқибат бошларини қаерга уришни билмай қоладилар...

                   16. 150 га баҳоланган "Ласетти”

Наманганлик Баҳодир О. (исмлар ўзгартирилган) ҳам анчадан бери машина миниш орзусида топган-тутганидан чегириб, пул йиғарди. Тўплаган пули мўлжалига етгач, акаси Баҳримурод билан бирга машина сотиб олиш учун Тошкент шаҳри Сергели туманида жойлашган машина бозори томон йўл олишди. Улар бозор айланиб, сотилаётган машиналарни томоша қилишди. Машина ёқса, нархи тўғри келмай, нархи тўғри келганининг ўзи ёқмай, анча овора бўлишди.

Шунда оқ рангли "Ласетти” автомашинаси Баҳодир О.нинг диққатини тортди. Акасига ҳам машина жуда ёққанидан унга харидор бўлишди. Машина эгаси Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи 22 ёшдаги Маҳмуд А. билан талашиб-тортишиб, машинани 16.150 АҚШ долларига нархлашди. Аммо Баҳодир О. ёнида 14.000 АҚШ доллари бўлганидан, Маҳмуд А.га қолган 2150 долларни икки ой мобайнида олишга кўнсагина, машинани сотиб олиши мумкинлигини билдирди.

— Онамга қўнғироқ қилиб маслаҳатлашиб кўрай, агар кўнсалар, мен розиман, — деб жавоб берди Маҳмуд.

— Майли, бемалол маслаҳатлашинг, биз унгача бозор айланиб турамиз, — деди Маҳмуд.

Ака-ука бозор айланиб, яна Маҳмуд А.нинг ёнига қайтишди. Маҳмуд А. уларга онаси рози бўлганини, фақат автомашинани ҳозирча икки ойга ижара шартномасига асосан ҳужжатлаштириб беришини, қолган 2150 АҚШ долларини олгандан кейингина автомашинани қонунда белгиланган олди-сотди шартномаси орқали расмийлаштириб бериши мумкинлигини айтди.

 "Пулингизни ошиғи билан қайтараман!”

Унинг шартига рози бўлган ака-укалар Маҳмуд А. билан биргаликда унинг уйига, онасининг олдига боришди. Маҳмуд А. ака-укаларни онаси билан таништирди. Онасининг олдида улар яна олди-сотди шартларини муҳокама қилишди. Ака-укалар уйига олиб келиб, онаси билан таништиргани учун Маҳмуд.А га ишониб, унинг барча шартларига рози бўлишди ва 14.000 АҚШ долларини унинг қўлига қўшқўллаб тутқазишди. Она уларни машиналик бўлганлари билан табриклади.

Орадан икки ой ўтгач, Баҳодир А. ваъда қилинган 2150 АҚШ долларини Маҳмуд А.нинг уйига олиб келиб берди. Шунда Маҳмуд А. унга:

— Ака, кўнгилингиз тўқ бўлсин, мен ёлғончи эмасман, ҳозир ишларим кўп, бир ҳафтадан кейин машинани сизнинг номингизга расмийлаштириб бераман, — деб ваъда берди.

Ваъда қилинган бир ҳафта ўтгач, Баҳодир яна Маҳмудга қўнғироқ қилди, аммо у яна ҳар хил баҳоналар билан, машинани унинг номига расмийлаштиришни кечиктирди. Маҳмуд А. бора-бора унинг қўнғироқларига жавоб бермайдиган бўлди. Бундан хавотирга тушган Баҳодир унинг олдига келиб, автомашинани зудлик билан унинг номига расмийлаштириб беришни қатъий талаб қилди.

Унинг талабидан кейин Маҳмуд А. ўзини бечораҳолликка солди:

— Очиғини айтсам, ҳозир оилавий шароитим унча яхши эмас, уйимда шу савил машина сабаб ҳар куни  жанжал. Машинани арзон сотганмишман. Шунинг учун машинани бозорга олиб борамиз-да, қайта нархлатамиз. Керак, бўлса, берган пулингизни ошиқчаси билан қайтараман. Сиз хотиржам бўлинг, ака!

                            Тушунарсиз илтимос

Маҳмуд А. ёш бўлганлиги боис, унинг гапларига ишонмаган Баҳодир О. ҳамма гапни унинг онаси билан гаплашиб олишни лозим топди. Она ўғлининг ишидан хабари борлигини айтиб, унинг айтган гапларини тасдиқлади. Шундан кейин Баҳодир О. уларнинг гапига ишониб, автомашинани нархлаш учун Сергели туманидаги машина бозорига олиб бориб жойлаштирди.

Кириш эшиги олдида паттага пули йўқлиги сабабли Маҳмуд А. гаров сифатида автомашинанинг техпаспортини қолдириб, эртасига  пулини тўлаб, олиб кетишини айтди. Эртаси куни Маҳмуд Баҳодирга қўнғироқ қилди:

— Ака, узр, кеча сизга телефон қилолмадим. Кеча машгина зарур бўлиб қолгани учун уни кечқурун бозордан олиб чиқиб кетгандим.

—Бу қанақаси бўлди?

— Шунақа бўп қолди, — деди ва бозорга бориб ўтирмаслигини, кечаси уни хабардор қилмасдан автомашина эшигини бузиб, уни бозордан олиб чиқиб кетганлигини маълум қилиб, уни Чилонзор метросига етиб келишини тайинлади. — Ака! Илтимос, "Чилонзор” метросига келинг, ўша ерда ҳаммасини батафсил гаплашамиз.

Баҳодир айтилган жойга борганда Маҳмуд унга автомашина 17.000 АҚШ долларига баҳоланганини, узоғи билан тўрт ой мобайнида ундан олган 16.150 АҚШ долларини 20.000 АҚШ доллари қилиб қайтариб беришини айтди.

— Мен сизни умуман тушунмаяпман, мақсадингиз нима ўзи? – сўради Баҳодир.

— Э, ака, шу машинани сизга сотганимдан бери жанжалдан бошим чиқмайди. Илтимос, шу машина ҳозир уйдагиларнинг кўзи ўнгида туриб турсин. Мшинанинг техпаспорти ўзингизда туради.  Шу  жанжал тинчигунча ёрдам беринг, илтимос!

Маҳмуд А. ва онасининг илтимосларини инобатга олган ҳолда Баҳодир О. автомашинани қолдириб, техпаспортни олганча ортига қайтди.

                            "Яна икки кун сабр қилинг!...”

Белгиланган муддат ўтгач, Баҳодир О. Маҳмуд А.га қўнғироқ қилиб, унга жудаям пул зарурлигини, ваъда қилинган пулларни қайтаришни сўради. Маҳмуд А. унга "Икки кун сабр қилинг, пулларни бераман”, деди, аммо шундан кейин умуман унинг қўнғироқларига жавоб бермади.

Бундан хавотирланган Баҳодир О. "Қайдасан, Тошкент?” деб яна йўлга тушди. У Маҳмуд А.нинг онаси билан учрашди, аёл "Кўнглингиз тўқ бўлсин, ўғлим албатта ваъда қилган пулларни қайтаради”, деб уни хотиржам қилган бўлса-да, унинг кўнгли тинчимади.

Маҳмуд А.нинг ўзини тутишидан шубҳаланган Баҳодир О. Чилонзор туманига қарашли ЙҲХБ идорасига бориб, автомашинанинг тақдири билан қизиқди. Идорадаги ходимлар уни Маҳмуд А. "Йўқотиб қўйдим”, деб янги техпаспорт олганидан, автомашинани бошқа шахсга сотиб юборганидан хабардор қилишди. Шундан кейин чув тушганини англаган Баҳодир ИИБ га ариза билан мурожаат қилди.

Олиб борилган суруштирув ишлари натижасида, Маҳмуд А.нинг бирор жойда ишламасдан, фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, енгил йўллар билан бойлик орттиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлиги аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми "а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

                            «Ҳаммасига онам айбдор!»

Онани муқаддас зот деб улуғлаймиз, жаннат — оналар оёғи остида, деймиз, аммо боласининг жиноят қилаётганини кўриб туриб ҳам лом-мим демайдиган оналар борлигига нима дейсиз?

Ривоят қилишларича, бир ўғри йигитни жазолаш учун дорга осишмоқчи бўлишади, ундан "Охирги тилагинг нима?” деб сўрашади. Йигит "Онамни кўрмоқчиман”, дейди. Онани йигитнинг олдига бошлаб келишади. Йигит "Она, яқинроқ келиб, тилингизни чиқаринг”, дейди. Она ўғлининг айтганини бажариб, тилини чиқаради. Йигит онасининг тилини ғарчча тишлаб олади. Атрофидагилар унинг қилиғидан ҳайрон бўлиб, "Нимага бундай қилдинг?” деб сўрашади. Йигит: "Болалик пайтимда қўшниникидан тухум ўғирлаб чиқдим, онам мени алқаб, ўша тухумни пиширди. Эртаси куни эса қўшнининг товуғини ўғирладим, онам менинг ишимни маъқуллаб, товуқни пишириб берди. Агар ўшанда онам мени уришиб, бу йўлдан қайтарганда, ҳозир дор тагида турмаган бўлардим”, деб жавоб берибди.

Балки Маҳмуд А.нинг онаси ҳам уни фирибгарлик қилишдан қайтарганда, балки у ҳам жазога тортилмаган бўлармиди? Наҳотки она бировнинг ҳақи бировга юқмаслигини унутган бўлса?! Бу жиноятда ким кўпроқ айбдор: онами ё фарзанд?

Суд материаллари асосида Лола Шаимова тайёрлади




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar


Ахборот-таҳлилий портали 2016 йилнинг 17 Февралда давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 0005786. Муассис: "Namanganliklar Group" x/k манзили 160100, Наманган шаҳри, Зерабулок кўчаси, 12-уйМатериалларимиздан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда «Фойдаланиш шартлари»га амал қилиниши шарт.
 Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган.
 | |