Загрузка...
Главная

“Қўшхотинлик” касри 

Ko'rildi: 4731 Qo'shildi: 10-05-13
"Қўшхотинлик” касри

"Нима бўлса бўлди, шу тўрт боламнинг келажаги учун ҳам яшашим керак”... Раъно (исмлар ўзгартирилган) эрининг хурмача қилиқлари ҳали-вери тугамаслигини ич-ичидан сезса ҳам, боши бир кун келиб деворга тақ этиб тегса кўзи очилар, деб сабр қилиб келарди. Аммо буниси ҳаммасидан ҳам ошиб тушди...

Акбар аёлларга суяги йўқроқлардан. Гоҳида уйда кўзлари мўлтираб ўтирган хотини ва тўрт боласи ҳам кўзига кўринмайди. Шифокор бўлгани учун ҳар кун турли беморларни кўравериб дийдаси қотиб кетганиданми, ўз хотинига раҳм ва меҳрни унутган. Бунинг устига анчадан бери ўз қўл остида ҳамшира бўлиб ишлайдиган Наргизага ҳам кўз олайтириб ниҳоят домига илинтирди. Аслида Наргиза ҳам эрга ёлчимаган, битта боласи билан борар жойининг тайини йўқ, Акбарга ўхшаган бирор суюқнинг этагидан ушлаб олса, армонсиз аёллардан. Хуллас, улар гапни бир ерга қўйиб, турмуш қуришга аҳд қилишди. "Қўшхотин олсам, нима бўпти” деб ўйларди Акбар ўзича. "Тўрт болани туғиб қўйган Раънонинг юзига қараб умримни ўтказайми энди. Йигит давримни суриб қолай. Эртаси бир гап бўлар. Раъно ҳам кўнади. Кўнмай қаёққа борарди ахир, бу болалар билан сиғадиган бирор тешик тополмайди мендан кетиб. Кўнса, яшасин, бўлмаса катта кўча...” Ана шундай хаёллар билан уйига кириб келган Акбар қаршисига югуриб чиққан жажжи боласига ҳам эътибор қилмай катта қизига "онанг қани, чақир, гап бор” деб ўдағайлади. Сўнг меҳмонхонасига кириб, креслога ястаниб ўтираркан, ортидан кириб келган хотинига кўзи тушиб бирданига негадир кўнгли ғалати бўлиб кетди. Шунча йиллик турмуши давомида қанча гап-сўзлар ўтмади орадан дейсиз. Ҳаммасига чидади-я. Ҳалиям бу хотиннинг юраги тошдан экан. Дардини ичига ютди. Чиқаришига ҳам қўймасди-да...

– Кел хотин ўтир, - деди Акбар унинг юзига қарамай.

Раъно Акбарнинг қаршисига омонатгина чўкди. Яна бирор ғалванинг бошланишидан ҳадиксираб турган юраги тез-тез урарди. Тўғри, улар турмуши давомида кўп яхши кунларни ҳам бирга бошдан кечиришди. Аммо ҳар-ҳар замонда бўладиган Акбарнинг қолипда турмайдиган қилиқлари бу муштипарнинг жон-жонидан ўтиб кетарди. У эрининг юзидан бирор маънони англармикинман деб тикилиб қаради. Ўзи гап бошламаса гапирмайди.

– Хотин, бўладиган гап шуки, мен биттасига уйланаман...

Раънонинг аввалига юзи оқарди. Худди бозордан бир мол сотиб оламан, дегандек гапирдими?! Энди хотинининг бунга нима дейишини сўраяпти. Нима десин... Йўқ, нима дейсан, деб сўраб ҳам ўтирмайди барибир. Фақатгина хабардор қилиб қўйяпти шекилли. Раъно эрининг феълини яхши билади. Бир иш қилишидан олдин хотини билан маслаҳатлашиб, унинг фикрини сўраб ўтирмайди. Лекин бу иш ишми?!

