Загрузка...
Главная

Жиноятчи қочиб қутулолмади 

Ko'rildi: 2755 Qo'shildi: 23-12-12

Жиноятчи қочиб қутулолмади

Инсон ҳаёт синовларига ҳар доим ҳам бардош беролмас экан. Бунга аввало унинг иродасизлиги сабабчи бўлади. Агар инсон ақлини ишга солмаса, бунданда ёмони йўқ. У бундай вазиятда ўзлигини, борлиғини унутади. Бироқ бир кун келиб боши деворга урилганда кўп нарсани бой берганлигини англайди. Афсуски, унда жуда кеч бўлган бўлади. Агар Ҳамидулло Қосимов ақл-фаросат билан иш тутганда ҳозир панжара остида ўтирмаган бўларди.

Кўпчилик қишлоқ ёшлари сингари Ҳамидуллонинг ҳам ишқи машинага тушиб қолди. Техникага қизиқиши туфайли ҳар қандай русумдаги машина унинг кўзига чўғдай кўринарди. "Қани энди менинг ҳам шундай тойчоғим бўлса, гижинглатиб кўчаларни тўлдириб юрардим. Таниш-билишлару дўстларимнинг ҳаваси келарди. "Бип-бип. Қочинг!” дердим”, дея ширин хаёлларга бериларди. Аммо "Ҳолва” деган билан оғиз чучимайди”. Бинобарин, осмондан машина ёғилмайди. Шунинг учун Ҳамидулло ўзини ўтга-чўғга уриб кўпроқ пул топиш пайига тушди. Ҳадеганда иши юришавермади. Қолаверса, яхши ўқимаганлиги ва бирон касбнинг бошини тутмаганлиги панд берди. Алал-оқибат Россияга бориб пул ишлаб келиш ниятида бўлган бир гуруҳ қишлоқдошлари сафига қўшилди. Россия шаҳарларию қишлоқларида иш излаб сарсон бўлди. Ит азобини кўрди. Охири бир фермернинг чўчқахонасига ишчи бўлиб ёлланди. Бу ерда ҳар қандай оғир ишларни бажаришга мажбур бўлди. Бошқа иложи йўқ эди. Аста-секин бу ердаги шароитга кўникди. Қўли бироз пул кўрди. Лекин Ватан соғинчи, оила аъзоларининг дийдорини кўришга бўлган интилиш Ҳамидуллога тинчлик бермасди. Шунинг учун орадан икки йил ўтгач, у қишлоғига қайтди. "Яхши ният – ярим мол” деганларидек, Ҳамидулло машиналик ҳам бўлди.

"Уйингда ярқираб турган яп-янги машинанг турса-ю, уни минолмасанг. Нима эмиш, гувоҳномасиз машина бошқариш мумкин эмас эмиш. Ҳе, ўргилдим қонун-қоидаларингдан”, дея хуноби ошарди Ҳамидуллонинг. Аммо нима қилсин, қонун ҳамма учун баробар. Шунинг учун Ҳамидулло ҳайдовчилар тайёрлаш мактабига кириб ўқишга мажбур бўлди. Янги-янги қоидалару аллақандай "шаблон”лар унинг тинкасини қуритарди. "Шу расмиятчиликлар кимга керак экан. Ахир бинойидай машина ҳайдасам”, дея ғудранган Ҳамидулло амал-тақал қилиб ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам олди. Оқибатда у ҳайдовчилар мактабини битирган бўлса-да, масъулиятни тўла ҳис этолмаганича қолди. Унинг назарида ҳамма қоидаларга ҳам тўлиқ риоя қилавериш шарт эмасди. "Мана, бўларкан-у” дерди машинасини елдай учириб бораётган Ҳамидулло. Лекин "Кўза кунда эмас, кунида синади” деганларидек, Ҳамидуллонинг боши тошга тегди.

Ўша куни Ҳамидулло тунги соат иккиларда ўртоғиникида бўлган ўтиришдан кайфи чоғ қайтаётган эди. Чунки шу куни айрим ўртоқлари Ҳамидулло ҳақида, унинг енгил машинасию Ҳамидуллонинг ўғлига қиладиган суннат тўйи ҳақида бироз оғиз кўпиртириб гапиришганди. Бу мақтовлар анчагина отиб олган Ҳамидуллога парвоз бағишларди. У тобора тезликни ошира бориб, йўл четига чиқиб кетганини ҳам сезмай қолди. Бир пайт "тақ” этган товушни ва машинасига урилган нарсани элас-элас илғаб, тормозни босди. У машинасидан тушиб сал нарида қорайиб ётган нарсага қараб қотиб қолди. Не кўз билан кўрсинки, рўпарасида мажақланиб турган инсон гавдаси ётарди. Қалтираётган қўлларидан фонарчаси тушиб кетгандагина Ҳамидулло ўзига келди. Атрофига олазарак назар ташлади. Кимсасиз адир йўлида ҳеч қандай машина кўринмасди.

"Ўлдинг Ҳамид! Энди нима қиламан? Ахир одам ўлдириб қўйибман-ку! Мени Худо урди. Энди қамалиб кетишим тайин. Акром "Маст ҳолда рулга ўтирма. Яхшиси, бугун ётиб қола қол” деган эди-я. Мен аҳмоқ бўлса шошилдим. Тўхта, тўхта, атрофда ҳеч зоғ йўқ-ку. Ким билиб ўтирибди. Яхшиси, қочиб қолганим маъқул”.

Ҳамидулло шундай дея қуённинг расмини чизди. Уйига ўғридай пусиб кириб, машинасини ўтинхона олдидаги айвонга яширди. Олд ойнаси пачоқланиб кетган "Нексия”си кўзига балодай кўринди. Сўнгра Ҳамидулло кўчадан бир челак қуруқ тупроқ олиб кириб машинасининг устига сочиб юборди. "Ахир излаб келишса ҳам ойнаси синган, чанг босган машинага ким ҳам эътибор берарди”, дея машинасининг устига 2 боғ ўтин ҳам ташлаб қўйди.

Энди воқеани шу ерда тўхтатиб, ҳодисаларнинг кейинги тафсилотига ўтамиз. Туман ички ишлар бўлимига ярим тундан ўтганда номаълум машина одам уриб кетганлиги ҳақида хабар қилинди. Дарҳол тезкор гуруҳ аъзолари воқеа содир бўлган жойга етиб келишди. Бу орада тонг оқара бошлаган эди. Номаълум ҳайдовчидан ойна синиқларидан бошқа ҳеч қандай из қолмаганди. Тезкор гуруҳ аъзолари сўраб-суриштирув ишларини бошлаб юборишди. Шу яқин атрофда жойлашган қишлоқдаги хонадонларни бирма-бир кўздан кечира бошладилар. Афсуски, жиноятчи ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ эди. Вилоят йўл-назорат ходимлари, барча ички ишлар ходимлари оёққа туришди. Кўнгилли қидирувчилар ёрдамга келишди. Улар орасида биз юқорида тилга олган Ҳамидулло Қосимов ҳам бор эди. У зўр бериб, жон куйдириб жиноятчини "қидиришарди”. Уларнинг уйига кириб келган милиционер йигит синчиклаб атрофни кўздан кечира бошлаганда Ҳамидуллонинг юраги товонига тушиб, юраги музлаб қолай деди. Милиционер йигит чаққонлик билан ўтинларни суриб, машинани кўздан кечира бошлади. Чанг-тупроққа беланиб ётган "Нексия”нинг синган ойналари унда шубҳа уйғотди. Милиционер йигитнинг касбий сезгиси алдамаганди. Машина эшигини очганди, ўриндиқларда ҳеч қандай ғубор кўринмади. Олд ғилдирак атрофидаги букилиб кетган жойлар ва ғилдиракка ёпишиб қолган қон излари кўриниб турарди.

– Сиз қўлга олиндингиз!

Милиционернинг қатъий овозини эшитган Ҳамидулло турган ерига михланиб қолди. "Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади”, деганларидек, Ҳамидулло Қосимовга ҳам сичқоннинг ини минг танга бўлиб қолди. У қилмиши учун тегишли жазосини олди. Агар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилганда бошига бу кулфатлар ёғилмаган, фарзанди эса чирқиллаб қолмаган бўларди. Зеро, "Йўл қоидаси – умр фойдаси” деб бежиз айтмаганлар.


Ҳабиба ЎКТАМ.





Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar


Ахборот-таҳлилий портали 2016 йилнинг 17 Февралда давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 0005786. Муассис: "Namanganliklar Group" x/k манзили 160100, Наманган шаҳри, Зерабулок кўчаси, 12-уйМатериалларимиздан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда «Фойдаланиш шартлари»га амал қилиниши шарт.
 Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган.
 | |