Загрузка...
Главная

Бир аёл қисмати ёхуд иккинчи хотин 

Ko'rildi: 2191 Qo'shildi: 22-10-17


(Реал воқеалар асосида ёзилди)

Майин эсаётган баҳор шамоли дераза олдида ўтирган Мадинанинг гўзал юзларини силаб ўтар, интизор қалбига сурур бағишларди. Болалар уйқуга кетишган, ҳовли сув қуйгандек жим-жит...

Шу маҳал эшик қўнғироғи чалинди. Мадина эса шошилганча эшикка югурди. Дарвоза ортида интиқ кутгани, суйган ёри, ҳатто ўзидан ҳам қизғонадиган инсони турарди. Абдураҳмон... Мадинанинг у билан турмуш қурганига етти йил бўлди. Икки нафар ширингина қизлари ва ёлғизгина, шумтака Умар исмли ўгиллари бор. Дарвозани очгач Мадинанинг юзларига табассум югурди, кўзлари қувончга тўлди. Иккалови бирга стол атрофига ўтиришди. Абдураҳмон анчадан бери айтолмай юрган гапини айтиш учун оғиз жуфтлади. Сўнгра рафиқасининг қўлларини маҳкам ушлаб "Мадина, мен сени жуда ҳам яхши кўришимни биласан. Ва ҳамиша шундай бўлиб қолади. Биз Аллоҳ таолонинг барча оятларига иймон келтирганмиз, таслим бўлганмиз", деди. Ва "Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг" оятини қироат қилди. Мадина араб тилини билмаса-да, аммо бу оятнинг маъносини яхши биларди. Бирдан юзидаги табассум таҳлика ва қўрқув гирдобига ғарқ бўлди. Рашк ҳисси бутун вужудини қоплаб олди. Абдураҳмон таслим бўлмай, сўзини давом эттирди. "Шукрки, иқтисодий шароитимиз жуда ҳам яхши. Аллоҳ бизга кўп неъматлар берди. Бир ўртоғимнинг синглиси тўртта боласи билан ажрашди. Эри Россияга ишлаш мақсадида кетган, аммо умуман пул юбормас экан. Ярим йил аввал телефон орқали қайтиб келмаслигини айтган ва талоғини берган. У аёл жуда қийналиб яшаяпти. Мен унга...” Абдураҳмон Мадинанинг қаттиқ йиғисидан сўзларини йўқотиб қўйди. Кўзёшларини артиб, уни овута бошлади. 

Мадина бўлса, эрининг меҳрибончилигини кўриб, ундан айрилиб қоладигандек баттар йиғларди. "Асло, асло ундай бўлмайди”, дерди ўзига-ўзи. Югуриб хонага қамалиб олди. Оят ҳақида фикр қилдию, таслим бўлгиси келмади. Суйганимни ким биландир бўлишиш... "Йўқ, мен бунга йўл қўймайман. Ҳеч қачон йўл қўймайман. Керак бўлса ўша аёлни уйига бориб жанжал қиламан”, деди.

Орадан бир-икки ой ўтди. Мадинанинг "Агар унга уйлансангиз мени ҳам, болаларни ҳам ҳеч қачон кўрмайсиз”, деган таҳдидидан чўчиган Абдураҳмон таваккал қилолмасди. Ва бу фикридан бутунлай қайтди.

Уйда бу ҳақида бошқа гап очилмагач, Мадина ҳам хотиржам яшай бошлади. Лекин эрини кўп назорат қилар, барибир ич-ичидан бироз қўрқарди.

Орадан яна уч йил ўтди... Улар яна бир ўғилли бўлдилар. Бир куни Мадина ярим тунда телефон қўнғироғидан чўчиб уйғониб кетди. Абдураҳмон бўлса ҳали ҳам уйга келмаганди. Титраганча телефонга жавоб бераркан, юзлари қўрқув ва даҳшатга тўлди, бақириб йиғлай бошлади.

Абдураҳмоннинг автоҳалокатга учрагани ҳақидаги хабардан танасида жон қолмагандек эди гўё. Ҳа, Абдураҳмон вафот этганди. Суйгани, қизғонгани, қалбининг азизи, ёри энди уни бутунлай ташлаб кетганди. Тонгда унинг жонсиз танасини қабрга қўйишди. Энди Мадинанинг синовли кунлари бошланди. Қурилиш моллари ишлаб чиқарадиган корхона ҳам касодга учради. Улар яшаб турган ҳовли ҳам банк томонидан олиб қўйилди.

Ёлғиз қолган Мадина тўрт фарзанди билан ноилож акасининг уйида яшай бошлади. Ишга кирди. Бироқ эртаю-кеч ишласа ҳам болаларининг эҳтиёжларига етарли пулни топишга эришолмасди. Келинойиси ҳар икки куннинг бирида бир баҳона билан жанжал чиқарар, болаларини урар, камситар эди.