– Ўзи ҳам бегона эмас, бирга ишлаймиз, - давом этди Акбар хотинининг юзига қарамай. – Танийсан-ку, Наргизага. Бошида эри йўқ, бироз қийналибди бечора. Ўз никоҳимга олиб, бирга яшайман. Ўйлама, сени ташлаб қўймайман. Биласан-ку мен унақа номард эркаклардан эмасман...

"Ҳа, биламан” киноя билан ичида ўйлади Раъно. Энди нима қилсин?! Сочини юлиб, жанжал кўтариб, шаллақилик билан эрининг ёқасидан олсинми? Аслида булардан бирор фойда бормикин? Балки Акбар ҳам хотинининг худди шундай қилишини кутаётгандир. Ҳеч бўлмаса, дардини ичига ютмай, бироз ташқарига тўкиб-сочармиди?! Ё яна ичига ютиб индамай кетаверсинми?..

– Хуллас, гап шу, - деди Акбар совуққонлик билан. – Ҳозирча биз бу ерда яшамаймиз. Нариги кўчадаги уйимизда яшаймиз. Болалардан хабар олиб тураман.

Акбар гап тамом дегандек ўрнидан турди. Раъно ҳам у кетиб қолишидан қўрққандек дик этиб турганди, Акбар ўнг қўли билан унинг елкасидан босиб жойига қайтариб ўтирғизди. Бармоғини лабига босиб, овозингни ўчир, гап тамом деб эшикка қараб юрди.

– Инсофингиз борми ахир?..

Ортидан синиққина айтилган бу сўз Акбарни яна хотинига қаратди ва жойига қайтиб келиб ўтирди.

– Менга қара, сенга нима етмаяпти ўзи? Еганинг олдингда, емаганинг кетингда бўлса, болаларинг бирор нарсага зориқмаса...

– Болаларингмас, болаларимиз денг ҳеч бўлмаса...

– Мен гапимни айтдим, чидасанг шу, чидамасанг ана катта кўча. Бу масала сенсиз ҳам ҳал бўлиб бўлган.

Акбар шаҳд билан ўрнидан туриб чиқди-кетди...

Орадан беш-олти кун ўтгач, Раъно эри ҳам, кундоши ҳам ишда эканлигидан фойдаланиб, нариги уйидаги ўзига тегишли бўлган нарсаларини олиб келишга борди. Уйда ҳеч ким йўқ. Олиб чиққан нарсаларини бир йўловчи машинага ортиб уйга қайтиб келганидан бироз вақт ўтгач, кимдир хабар берганми, эри кириб келди. Ўртада жанжал чиқди. Эмишки, ўзиникига қўшиб, эрининг ҳам баъзи нарсаларини олиб кетганмиш ва бунга ҳаққи йўқмиш. Раъно хўрликдан ўзини қўярга жой тополмасди. Энди бундан ортиғига тоқат қилиб бўлмайди. Бир-икки аччиқ-тизиқ гаплардан сўнг барибир эрига гап уқтириб бўлмаслигини сезиб, болаларини олиб уйдан чиқди. Бу номард ҳали-вери инсофга келмайди, деб хаёлидан ўтказган Раъно шу қилганига кундоши яшаб турган ўша уйга бориб яшамасамми, дея ҳозиргина қайтиб келган уйига қараб йўл олди. Бундан хабар топган Акбар индамай қўйдию, лекин ўша куни Наргизани ҳар доим болалари билан яшаб келган уйига кўчириб келди. "Бузоқнинг югургани сомонхонагача экан. Ўзинг шуни хоҳладингми, энди ўзингдан кўр”. Хотинига қасдма-қасд Акбар эртаси куни бориб Раънони ҳам болалари билан бирга шу ерга кўчириб келди. "Кундошлик аламини энди тотасан, кўриб куйиб яшаб юравер”...

