Загрузка...
Главная

«Ўргимчак тўри»даги жиноятлар 

Ko'rildi: 3456 Qo'shildi: 30-09-12
«Ўргимчак тўри»даги жиноятлар

Замонамизни интернетсиз тасаввур қилиш жуда мушкул. Глобал тармоқ дунёнинг турли нуқталарида яшовчи одамларнинг ўзаро мулоқотини ҳамда ахборот алмашинувини энг мукаммал даражада осонлаштирди. Бугун интернет орқали янгиликлардан бохабар бўлиш, олди-сотдини амалга ошириш, таълим олиш мумкин. Хуллас, «ўргимчак тўри»нинг имкониятлари жуда кўп ва у ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб бормоқда.

Интернетнинг ривожланиши барча, ҳатто ғараз ниятли кимсалар учун ҳам фойдали бўлди. Ушбу тармоқда илк тижорий лойиҳалар пайдо бўлиши билан онлайн муҳитдаги биринчи иқтисодий жиноятлар ҳам рўй бера бошлади. Интернет-жиноятлар сони ва улар келтирадиган зарар миқдори йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 90-йиллар охирида кибержиноятлардан йилига 10 миллион долларга яқин зарар кўрилган бўлса, 2010 йилга келиб бу рақам 500 миллион долларни ташкил этди. Қуйида интернет орқали содир этилган энг машҳур жиноятлар билан танишишингиз мумкин.

№10 Ўғирланган пулларни «қонунийлаштириш»: 300 минг доллар зарар
2010 йилнинг ёзида Буюк Британияда 12 кишидан иборат жиноятчилар гуруҳи қўлга олинди. Уларнинг энг каттаси Жеймс Батчелор 19982 йилда, энг ёши Ламар Жонсон эса 1991 йилда туғилган. Бу шоввозлар банкларнинг дебет ва кредит карталаридан ўмарган пулларини интернет ёрдамида «қонунийлаштириш» билан шуғулланишган. Бунинг учун фирма ташқил қилиб, мусиқий композицияларни Amazon интернет-дўкони ва iTunes медиаплеерида жойлаштиришган. Кейин худди шу композицияларни ўзларини сотиб олишган. Шу йўл орқали 2008 йилнинг кузидан 2010 йилгача 300 минг долларни ўзлаштиришга улгуришган.

№9 Вирус 300 минг еврони ўғирлади
2009 йилнинг кузида Германия банкларининг юзлаб мижозлари нохуш сюрприз билан юзлашишди. Улар ўз ҳисобларини текшириб, ҳеч вақо қолмаганидан ҳайратга тушишди. Бунга URLzone номини олган вирус сабабчи эди. Бу вирус уч ҳафта давомида онлайн банкингдан фойдаланувчи мижозларнинг депозитларини «қуритган». Мижозлар банк вев-сайтини очишганида вирус уларнинг компьютерига ўтиб олган. Шундан кейин вирус мижознинг логин ва паролини ўмариб, пулларини ўмарган. Транзакциялар натижаларини моҳирона тарзда қалбакилаштира олгани учун вирусни бирданига сезишмаган. Вирус 100 мингга яқин компьютерга юқиб, жами 300 минг еврони ўғирлаган. Мутахассисларнинг тахминича, URLzone вируси Украинадан туриб бошқарилган.

№8 iTunesдаги фирибгарлик: 750 минг доллар зарар
Яна iTunes, яна ўғирланган кредит карталари. Фақат бунисида фирибгарлар бошқача йўл тутишган. Улар iTunes Store ва Amazonда 19 та мусиқий композицияни жойлашган. Мазкур композицияларни сотиб олган одамлар кредит карталари маълумотларини жиноятчилар томонидан ўзлашитирилаётганини билишмаган, албатта. Шу тариқа улар пулларидан маҳрум бўлишган. Хакерлар 750 минг долларга яқин пулни ўзлаштиришган.

№7 Nordea банкига ҳужум: 1,1 миллион долларнинг ўмарилиши
Интернетдаги энг йирик ўғирликлардан бири 2007 йилнинг январида россиялик хакерлар томонидан амалга оширилган. Улар Скандинавиянинг Nordea банклар гуруҳи мижозларининг пулларини ўзлаштиришган. Бунинг учун аввал оддий фишинг-ҳужум уюуштиришган, яъни банк номидан мижозларнинг электрон почталарига хат жўнатиб, спамлар ва турли интернет-ҳужумлардан асровчи дастурни таклиф қилишган. 250 нафар мижоз дастурни ўз компьютерларига ўрнатишган рози бўлишган ва шу йўл билан ўзлари билмаган ҳолда ҳисоб рақамлари, логинлари ва пароллари жиноятчилар томонидан ўзлаштирилишига имкон яратишган. Хуллас, хакерлар ҳаммаси бўлиб 8 миллион швед кронаси (ўша пайтда тахминан 1,1 миллион АҚШ доллари)ни ўғирлашган. Улар Nordea мижозлари бўлмаган одамларга ҳам хат жўнатиб хатога йўл қўйишган. Ўша одамлар банка мурожаат қилганидан сўнг полиция жиноятчиларнинг изига тушган.

