Загрузка...
Главная

Qimmatga tushgan mashina 

Ko'rildi: 4426 Qo'shildi: 03-04-13
Qimmatga tushgan mashina

Қодир ака (исмлар ўзгартирилган) анчадан бери ўғилларига бир машина олиб беришни ўйлаб юрганди. Рўзғорнинг югур-югурига ярайди, қолаверса, машина орқали бирор тирикчилик ҳам қилса бўлади. Аммо машина учун аталган пулнинг чўғи анча кам. Муаммонинг ҳаммаси шунда. Ахир яқиндагина яна бир ўғлини уйли-жойли, бошини икки қилиб қўйган. Лекин ҳаёт давом этяпти. Буёғига қолган орзу-ҳавасларни ҳам амалга ошириш керак. Ана шундай кунларнинг бирида...

Қодир аканинг ўғли Орифжон кўчадан бир гап топиб келди. Эмишки, бир таниши машина олди-сотдиси билан шуғулланаётган экан. Қонуний фирма очиб, гўёки ўртада, жайдари тилда айтганда, олибсотардек, бировдан машина олиб, одамларга бир-икки йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти ва устида бироз устамаси билан сотаётганмиш...

– У танишинг ўзи ишончлими? – деб сўради Қодир ака бироз ўйланиб.

– Бир қизиқиб кўриш керакмикин? – деди Орифжон ҳам ўсмоқчилаб. – Бизга ҳозир шуниси бироз қулайроқми, дейман-да. Нима дедингиз? Ўзи яқин танишиммас-ку, билганлардан эшитдим. Ҳозир бир "Нексия”ни сотиш учун телевизорда ҳам реклама бераётганмиш. Бориб бир учрашсак, маъқул бўлса, балки келишиб сотиб олармиз.

Яхши, деди Қодир ака ўрнидан туриб. Демак бориш керак. Ота-бола йўлга тушишди. Машина савдогарларининг офисига кириб боришганида ўйладики: "ишончли жойга ўхшайди. Агар шу ердан ҳал бўлса, кўнгилдагидек иш бўлган бўларди-да. Майли, қарайлик-чи...” Офисда бир йигит ўтирган экан. Уларни яхши кутиб олиб, ўзини таништирди.

– Исмим Аброр. Сизларга машина керак бўлса, бунинг бир нечта шарти бор. Аввалига машина баҳосининг маълум бир қисмини тўлайсизлар. Кейин бир йил давомида қолган тўловни амалга ошириб борасизлар. Фақат албатта олдиндан очиғини айтаман, биздаги машина бозор нархидан бироз қимматроқ. Буни сизлар ҳам сезаётган бўлсангиз керак. Лекин шарт шу. Машина тўловини амалга ошириш учун бошида пули етарли бўлмаган одамларга анчагина қулай имконият-да бу. Энди ўзларингиздан қолар гап йўқ ака. Биз ҳам бир савобталаб одам. Буёғидан сўрасангиз, бир йил ичида машиналарнинг нархи яна қанча ўзгаради, ҳеч кимга маълум эмас. Бизда эса бошида келишилган шу гап – гап. Ўйлаб кўринглар.

Қодир ака бироз мулоҳаза қилган бўлиб, унинг ҳам гаплари тўғрилигини билди. Ўйлаб кўришлари ва эртага келишларини айтиб, у ердан чиқишди. Уйга боргач эса маслаҳатлашиб, машинани шу йўл билан сотиб олишга қарор қилди ва олдиндан тўланиши лозим бўлган тўловнинг бир қисмини белга тугиб, ота-бола яна йўлга тушди. Аброр улардан пулни қабул қилиб олгач, дастлабки тўловнинг тўлангани тўғрисида ҳужжат ёзиб берди. Сўнг бир-икки кун ичида машинани бемалол бошқариб юраверишлари ва бунинг учун уларга машина эгасидан ишончнома қилиб беришини айтди. Ота-бола бунга рози бўлиб, дастлабки тўловнинг тўлангани тўғрисидаги ҳужжатни олганига хурсанд, гўё машина деярли уларники бўлгандек, мамнуният билан ортга қайтишди. Аммо ғалванинг бошланишига ҳали бироз эрта эди. Аслида бу ишкал ишнинг аввали бироз олдинроқ бошланган. Бундан эса ота-бола ҳозирча бехабар.

* * *
Аброр билан Комил анчадан бери таниш, иккиси ҳам бир-бирига жуда боп тушганди. Фирибгарликда бир-биридан ўтса-ўтадики, асло қолишмайди. Аввалига қаердан мўмай ва осон пул топиш мумкинлиги ҳақида обдон бош қотирганларидан сўнг машина олди-сотдиси билан шуғулланишга қарор қилишди. Бунинг учун одамларнинг кўзига гўёки қонуний фаолият кўрсатаётган фирмадек бўлиб кўриниш мақсадида бир жой танлашди ва у ерни офис сифатида фойдаланиш учун бор ҳунарларини ишга солишди. Шундан сўнг асосий масала – машина топиш қолганди. Комил Аброрга бошқа бир шаҳарда машина савдоси билан шуғулланувчи бир таниши борлиги ва унинг олдига бирга бориш кераклигини айтди. Хуллас, улар гапни бир жойга қўйиб йўлга отландилар...

Комилнинг таниши Давронни топиш унчалик қийин бўлмади. Фирибгарлар Давронни алдаб, обдон унинг ишончига киргач, унинг қўлида турган ва аслида бошқа бир одамга тегишли бўлган машинани 3 йил давомида тўлаш шарти ҳамда дастлабки тўлов учун яхшигина ҳақ беришларини айтиб сотиб олдилар. Ишнинг осон битганидан иккисининг ҳам оғзи қулоғида ўз офисларига қайтишди. Энди бу машинадан фойда кўриш учун яхши бир мижозни топиш керак. Лекин унга уч йил эмас, 1 йиллик шартнома билан сотиш иши қолганди, холос. Кўп ўтмай худди шу машинага Қодир ака ўғли Орифжон билан бирга харидор бўлиб келганди...

Машина учун дастлабки тўловни олган Аброр Комил билан маслаҳатлашиб, тўловнинг бир қисмини Давронга юборишди. Шу тариқа орадан беш-олти ой вақт ўтди. Бу орада Қодир ака ҳар ой машина учун келишилган тўловни Аброрга тўлаб борди. Аммо бу пулларнинг ҳаммаси ҳам машинанинг асл эгасига етиб бормасди...

Кунлардан бир кун Қодир акага уни уйига кимдир сўраб келганини айтишди. Чиқиб қараса, бу ерликка унчалик ўхшамайдиган, ўзидан бироз ёшроқ киши экан. Бу Даврон эди. Келинг, меҳмон, деди Қодир ака очиқ чеҳра билан. Улар уйга киришгач, Даврон мақсадга кўчиб қўя қолди. Ҳозирда Қодир аканинг ўғиллари ҳайдаб юрган машина аслида унга тегишли экани, Аброр билан Комил эса ундан машинани келишиб сотиб олганликларини айтди. Ҳозир эса Аброр ҳам, Комил ҳам қамалгани, энди уларга тўлаб келаётган машина тўловининг қолган қисмини унга етказиш керак эканлигини тушунтирди. Қодир ака бунга рози бўлди ва шу пайтгача тўланган пулларнинг тўлангани ҳақидаги ҳужжатларни Давронга олиб чиқиб кўрсатди. Шунда ўртада бир тушунмовчилик юзага чиқди. Маълум бўлишича, Даврон Қодир ака тўладим деб айтаётган пулларнинг анчагина қисмини ҳали ўзи олмаган экан. Демак, Аброр билан Комил машина учун олинган пулларни аслида кўпроқ ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юргани маълум бўлиб қолди. Шунда ҳам улар яхшиликча хайр-хўшлашиб, ўртада бир тушунмовчилик бўлса, албатта, ҳал бўлишига ишонишди. Бунинг учун Даврон Аброр ва Комил билан гаплашиш ва улардан етарли бўлмаган пулни ундиришига Қодир аканинг ҳам ёрдам беришини сўради. Қодир ака албатта бунга ҳаракат қилишини айтиб меҳмонни кузатди...

Орадан яна бир неча кун ўтгандан сўнг Қодир акага Даврон қўнғироқ қилиб, улар келгани ва ҳозир шаҳардаги чойхоналардан бирида эканлигини, тезроқ шу ерга етиб келишини айтди. Қодир ака ўғли Орифжон билан бирга айтилган манзилга етиб борса, Даврон билан яна икки киши борлигини кўрди. Улар бироз у ёқ-бу ёқдан гаплашгач, гап яна машинага келиб тақалди. Даврон келишининг асл сабабини айтаркан, машинанинг олдинги ойлардан қолган қарзини ҳам тўлашмаса, уни қайтариб олишини айтди. Табиийки, бунга рози бўлмаган Қодир ака ва Орифжон биз деярли машина пулини тўлаб бўлдик ҳисоб. Энди қаерга борсангиз бораверинг, қўлимизда тўловларни тасдиқловчи ҳужжатимиз бор, дея эътироз билдиришди. Масаланинг осонликча ҳал бўлишига кўзи етмаган Даврон ота-бола ва машинани уларга фирибгарлик йўли билан алдаб сотган Аброр ва Комилнинг устидан шу ернинг ўзидаёқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга қарор қилди. Икки ўртада қайтадан низо туғилди. Суриштирувлар, олиб борилган текширувлар натижасида Аброр ва Комилнинг бу ишдаги асл башараси фош қилинди ва айбдорлар албатта тегишли жазосини олдилар. Машина учун тўлов тўлиқ қоплангандан сўнг ниҳоят можароларга сабаб бўлган "Нексия” ўз эгасини топди. Қодир ака энди бемалол машинани бошқарар экан, бундан кейин ҳар қандай одамга ҳам ишониб кетавермаслик, албатта ҳужжатлар билан қизиқиш ҳақида болаларига уқтирди.

Ҳар қандай қинғир ишнинг охири вой эканлигига яна бир бор амин бўлган Аброр ва Комил эса мўмай фойдани кўзлаб қилган ишларининг ўзларига қанчалик қимматга тушганини ҳисоблаш билан овора...


Ш. Мирзалиев, Фарғона вилояти прокурори ёрдамчиси.
Н. Абдураҳимов, Қўқон шаҳар прокурори ёрдамчиси.
С. Сафаров, журналист.



Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 2
avatar
4
agp yo'q
avatar
5
Gap yoq
avatar


Ахборот-таҳлилий портали 2016 йилнинг 17 Февралда давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 0005786. Муассис: "Namanganliklar Group" x/k манзили 160100, Наманган шаҳри, Зерабулок кўчаси, 12-уйМатериалларимиздан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда «Фойдаланиш шартлари»га амал қилиниши шарт.
 Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган.
 | |