Загрузка...
Главная

Qotillikga Boshlagan NAFS 

Ko'rildi: 2928 Qo'shildi: 11-07-12
Qotillikga Boshlagan NAFS yoxud
"Neksiyaga" qo'yilgan Tuzoq
Соат тунги икки... Ухлаб ётган Нажим хотинининг тез-тез ўзини силтаб туртишидан уйғониб кетди. Кўзини очгач, ҳа дейишга ҳам улгурмай, хотини ваҳима билан: "Тез туринг, кўчада, уйимизнинг ёнгинасида оқ рангли бир "Нексия” ёниб кетяпти. Ҳозир портлайди...” деди. Бунга ишонқирамай, деразадан кўчага қараган Нажимнинг ҳам ҳуши бошидан учди. Ҳақиқатан ҳам, шундоққина деразасининг тагида турган бир машина қарсиллаб овоз чиқариб, ёниб кетаётганди. Ваҳима ичида болаларни ҳам уйғотиб, хавфсиз жойга ўтказдилар... Бирпасда кўчада тўпланган одамлар, қўшнилари билан аранг ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлдилар. Саволлар, суриштирувлар... Бу машинанинг кимникилиги, ёнғиннинг сабаби нимадалигини биладиган одам эса шу тобда бу кўчада эмасди. Турли хаёллар ичида отган тонг ҳам янги жумбоқлар билан қарши олинди. Бўлиб ўтган воқеа сабабли бир неча кун маҳалланинг тинчи йўқолди...

МУДҲИШ РЕЖА
Кечагина қамоқдан қайтиб келган Тўлқиннинг негадир машқи паст. Бир-иккита ўзига ўхшаган бетайинларни айтмаганда, уни йўқлаб келувчилар ҳам деярли бўлмади, ҳисоб. "Энди нима қилиш керак?” деб чалқанча ётганча ўйланди у. Бекорчи безорининг калласига нимаям келарди, дейсиз. Тўғри, у энг аввало қўлига кириши керак бўлган пуллар қаердан ва ниманинг ҳисобидан келишини хомчўт қилиш эмас, балки кимни ўмарсам янада кўпроқ пул топаман деб ўйларди. Ёмон отга минг қамчи, дейдилар. Лекин шу ҳам бекор экан-да. Ҳали ёши ўттизга ҳам бормаган, шу пайтгача бирор ишнинг бошини тутай деб ўйламаган одамнинг ўй-хаёлларидан нима кечарди?.. Мияси бузуқ, "касал” одамга биров қизини ҳам бергиси келмайди. Шу боис ўзи тенгилар икки-уч болали бўлиб кетишган бўлсалар-да, Тўлқин ҳали уйланмаган ҳам эди. Бунга вақт қайда дейсиз? Ахир авжи ўқийдиган, ишлайдиган ва уйланадиган вақтларини панжара ортида ўтказиб қайтган бўлса. Энди яна бу аҳвол...

Унинг калласи ишлаб кетди: "каттароқ пул топиш учун каттароқ ўлжани қўлга киритиш керак. Каттароқ ўлжа нима? Ҳатто одам ўлдириб бўлса ҳам олиш мумкин бўлган нималар бор?” Хаёлидан бирма-бир машина, даста-даста пуллар, ресторанларда керилиб ўтиришлар ўтди. Машина... машина. Ана топдим, деб ўйлади у. "Бирорта гадойтопмас жойдан одамини топсам бўлди. Бетайинроқ бир одам бўлса, янаям яхши бўларди. Биров суриштирмайди.” Бетайиннинг хаёлларини қаранг.

ШЕРИКЛИККА ТАКЛИФ
Ўйлаган режасини амалга ошириш учун у ўзига шерик топмоқчи бўлди. Ахир "катта миқёсдаги ишлар”ни бажариш учун ёлғиз ўзи камлик қилади. Бунинг учун барча билган-билмаганларини кўз олдидан ўтказиб чиқди. Униси ундоқ, буниси бундоқ деб ўзича саралаб ҳам кўрарди. Ахийри бир нуқтада тўхтади ва буни тезроқ амалга оширмасам бўлмайди, деб ўрнидан сакраб турди... Эндигина ўн етти ёшга кирган таниши Валижоннинг уйига кириб бораркан, таклифимни қандай қабул қилар экан-а, деб ўйлаб ҳам кўрмади. Чунки у ҳаммани ўзидек деб ўйлар ва пул топиш йўлида ҳар нарсадан қайтмайдиганлар ҳам унга беш қўлдек аён эди.

– Келинг, акагинам. Қалайсиз?

Валижоннинг қучоқ олиб кутиб олиши Тўлқинга ёқиб кетди. Бироз у ёқ, бу ёқдан гаплашгач мақсадга ўтди.

– Ўзинг биласан, ука, – деб гап бошлади Тўлқин нолиган оҳангда. – Қамоқдан кеча келдим. Ишлай десам бизбоп тузук ишнинг йўғи йўқ. Буёқда кун ўтяпти. Энг ёмони, уни қандай ўтказишда. Чўнтагингда ҳемири йўқ бўлса, қуруқ жасад экансан. Бировларнинг оёғи остида юргандан кўра, яна уёқларга кетворсаммикин ҳам деб ўйлаяпман.

–Нимасини айтасиз, мениям ҳолим шу... – Валижон ҳам унинг сўзларини баб-баравар қувватлади.

Хуллас, шу ерда гап бир жойга қўйилиб, икковлон кўчага чиқдилар.

"ЖИРНЫЙ КЛИЕНТ”
Улар келишувга кўра, туман марказидан қўшни туманга қатновчи киракаш машиналар қаторига бордилар. У ерда ўзлари учун ёғли бир ўлжа топиш мақсадида оч бўрилардек атрофга суқланиб қаради. Валижоннинг бу борада тажрибаси унчалик етарли эмас. Лекин Тўлқин ҳар нарсада пихини ёрганлардан бўлгани учун "ўлжа” ҳам тезда аниқланди. Энг чеккада турган оқ "Нексия” эгаси кўзига ана шундай ёғли ўлжа бўлиб кўринди. Унга яқинлашишди.

– Келинглар йигитлар, – уларни кутиб олган истараликкина, ёши ўзларидан анча катта одам саломлашиш учун қўл узатди.

– Келдик, ака, – деб Тўлқин мудҳиш режасини амалга ошириш учун ишни бошлади. – Бизни қўшни туманга олиб борасиз. У ерга бир жойдан юк келиши керак. Шуни ортиб қайтамиз. Бошқа одам олмайсиз. Сизга икки эмас, тўрт баравар ҳақ тўлаймиз.

– Қанақа юк? – деб сўради ҳайдовчи.

– Қўрқманг, ёмон нарса эмас, сув, яхна ичимликлар... Машинангизга сиққанича ортсак, бўлгани.

– Яхши, келишдик. Қачон жўнаймиз.

– Ҳозир, ака, – деди ўлжасига тезроқ етишиш учун тобора сабри чидамай кетаётган Тўлқин.

– Ҳа, Қодиржон, "жирный клиент”лар учрадими? Бўш келманг, – деб уларнинг ёнига ҳайдовчилардан бири яқинлашди.

– Э, ака, бориб ишингизни қилсангиз-чи, гаплашяпмиз, – деди Тўлқин унга ёмон қараб.

– Гаплашавер, сенга биров халақит беряптими? — деди ҳайдовчи ундан бундай қўполликни кутмагани учун бироз довдираб.

Шунда Қодиржон вазиятни авж олдирмаслик учун тезгина рулга ўтириб, уларни машинага таклиф қилди.

– Бўпти, кетдик бўлмаса, эрта кунни кеч қилгандан фойда йўқ.

– Жуда тушунган одам экансиз-да, акахон, барака топинг...

ТУЗОҚ
Қодиржон уларни аввал қўшни туманга, айтилган жойгача олиб борди. Мудҳиш ниятли икки шерикнинг келишувига биноан, қоронғу тушишини кутиш керак. Шунинг учун вақт ўтказиш баҳонасида машинани бир жойга тўхтатдилар. "Камаз шу ерга келиши керак”, деди Тўлқин ҳайрон бўлиб қараган ҳайдовчига. Шу ерда икки соатдан ортиқ туриб қолдилар. Вақт ҳам кечга яқинлашмоқда. Атрофни тўлиқ қоронғулик қоплагач, Тўлқин "вақти келди” деб ўйлади ва Қодиржонга:

– Ака, юкимиз жуда кечикиб кетди. Қўрқманг, сизнинг пулингизни-ку албатта, айтилганидек қилиб берамиз. Энди бизни яна боя олган жойингизга элтиб ташланг. Балки, эртага юборишар юкимизни...

Шу пайт ҳайдовчи нималардандир шубҳалангандек, "алдамаяптими, э, нега алдасин, менга нима”, деб ўйлади ва уларга синчков бир қараб қўйди. Машина жойидан қўзғалиб, яна ортга қайтди. Атроф қоронғу. Йўлда машиналар ҳам сийраклашиб қолган. Аслини олганда, икки туманни бир-бирига боғловчи бу йўл унчалик ҳам серқатнов эмасди. Ҳозир кеч бўлгани учун янаям зерикарли эди йўл. Кенг даланинг ўртасидан ўтган "ёлғизоёқ йўл”да елиб кетаётган "Нексия” олдинда ўзини нималар кутиб турганини ҳали билмасди...

ҲУЖУМ
Бир жойга етгач, Тўлқин "шу ерга бир тўхтатинг”, деб машинани тўхтатди. Атроф бийдай дала. Ҳеч зоғ йўқ. Валижон:

– Мен бир шамоллаб келай, юраклар жуда сиқилиб кетди, – деб машинадан тушди ва йўл четидаги қияликка қараб бироз юрди. У юзини орқага бурган ҳам эдики, эндигина сигарет тутатаётган Қодиржоннинг бўйнига пичоқ тиралди.

– Машинанг билан хайрлашасанми? — деди Тўлқин шивирлаб.

– Жоним омон қоладими? – Қодиржон юраги қинидан чиққудек бўлиб, кўз олдига уйда уни кутиб ўтирган фарзандлари келди. Катта қизини-ку яхшиям узатиб олибди, энг кичик ўғлига суннат тўй қилиши керак. Кейинги йилга мўлжаллашган. Лекин ҳозирдан унга тайёргарлик катта. Ўзи ҳам, хотини ҳам шуни деб тиним билмайди. Қодиржон шундай деди-ю, орқасига қарашга ҳаракат қилди.

– Жойингдан қимирлама. Ҳозирнинг ўзида сўйиб ташлайман. Сенинг жонингнинг омонлиги менинг чекимдами. Дардим шуми, – кулди Тўлқин бошини ойнадан чиқариб Валига қараркан. – Ҳой, кел энди. Нима бало, шу ергача зўрға ўтирганмидинг?

Бироздан кейин Вали ҳам келди ва у олд ўриндиққа, ҳайдовчининг ёнига ўтирди. Тўлқин орқада ўтирганди.

– Тўғрисини айт, сенинг бир яқин одаминг борми? Излайдиган, сўрайдиган... – Тўлқин нима деётганини ўзи ҳам англамай, Қодирнинг томоғига пичоқни янада қаттиқроқ босди.

– Нима деяпсиз ахир? – деди Қодиржон буларнинг қўлидан қутулиб чиқиш анчагина амримаҳол эканини сезгандек, томоғига бир нарса тиқилиб келди ва йиғламсираб: – Ахир... ахир менинг хотиним, болаларим бор. Ҳали ҳаммасидан қутулганим йўқ. Уларнинг яхши кунини кўришдан умидворман. Жон укалар, машина керак бўлса олиб, мени қўйиб юборинглар, илтимос. Ваъда бераман, сизларга ҳеч нарса қилмайман. Шу ернинг ўзида айриламиз, бундан кейин мени умуман кўрмайсизлар. Машина майли, сизларга. Пешонамизда борини кўрамиз-да энди... Фақат болаларимни бунчалик эрта етимликда қолдирманглар, илтимос... жон укалар...

Гўшт умидида пичоқни қўйнинг бўғзига тираб турган қассобдек Тўлқин "вишиллади”:

– Ҳа, бундан кейин кўришмаймиз, тўғри айтасан. Бизни шу эртакларингга ишонади, деб ўйлайсанми...

У шундай деб, пичоқни бўғзига тортиб юборди... Ҳаммаёқ қонга беланди. Валижон билан иккаласи бир бўлиб, бирпасда ҳайдовчини гумдон қилдилар... Бироздан сўнг худди ўша йўлда яна олдинга қараб елиб бораётган ва энди бошқа қўлнинг бошқарувидаги "Нексия” тун бағрини ўз чироқлари билан ёриб борарди.