№6 Citibank банкоматлари орқали 2 миллион долларнинг ўғирланиши
2008 йилда уч нафар россиялик хакерлар қўлга олинди, буни қарангки, улардан бири қиз бола экан. Улар ярим йил давомида Америкадаги Citibank мижозларининг ҳисобларини «бўшатиш» билан шуғулланишган. Хакерлар банкоматларни бузиб, электрон банк карталари эгаларининг пин-кодларини билиб олишган. 2007 йилнинг октябридан 2008 йил мартига қадар учовлон 2 миллион доллардан ортиқ пулни ўзлаштирган. Бу жиноят бўйича Юрий Ракущинец, Иван Билце ва Анжелина Китаева қўлга олинган.

№5 CardSystems Solutions Inc. компаниясига ҳужум: деярли 3 миллион доллар зарар
2005 йилнинг ёзида фирмалар ва банклар тўловлари бўйича ишлайдиган CardSystems Solutions Inc. процессинг марказига ҳужум оқибатида MasterCard International ва Visa компаниялари каттагина зарар кўрди. Хакерлар вирус ёрдамида 40 миллионта кредит картаси ҳақидаги маълумотларни ва деярли 3 миллион долларни ўзлаштиришган. Айрим мутахассислар бу жиноятга MasterCard ходимлари ҳам аралашган, деган хулосага келишган.

№4 Банкомат флешмоби: 9 миллион доллар зарар
МДҲлик хакерлар 1,5 миллиондан ортиқ америкаликларнинг маош ва ижтимоий суғурта карталари ҳақидаги маълумотларни қўлга киритиб, бир пайтнинг ўзида АҚШнинг 49 та шаҳридаги 130 та банкоматдан 9 миллион долларни ечиб олишган. Пуллар дарҳол Украина, Россия, Эстония ва АҚШдаги банкларга ўтказилган. Бу интернет-жиноятлар орасида ўта усталик билан ўтказилгани ҳисобланади.

№3 Россиялик хакерлар: 25 миллион доллар зарар
2002 йилда челябинсклик икки хакер деярли 25 миллион долларни ўғирлаганликда айбланиб қўлга олинди. Уларнинг жиноятидан Америкадаги Nara Bank, PayPal тўлов тизими ва Western Union компаниялари зарар кўрган. Хакерлар 15 мингдан ортиқ кредит карталари маъумотларини қўлга киритишган.

№2 Бразилияча фирибгарлик: 37 миллион доллар зарар
2005 йили Бразилияда машҳур фирибгарлардан бири Валдир Пауло де Алмейда қўлга олинди. Унинг 18 нафар хакердан иборат жиноий гуруҳи банк ҳисобларидан 37 миллион доллардан ортиқ пулни ечиб олган. Улар онлайн банкинг фойдаланувчиларига вирусли хат жўнатиб, уларнинг маълумотларини ўзлаштиришган. Гуруҳ кунига 3 миллиондан ортиқ вирусли хат жўнатган.

№1 70 миллион долларнинг ўғирланиши
«Шарқий Европа хакерлари АҚШ банкларидан 70 миллион долларни ўғирлади!»

Бу гап 2010 йилнинг кузида кўплаб оммавий ахборот воситаларининг бош сарлавҳасига айланди. Ўшанда Citigroup банкидан 3 миллион доллар ўғирлаган 6 нафар хакер ушланган эди. Аммо тергов чоғида ўмарилган сумма 70 миллион доллар эканлигини аён бўлди. ФҚБ маълумотига кўра, хакерлар яна 220 миллион долларни ўғирламоқчи бўлишган. Бу жиноят бўйича 20 киши қўлга олинган.

Хакерлар электрон почта ёрдамида Citigroup Inc. гуруҳига кирувчи бешта банкка ZeuS Trojan вирусини юқтиришган ва ҳисобларнинг паролларини ўзлаштиришган. Парол борми, демак, пулни ўмариш муаммо эмас!..

P.S. Интернетдаги илк жиноят 1983 йили содир этилган. Ўша пайтда глобал тармоқ ARPANET деб аталар эди. Машҳур хакер Кевин Митник Пентагоннинг асосий компьютеридаги маълумотларни ўғирлагани учун 17 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Manba: Hayol.Uz




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 2
avatar
4
Xa gap yoq
avatar
5
xakerlarga gap yo'q lekin
avatar


Ахборот-таҳлилий портали 2016 йилнинг 17 Февралда давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 0005786. Муассис: "Namanganliklar Group" x/k манзили 160100, Наманган шаҳри, Зерабулок кўчаси, 12-уйМатериалларимиздан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда «Фойдаланиш шартлари»га амал қилиниши шарт.
 Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган.
 | |