Мана бугун ҳам шундай бўлди. Аммо бугунгиси ҳаммасидан ўтиб тушганди.  Шундай аламлар ичида кеч ҳам кирди...  Мадина ярим тунда таҳажжудга уйғонди. Болалар эса уйқуда... У аёл киши ёлғизликда жуда ожиз ва кучсиз эканлигини ўйларди. Абдураҳмон вафот этганда, бошқасига турмушга чиқиши хаёлига ҳам келмаган эди. Орадан икки йил ўтди. Ундан кейин мана уч йил ўтди. Аммо  ҳозир... Фарзандларига меҳр берадиган, уларни бағрига оладиган бир инсонга жуда муҳтожлигини ҳис этиб турарди. Лекин ёши ўттиз тўртда. Бу ёшида унга ким ҳам уйланиши мумкин, яна тўртта боласи билан. Аллоҳ таолога ёлвориб, дуо қилди. Кўзларига ёшга тўлиб, Унга дардларини арз қилди.

Эртасига кеч бўлганда ишдан қайтаркан, акасининг "Мадина сенга муҳим гапим бор, гаплашиб олишимиз керак", деган сўзлари Мадинани янада чўчитиб қўйди. Яна нима бўлди экан? Келинойим яна жалжал қилдимикан? Илоҳим тинчлик бўлсин-да деб ўйлади. Аммо акаси Мадина билан унга келган совчи ҳақида гаплашмоқчи эди. 

Мадина бу ҳақида эшитиб ҳайрон қолди, энди фарзандлари тарбиясига вақт ажратишини, атрофдаги эркакларнинг "Боши очиқ аёл" деган хаёл билан ҳар хил қарашлар қилишларидан қутилишини орзу қилди. Бунга дарров розилик бермоқчи эди, аммо... Бўлажак куёв Мадина билан гаплашиб олмоқчи экан.

Учрашув уйда бўлди. Бўлажак куёв юзидан яхши одам эканлиги сезилиб турадиган киши эди. У гап бошлади: «Очиқ айтаман, менинг оилам – аёлим, фарзандларим бор. Аммо сизга савоб умидида уйланмоқчиман. Имконим етганича адолат қилмоқчиман. Лекин буни яшириб юришни истамайман, чунки яширсам адолат қилолмаслигим аниқ. Хотиним ҳали бу ҳақида билмайди. Унга бугун айтаман. Агар жуда тўполон қилиб, қаттиқ қаршилик қиладиган бўлса... Иложим йўқ. Мен аёл кишидан қўрқмайман, бу масалада унинг розилиги шарт эмаслигини ҳам биламан. Аммо муаммолар-у, тўполонларга тоқатим йўқ. Биламан, бундай нарсалар бўлиши аниқ. Фақат ҳаммаси розилик билан бўлса, адолат қилишим ҳам осон бўларди, жанжаллар ҳам бўлмасди”.

Бу гаплар Мадинани эсанкиратиб қўйди. Кўп йил аввал ўзининг ҳаётида бўлган воқеа ёдига тушди. Туни билан қилган ишига тавба қилиб, йиғлаб чиқди. Гуноҳини эътироф этиб, тонгга қадар кўзлари ёшланди. Аллоҳга "У аёл ҳам менга ўхшаб йўл тутмасин, илоҳим рози бўлсин”, дея ёлворарди. Йиғлай-йиғлай ухлаб қолди.

Тонгда кўзларини очаркан, улардан бедорлик ва йиғи асорати сезилиб турарди.  Аммо бу кўзларни қувонтирадиган хабарни эшитиб, Аллоҳга ҳамдлар айтди. Анчадан бери унинг юзларини тарк этган табассум яна чеҳрасида акс этганди. Чунки унга уйланмоқчи бўлган кишининг аёли эрига розилик билдирган эди. Ҳақиқатда, у Роббисининг оятларига таслим бўладиган, эрига итоатли муслима аёл эди. Ўзига ўхшаган бир муштипарнинг елкасига тушган қийинчиликларнинг ниҳоя топишига сабачи бўлишни шараф деб билди. Қандай ҳам меҳрибон қалб соҳибаси! Қандай ҳам итоатли аёл!  Аслида, ҳақиқий муслима аёл шундай бўлиши керак...

Улар ҳозир қандай яшаяпти дейсизми? Тўғри улар орасида ҳеч бир муаммо йўқ деб айтолмаймиз. Ахир ҳаёт синовлардан иборат. Ҳамма оилада ҳам кичкина бўлса ҳам кўнгилсизликлар бўлиб туради. Аммо, Аллоҳнинг оятига таслим бўлган қалбларгина хотиржам бўладилар. Улар мана шу хотиржамликни ҳис этиб яшамоқдалар.

Ходима (azon.uz)




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |