Главная

Смартфон ҳақида 7 та чўпчак 

Ko'rildi: 694 Qo'shildi: 16-11-16

Тан олиш лозим, смартфон жуда мураккаб технологик қурилма. Унинг ишлаши ва компонентлари борасида барчамизда тўғри тасаввур бўлмаслиги мумкин. Мазкур мақолада смартфон тўғрисида кенг тарқалган хато фикрларни жамладик. Ушбу чўпчак фикрлар билан яхши танишиб олсангиз, келажакда смартфон харид қилганингизда улар сизга асқотади.

1) Камерада мегапикселлар қанча кўп бўлса, у шунча яхши суратга олади

Бекорга биз ушбу маълумотни биринчи қаторга жойлаштирмадик. Кўпчиликда айнан камера борасида мана шундай хато фикр мавжуд. Тўғри, қачонлардир ҳали смартфонлар кучли дастурга эга бўлмаган пайтларда камеранинг суратга олиш сифати ундаги мегапикселлар сонига боғлиқ бўлган. Бироқ айни пайтда смартфонлардаги камеранинг тасвирга олиш кучи, асосан, учта параметрга, жумладан, тасвирларни қайта ишлайдиган чаққон процессор, камера модули ва унинг қўшимча параметрлари (матрица ўлчами, диафрагма, қарши ёрқинлик модули ва бошқалар) ва қайта ишлаш алгоритмларига боғлиқ. Кучли ва сифатли камерага эга смартфон арзон нархда сотилиши мушкул. Агар бизнинг бу фикримизга қўшилмасангиз, сўнгги вақтда смартфон саноатидаги бошқа бир мисолни келтирамиз. Дейлик, Samsung Galaxy S6 камерасининг сенсори 16 МП бўлган бўлса, ундан кейин чиққан Samsung Galaxy S7 12 МПли дуал пиксель технологиясидаги камера билан жиҳозланди. Шунинг ўзи ҳам гап мегапикселларда эмаслигини исботлайди. Шу боис смартфон сотиб олишдан олдин тармоқда тарқалган камера тавсифлари билан танишиб чиқишни маслаҳат берамиз.

Smartphone-Camera-Roundup-hero-768x307

2) Батареянинг сиғими қанча кўп бўлса, смартфон шунча узоқроқ ишлайди

Ҳа, бу фикрда ҳам жон бордай туюлади. Бироқ батареянинг ишлаши турли омиллар билан чамбарчас алоқадор. Масалан, смартфон дисплейининг диагонали қанча кам бўлса, батарея сарфи шунча қисқаради ёки аксинча. Шу билан бирга процессорнинг қуввати ҳам батарея сарфига жиддий таъсир кўрсатади. Бу жараёнда, айниқса, операцион тизимнинг ишлаб чиқарувчи томонидан қай даражада ортималлаштирилгани ҳам катта аҳамиятга эга.

best-smartphone-battery-670x335

Шунинг учун смартфон харид қилганда батарея сиғими, экран диагонали ва матрицаси ҳамда операцион тизим версиясини ҳисобга олиш тавсия этилади.

3) Процессорда ядролар сони қанча кўп бўлса, смартфон шунчалик тез ишлайди

Бу смартфон ҳақидаги энг ёлғон чўпчак бўлса керак. Сабаби, аввал ҳам сайтимиздаёзганимиздек, процессорлардаги ядроларнинг кўплиги қурилмада бажариладиган жараёнларни тақсимлаш натижасида гаджетнинг ишлашини тезлаштириб беради, холос. Ядроларнинг кўплиги, асосан, оғир файллар ва графика билан ишлашда қўл келади. Шунинг учун агар сиз смартфондан ўйин ўйнаш, юқори форматли тасвирлар билан ишлаш учун фойдалансангиз, у ҳолда саккиз ядроли процессор билан жиҳозланган қурилмани харид қилганингиз маъқул. Агар смартфонни суҳбат, интернет-сёрфинг, электрон почта ва мессенжерларни ишлатиш учун харид қилмоқчи бўлсангиз, унда тўрт ядроли гаджет сизнинг талабларингизга тўлиқ жавоб бера олади. Унутманг, процессорда ядролар қанча кўп бўлса, унинг нархи шунча қиммат бўлади.

vePhLEe5BEmHNtz2fxjeEbE5LMTjm

4) "Бренд” учун пул тўлаш — нодонлик

Баъзида қулоғимизга шундай фикрлар ҳам чалиниб қолади: "Бирор машҳур бренд учун пул тўлаш шарт эмас, бошқа ўртаҳол ишлаб чиқарувчилар ҳам "бренд”лардан қолишмайдиган смартфонлар тайёрлаяпти. Процессори, тезкор хотира ва ҳатто экрани бир хил, зато нархи анча арзон”. Бир қарашда ушбу мулоҳазаларда мантиқ бордай кўринади. Аммо унга ишонишдан олдин яна бир бор ўйлаб кўриш зарар қилмайди. Сиз қанчалик арзон смартфон харид қилсангиз, ундаги параметрлар шунчалик кучсиз бўлади.

JBL-11-768x440

Соҳада етарли тажрибага эга "бренд”ларнинг қурилмалари арзон нархдаги гаджетлар сотадиган ишлаб чиқарувчилардан бир қадар қиммат бўлса ҳам, "бренд”ларнинг маҳсулотлари энг илғор ва инновацион технологияларда тайёрланганига шубҳа йўқ. Бундан ташқари, кафолат хизмати ва дастур профилактикасини ҳам унутмаслик керак. Тўғри, сиз балки қиммат қурилма харид қилгандирсиз, бироқ ундан хотиржам фойдаланишга нима етсин. Албатта, бу билан биз сизни фақат "бренд”лардан маҳсулот харид қилинг демоқчи эмасмиз, шунчаки бир қадар арзон қурилмани сотиб олиб, кейин афсусланишдан қайтармоқчимиз. Ҳа, дарвоқе, жуда арзон таклифлардан эҳтиёт бўлинг.

5) Сотувчи ҳар доим "пулига арзийдиган” смартфонни таклиф қилади

Бекор гап. Биринчи навбатда, сотувчи савдоларидан бонус оладиган қурилмани ёки омбордаги "умрини яшаб бўлган” смартфонни сизга таклиф қилишга уринади. Албатта, сотувчи таклифнинг яхшилигига сизни ишонтирмоқчи ҳам бўлади. Бироқ буларнинг барчаси шунчаки бизнес: сиз харидор, у сотувчи. Шунинг учун смартфон сотиб олишдан аввал ўзингиз айнан қандай конфигурациядаги гаджетни исташингизни аниқлаб олинг. Айниқса, маблағингиз кам бўлса, шошмаганингиз маъқул. Албатта, бир нечта дўконга кириб, нархлар ва таклифлар билан танишинг. Смартфонни сотувчини гапига қараб эмас, ўз эҳтиёж ва истакларингизга қараб танланг.

6) Плёнка ёки ҳимоя ойнаси экранни зарбалардан ҳимоя қилади

Ҳозирги экранлар анча мустаҳкам, бироқ плёнка ёки қўшимча ойна уларни зарбалардан ҳимоя қилмайди. Тўғри, турли қирилишлардан уларнинг фойдаси бор, бироқ кучли зарба натижасида чатнашнинг олдини ололмайди. Экранга плёнка ёпиштириш унинг сифатини сақлашга ёрдам беради, холос. Қўшимча ойна, аксинча, юқоридан тушиш вақтида экранга зарар етказиши мумкин. Одатда, экранларга тушиб кетганда зарбани тенг тақсимлаб, уни кучсизлантиришга хизмат қиладиган технология татбиқ этилган бўлади. Ҳимоя ойнаси мазкур жараёнга салбий таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун қўшимча ойна ўрнига чехолдан фойдаланган маъқул.

zashchitnaya-plenka-na-telefon-850x330-768x298

7)  Мобил интернетнинг тезлиги смартфонга боғлиқ

Агар смартфонингиз 300 Мбит/с мобил интернетни қабул қилиш тезлигига эга бўлса-ю, тармоқ оператори керакли интернет тезлиги билан таъминламаса, жаҳондаги энг илғор смартфон ҳам бунда чорасиз қолиши аниқ. Имкони борича энг тезкор ва сифатли мобил интернетни тақдим қиладиган оператор хизматларидан фойдаланиш керак. Айниқса, бу нарса Ўзбекистон шароитида жуда долзарб. Телефон H+ белгисини кўрсатиб туради, бироқ интернетнинг тезлиги E (EDGE) стандартига тенг бўлиши ҳам мумкин.



Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/namanganliklar

Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |