Загрузка...
Главная

Отасиз ўтган дабдабали тўй 

Ko'rildi: 2357 Qo'shildi: 28-01-17

Хуршида янги, ҳали бўёқ ҳиди ҳам кетмаган уйининг кўркига кўрк қўшиб турган пардаларни томоша қилиб, жилмайиб қўйди. Кейин ўнг оёғида турган оғриқдан оғриниб, юмшоққина мебелга ўтирди. Оёғини силаркан, хаёл қилди. «Шунча йил бекорга ишламабман. Савил оёғим панд бермаган-да, ўғлим машинали ҳам бўлиб қоларди», деб ўйлади. Шу жиринглаган телефон экранидаги етти билан бошланувчи узундан-узун рақамни кўриб, эри қўнғироқ қилаётганини тушунди-да, тез жавоб берди.

— Ассалому алайкум! Дадаси, яхшимисиз?

— Яхшиман, — шошиб уйдаги ҳол-аҳволни сўраган Акром асосий гапга кўчди. — Ўғлингга қиз топилдими?

— Ҳа! Кеча опангиз билан совчиликка бориб келдик. Кўнишди, — деди Хуршида. Эрининг айтажак саволларини чамалаб, ўзи жавоб беришга тушди. Ахир шунча жойдан қўнғироқ қилишнинг дақиқаси фалон пул туради. — Танисангиз керак Мақсуд акани. Ҳув, шифохонанинг кўчасида уйи. Ўзи шифохонада ҳисобчи бўлиб ишлайди. Хотини ҳамшира. Қизи ҳам онасининг изидан борган экан. Ўтган йили ўқишни тугатибди.

— Эслолмадим. Майли, қачонга белгиладинглар тўйни? — шошиб сўради Акром.

— Билмадим. Қиз узатишга тайёргарлигимиз йўқ, деб ўтиришибди. Мен тез ўтказиб олишимиз керак, дея тайинладим. Шу ойнинг охирига тўйхонани ҳам гаплашиб қўйдим, — дея Хуршида ҳисобот беришда давом этаётганди, эри гапини шартта бўлди.

— Бугун ўғлингнинг номига беш юз жўнатдим. Олинглар.

— Хўп, дадаси, хўп, — деди пулнинг дарагини эшитган Хуршида уни нимага ишлатишини хаёл қилиб.

— Бўпти, яхши ўтиринглар, ҳаммага салом айт, — дея турмуш ўртоғи ҳам гўшакни қўйди.

Хуршида оёғида оғриқ бироз босилгандек бўлгач, ошхонага чиқди. Қизи куймаланиб нимадирлар пишираяпти. Хуршида доим Севарага қараб ҳайрон қолади, қўли бирам ширин, бирам пазандаки. Мана, ҳозир ҳам рогалик шаклида тугилган сомсалар пишираяпти. Биттасини қўлига олиб еб кўрди-да, мазасидан оҳ-оҳ деб юборди.

— Мунча мазали бўлмаса!

Қизи раҳмат деб қўя қолди. Хуршиданинг хаёлига йиллаб чет элда юрганию Севара пишир-куйдирни қўшни келинчакдан ўргангани келмади. Ўғлини уйлантиргач, қизини ҳам узатишни ўйлади фақат.

— Даданг салом айтди, — деди ошхонанинг чиройини очган мебелларга кўз югуртириб.

— Саломат бўлсинлар, — дея кўзлари порлаб кетди Севаранинг.

— Тўй қачон деб сўраб ётипти даданг ҳам.

— Келишга чипта олиб қўйиши керак-да, дадам, —  деди қизи тугилган сомсалар юзига тухум сариғини суртаркан.

— Даданг тўйга келмайди, — Хуршиданинг тилига бу сўз шунчалар осон кўчдики, худди отанинг ўз ўғлининг тўйига келиш-келмаслиги ҳеч қандай аҳамият касб этмайдигандек. Севаранинг кўзларида қувонч ҳайратга айланди:

— Нега? Акам уйланаяпти-ку!

— Даданг уйланаётгани йўқ-ку, — деб онаси қўполдан-қўпол ҳазил қилиб, кулиб юборди. Сониялар ичида қизининг кўзларидан ёш думалаётганини кўриб, уни юпатиш ниятидами ёки ўзини оқлаш мақсадами, гапида давом этди. — Даданг ишидан бир кун ҳам жавоб сўрай олмайди. Меҳнат таътили берилмаса бунақа ишларда. Тўйга келиб-кетишга бир ҳафта вақт кетади. Етти кун ишга чиқмади дегани, ёғлик жойдан қуруқ қолди дегани. Бунинг устига, ўша келиб-кетадиган йўлкира пулию бир ҳафталик иш ҳақига донғи кетган артистни тўйга чақиришимизни отангнинг ўзи айтди, — деб сапчиб ўрнидан турди. Севара онасининг вой-войлаб шошиб уйга кириб кетаётганига аҳамият ҳам бермади, қўлида сомсалар тугилган патнисни кўтариб, газ печининг очиқ эшигига тикилиб қолди.