Раъно шунча йиллик келинлик уйига яна қайтиб келганида кундошини битта боласи билан кўриб ҳам дардини ичига ютди. "Нима бўлса бўлди, шу тўрт боламнинг келажаги учун ҳам яшашим керак”... Раъно эрининг хурмача қилиқлари ҳали-вери тугамаслигини ич-ичидан сезса ҳам, боши бир кун келиб деворга тақ этиб тегса кўзи очилар, деб сабр қилиб келарди. Аммо буниси ҳаммасидан ҳам ошиб тушди... Орадан ўтган бир ҳафтанинг унинг учун нечоғлик оғир кечгани ёлғиз Худога аён. Фарзандларимнинг келажаги учун яшайман деган аёл турмушдаги ҳар қандай дардга бардош бериши мумкин экан. Лекин сабрнинг ҳам чегараси бор, унинг косасидан тошиб чиққани ортиқча... Эрининг ўз болалари билан иши бўлмай қолди. Арзимаган сабаблар билан Раънони ҳам ҳар қадамда камситавериши жон-жонидан ўтиб кетди. Ниҳоят бир куни портлади. Бунга энди чек қўйиш керак, бу уйда ё мен яшайман, ёки кундошим... Унинг оғзидан бу гап чиқар-чиқмас, кўзига келиб урилган мушт зарбидан ортига йиқилди. Атрофида чирқираб айланиб қолган болаларига ҳам қарамай Акбар Раънонинг дуч келган жойига қўлидаги шимининг тасмаси билан аямай урарди...

Шу ерда эътиборни Наргизага қаратсак, бу аёл ҳам ҳаётда ўзига яраша қийинчиликларни кўрган, аммо бундан тегишли тўғри хулосани чиқара олмагани аниқ эди. Акбар билан турмуш қуришга аҳд қилишганида энг аввал ўзи ва боласига алоҳида уй сотиб олиб беришини шарт қилиб қўйганди. Бироқ қарасаки, бу шартнинг амалга ошишига ҳеч кўзи етмаяпти. Қолаверса, тезроқ даъво қилиб эришай деса, ўртада қонуний никоҳ ҳам тузилмаган. Шунда у бор-будини йиғиштириб бу уйдан чиқиб кетди. Акбар ҳам билганингни қилмайсанми, дегандек ортидан қўл силтаб, қилган ишларига пушаймон бўлди...

Бироқ ўша куни хотинини бесабаб аёвсиз калтаклаганда қаттиқ жароҳат етказганидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари қаршисида бош эгиб, барча қилмишларини тан олишдан бошқа чораси қолмаганди. Суриштирувлар давомида унинг барча ноқонуний хатти-ҳаракатлари ўз исботини топди ва тегишли жазосини олди.

Вақт олий ҳакам. Акбар сингари ўз ҳайвоний нафсини оиласидан, фарзандларидан-да устун қўювчи нусхалар эртага нафақат эл-юртнинг, қолаверса улғайиб, эс-ҳушини билиб қолган болаларининг юзига қандай қараркин. Ахир кишининг вақти келиб, виждон олдидаги энг оғир сўроқда берадиган жавоби бўлсин.

У. ҲАМДАМОВ, Прокуратура органларида терговни назорат қилиш бўлими прокурори
Ж. ЮЛДАШЕВ, Қўқон шаҳар прокуратураси катта терговчиси

С. САФАРОВ, журналист



Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 5
avatar
7
Ota bölmay xar balo böl!
avatar
8
degan ekan Alisher Navoi
avatar
9
ODAM BORKI, ODAMLARNING NAQSHIDIR.
ODAM BORKI, XAYVON UNDAN YAHSHIDIR!!!
avatar
10
xayvonlar daje bolalariga mexrliroq buladi
avatar
11
bunaka erkelaga Alloh bas kemasa bandani q6lidan hchnma kemidi . Allohni 6zi hammaga insop bersin..!
avatar


Ахборот-таҳлилий портали 2016 йилнинг 17 Февралда давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 0005786. Муассис: "Namanganliklar Group" x/k манзили 160100, Наманган шаҳри, Зерабулок кўчаси, 12-уйМатериалларимиздан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда «Фойдаланиш шартлари»га амал қилиниши шарт.
 Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган.
 | |