"ЎЛЖА” УЗОҚҚА БОРМАДИ
– Энди жасадни йўқ қилиш керак.

Тўлқин шундай деб Валижонга қаради. У "мен нима қилишни билмайман” дегандек елкасини қисди. "Ёшсан-да ука, ҳали сен билан жуда катта-катта ишларни амалга оширамиз”, деб қўйди Тўлқин йўлдан кўз узмай. Бироздан кейин машинани йўл четига тўхтатди. Иккаласи жасадни пастга олиб тушдилар. "Шу ерга кўмамиз буни”, деди Тўлқин шудгор қилинган ерни кўрсатиб.

– Мен уйга боришим керак, – деди Валижон. – Ҳеч қачон бунчалик кеч кўчада қолиб кетмаганман. Отам ўлдиради. Излаб ҳам чиққандир...

"Ҳе, ҳезалак, куним сенга қолдими!”

Тўлқин ичида сўкинди. Лекин Валижонни уйига олиб бориб қўймоқчи бўлди. Жасаднинг олдига кейин ўзи қайтиб келмоқчи бўлиб, индамай машинага ўтирди.

– Кетдик.
Валижонни уйига яқинроқ бир жойда машинадан тушириб, ўзи ортга, жасаднинг олдига қайтган Тўлқин ишни тугатгач, тезлик билан машинани ҳайдаб кетди. Унинг хаёлини нимадир олдими ёки чарчадими бироз юргач, йўлдан чиқиб кетишига сал қолди. Бир зум машинани бошқаролмай қолди. Шошганидан, машина бориб йўл четидаги бетонга қаттиқ урилди-да, бир силтаниб, тўхтаб қолди. Ўзини қўлга олиб, тез ўнгланган Тўлқин аввалига нима қилишни билмай қолди. Сўнг таваккал, деб машинани ўт олдириб кўрганди, ўт олди. У яна йўлида давом этиш учун машина рулини ортга бурди. Машина юрарди, лекин унинг аҳволи жуда абгор эди. Шу ҳолатда Тўлқин туманга яқинлашди ва унга кираверишдаги маҳаллалардан бирига етганида машинанинг олд томонидан қуюқ тутун чиқа бошлади. Буни кўрган Тўлқин, энди бу билан узоққа боролмаслигини билиб, йўлида дуч келган биринчи уйнинг деразаси тагида тўхтатди. Тезлик билан машинадан тушаркан, афсус билан билан сўкиниб, баллонига икки марта тепди. "Шунча ҳаракат ҳавога учди”, деб ўйларди. У машинадан узоқлашаркан, орқасида бир нарса қарсиллади. Чўчиб қараса, машина ёниб кетаётганди...

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР
Эртаси кун айнан шу маҳалладан бошланган суриштирувлар натижаси ўзини кўп куттирмади. Тез орада қўлга олинган Тўлқин ва Валижоннинг ўз айбига иқрор бўлишдан ўзга чоралари қолмаганди. Вояга етмаган шахсни ўз мудҳиш жиноий ишларига тортиб, хунрезликни амалга оширган Тўлқин ҳам, ота-онасининг орзу-умидларини чил-чил синдирган Валижон ҳам энди суднинг қора курсисида. Уларни бир-бирига бирлаштирган нарсанинг ўзи нима эди, Валижон қачон бу йўлга кирди? Энди бу жавобсиз саволлар ҳақида узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган икки қотил ҳам, уларнинг яқинлари ҳам ўйлашга маҳкум.

Хайрулла Камолов
Қашқадарё вилоят жиноят ишлари бўйича судининг бош мутахассис;
Сарвар Сафаров, журналист
Manba: MusicTv.Uz



Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 3
avatar
5
Nafs balosi insonni wunaqa qilarkande
avatar
6
bo'magan gaplarrr B)
avatar
7
Wundoq bulur nafs uz domiga yutivoribdi....

hudo asrasin nafs quli buliwdan
avatar


Ахборот-таҳлилий портали 2016 йилнинг 17 Февралда давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 0005786. Муассис: "Namanganliklar Group" x/k манзили 160100, Наманган шаҳри, Зерабулок кўчаси, 12-уйМатериалларимиздан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда «Фойдаланиш шартлари»га амал қилиниши шарт.
 Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган.
 | |