Севара эсини танигандан буён қайси қувончли кунда, байрамда, туғилган кунида бутун оила жамулжам бўлганини эслай олмади. Аввалига онаси хорижда ишлади. Йилда бир марта келарди, холос. Мана, икки йилдирки, оёғидаги оғриқ сабаб уйда ўтирибди. Ҳали кўчиб келишганини икки йил бўлмаган уй ҳам онасининг уйдан узоқда ўтган кунларининг ҳосиласи. Энди дадаси хорижда ишлашни бошлади. Тўй баҳона дадамга уйга келади деб юрган Севара ҳали ҳам акасининг тўйи отасисиз ўтишини тасаввур ҳам қилолмаётганди.

«Наҳотки, дадам яккаю ёлғиз ўғлининг бахт тўйига келмаса? Ахир тўй-томошаларни яхши кўрарди-ку жуда. Шунча тер тўкиб, тўйга-тўйга деб пул ишлаб топиб жўнатаяпти. Уйнинг таъмиридан кўнгли тўлмаган онаси яна қайтадан «ремонт» қилдирди. Шунга кетган пулга келиб кетса ҳам бўларди-ку! Акасига отаси оқ фотиҳани ким беради?» Шу хаёллар ичида ўтирган Севаранинг ҳушини онасининг шанғиллаган овози учирди.

— Бўлмайди у артист! Овсинимнинг ўғли уйланганида ҳам ўша келган. Менинг тўйим уникидан зўр бўлиши шарт. Пули қиммат бўлса, биз айтганни гаплаш. Вақти йўқ, дейсанми, унда қўшаман устига деб кўр-чи, — дерди Хуршида қўл телефонини қулоғига тутиб асабийлашган ҳолда.

Овсинининг ўғлинининг тўйини видеода қош чимириб кўрган Хуршида «Асрорнинг тўйини бундан ҳам дабдабали қиламан!» дея яна хорижга кетиш жадалига минганди. Оёқдаги дард оёғига болта бўлмаганда кетарди ҳам. Ҳеч иложини тополмагач, ўғлининг ўқиши борлиги сабаб туппа-тузук ишда ишлайдиган эрини жўнатиб юборди. Мана энди, орзуси ушалаяпти.

Севара аввалига кичкина аммасига йиғлади. «Дадамга айтинг, тўйга келсин», деб. Аммаси келинойисига шу мавзуда гап очиб, балога қолди. Шу билан тўйгача аразлаб кетди.

Акасига «маросимларларни камхаржроқ ўтказиб, дадамни тўйга олиб келайлик», деганни ҳам фойда бермади, Асрорнинг пойтахтдан курсдошлари келармиш, уятга қолмаслиги учун куёв навкарда энг сўнгги русмдаги бир хил машиналар бўлиши шарт экан.

Тўйдан бир кун олдин дадаси уйга қўнғироқ қилганида гўшакни кўтарган Севара «Салом», дейиши билан йиғлаб юборди. Дадаси ҳам нима дейишни билмай лол қолди. Охири «Қизим, сенинг тўйингга, албатта, бораман!», деб гўшакни қўйди.

Мана, тўй ҳам бошланди. Хуршида орзу қилгандек дабдабали. Айниқса, келин-куёв ўтирадиган шоҳсупанинг безаги ҳамманинг ҳушини ўғирлади. Дастурхондаги неъматлардан меҳмонлар шошиб қолишди. Саҳнага замонамизнинг машҳур хонандаси таклиф қилинганда эса қийқирийлару қарсаклардан тўйхона ларзага келди. Ялтироқ кўйлакларни кийиб, калта сочига узун соч улатган Хуршида тилла узук тўла қўли кўксига қўйиб, тўйхонани меҳмонларнинг «Зўр тўй бўлаяпти! Гап йўқ», деган мақтовларидан сархуш айланди. Асрор ҳам гердайиб келиннинг ёнида ўтирибди. Битта Севара билан кичик аммасининг кўзлари қизарган. Пана-паналарда йиғлаб юришибди. Тўйнинг охиригача давра рақсга тушаётган меҳмонлардан бўшамади. Келин ва куёвнинг ота-оналари даврага таклиф қилинганида эса Хуршида опа тўлиб-тошиб гапирди. Кейин телефонни микрофонга тутди. Микрофондан «Ўғлим бахтли бўл! Қўша қаринглар», деган овоз эшитилди. Акром бошқа ҳеч нарса деёлмади. Бир дақиқалар телефоннинг шиғир-шиғир товуши эшитилиб турди. Охири Хуршида қизил тугмани босди-да, отанинг ўрнига тўйга келган санъаткорга навбат берди...

Севара йиғлаб тўйхонадан чиқиб,  югуриб кетди. У бир пайтлари яшаган уйларининг олдидаги дадаси акаси иккаласини ўйнатиб ўтирадиган ёнғоқ дарахтининг ёнига тезроқ боришни истарди...

Тўйхонада эса Акромнинг икки ойда топадиган пулига келган хонанда пинагини ҳам бузмасдан «қўшиқ куйларди...»

Шоира ВАФОЕВА




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |