Загрузка...
Главная

«ЎЛИК»КА ЧУВ ТУШИРГАН ФИРИБГАР (Бўлган воқеа) 

Ko'rildi: 1145 Qo'shildi: 03-07-17


Одатдаги кунлардан бири. Шаҳардан чиқиб кетаверишда жойлашган «стоянка»да одам гавжум. Ҳар ким ўз ташвиши билан бирор жойга шошган, қайси бир йўловчилар ҳайдовчилар билан йўл ҳақини келиша олмасдан, бошқа машинага чопган, айрим ҳайдовчилар эса машинасини тўлдиролмай, мижоз умидида ҳар тарафга саросар бўлиб турган палла. Яна кимлардир мижоз кутиб, пашша қўриб ўтирибди. Ана шундай ҳайдовчилардан бирининг ёнига елкасига бироз каттароқ сумкани осиб олган, кўринишидан бу ерликларга сира ўхшамайдиган ва чеҳрасида қандайдир ташвиш ифодаси шундоққина сезилиб турган бир киши яқинлашди.
– Ассалому алайкум...
Кечаги маишат бироз чўзилиб кетганидан тонготарда уйига қайтиб, бунинг устига эрталабгача ором нималигини билмаган ҳамда ланж бўлса-да, мажбуран йўлга чиққан Азамат келувчига бошдан-оёқ бир разм солган киши бўлди-да, қўлларини истар-истамас унга узатди.
– Ваалайкум, келинг ака. Хизмат?..
– Кечирасиз, мен бу ерларда меҳмонман. Бошимга бир ташвиш чиқиб қолди. Шунга сиздан бир нарса сўрасам майлими?
Азамат «атрофда шунча машина қуриб кетгандек, менинг олдимга келганини қара», дея кўнглидан кечирди ва энсаси қотганини яшириб ўтирмай:
– Хўш, нима экан? – деб сўради.
Ҳалиги одам эса гаплари ҳайдовчига ёқмаётганлигини аниқ-тиниқ билиб турган бўлса-да, «Чиқмаган жондан бир умид», деганларидек, дардини баён этишга киришди:
– Бу ерга минг километрлик йўлни босиб келгандик. Акам бир неча ойдан бери оғир хасталикдан дард чекар эди. Болалари ёш, ҳали ақлиям кирмаган. Ҳамма оғирлиги менга. Ота-онамиз эса ёшлигимизда ўлиб кетишган. Бир-биримиздан бошқа ҳеч ким йўқ. Ўз шаҳримизда кўрсатмаган табибу дўхтиримиз қолмади. Қариндош-уруғлардан бири сизнинг шаҳрингизда шу касалликни даволай оладиган яхши дўхтирлар бор, деганди. Шунга акамни бир ўзим бўлса-да, бундан бир ойча олдин олиб келгандим. Афсуски, касаллик вақтини анчагина ўтказиб юборган эканмиз. Келганимиздан бери бироз яхши бўлиб қолганларига қарамай, куни кеча тўсатдан акам вафот этиб қолди. Жудаям мушкул аҳволда қолдим. Қариндош-уруғлардан бирортасини бу ергача чақирай десам, йўл анча олис. Бунинг устига, олиб келган пулларимнинг ҳаммасини акамни даволатиш учун дори-дармонга ишлатиб юборибман. Энди ҳатто уни қайтариб олиб кетишгаям етадиган пулим қолмади. Шунга... агар сиз билан келиша олсак, манзилга етганимиздан сўнг, йўл ҳақини икки баравар қилиб тўлардим. Нима дейсиз?
Азамат аввалига унинг гапларини эътиборсиз туриб эшитган бўлса-да, бирдан бироз сергак тортиб, ўзини инсофга чақирди. Мусофир одамнинг мушкулини енгиллатиш ҳам бир савоб. Қолаверса, буёғига икки баравар қилиб тўлайман, деяпти. Шуларни хаёлидан ўтказар экан, қаршисидан ўзига умид билан тикилиб турган одамга яна бир бор синовчан разм солди. Кўринишидан бу ҳолга ўзидан-ўзи тушиб қоладиган одамга ўхшамас, юзида жиддийлик, қисқаси, таг-туги ҳам бақувватдек кўринди.
– Хў-ўш, ака, – деди у салмоқланиб. – Биринчидан, сизнинг шаҳрингизга бу ердан тўғри борадиган бирор киракаш машинани топишингиз жуда мушкул. Иккинчидан, бориб келишнинг ўзи икки кунлик вақтни олади...
– Ҳа, мен буларни жуда яхши биламан. Шунинг учун ҳам икки баравар ҳақ тўлайман, деяпман. Фақатгина шаҳримизга етиб олсак бўлгани. Агар дардимиз бўлмаганида, сизни лойиқ меҳмон ҳам қилиб, совға-саломимизни ҳам қуюқ қиладиган одамларданмиз. Бизга шунақа тарбия беришган. Энди... нима дейсиз, қазога чора йўқ экан. Қолаверса, машинасига ўликни ортишга рози бўла оладиган бирорта мард ҳайдовчини топишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Мен бунақа нарсаларни жуда яхши тушунаман. Ўзимнинг ҳам машинам бор, албатта, у ёқда. Бу ёққа  шошма-шошарлик билан келганмиз, машинамни узоқ йўлга тайёрламаганим учун ҳам кира қилиб келавергандик. Энди, начора...

Бу гаплардан сўнг Азамат яна бироз мулоҳаза қилган бўлди-да, розилигини билдирди. Улар йўл ҳақини келишдилар. Аслида бу одам бераман, деган пулга икки марта ўша шаҳарга бориб, яна қайтиб келиш мумкин эди. Лекин Азаматнинг ҳам нафси яна бироз ҳакалак отди ва буни тўрт марта бориб, қайтиб келишга етадиган қилиб келишувни маҳкам қилдилар. Хуллас, икки томон ҳам бир-бирларидан мамнун бўлиб, машинага ўтирди. Ўтиргач:
– Кечирасиз, мен бирров уйга кириб, болаларимга қаерга кетаётганим ва бир-икки кун уйда бўлмаслигимни айтиб чиқишим керак, – деди Азамат.
– Ҳа, албатта. Бемалол.
Йўл-йўлакай уйига қараб бораркан, бу «ёғлиққина мижоз»нинг яна бир дарди чиқиб қолди. Аввалига Азамат қўл силтаганча, уни машинага миндирган жойига қайтариб олиб бориб ташламоқчи ҳам бўлди-ю, яна бир нарсаларни хомчўт қилиб, бу фикридан қайтди.
Хуллас, меҳрибон ука акасининг ўлганига қарамасдан, шунча кундан бери унга жон-жаҳдини койитиб қараган дўхтирларни ҳам рози қилиб кетмоқчилигини айтди. Шунга уйига бориб, яна қайтиб келгандан кўра, агар Азамат фалон пулни шу ернинг ўзидан топиб бера олса, унга бу пулни ҳам ошиғи билан қайтаришини қўшиб қўйди. Чунки бошида дўхтир билан келишилган экан-у, энди ўша миқдорнинг ярмини бериб кетай, деяпти инсоф юзасидан. Ҳар ҳолда, акасининг жони омон қолиши учун шунчалик хизматларини аяшмади. Буни унута олмайдиганлар тоифасидан эка у. Сўралган пул анчагина салмоқли эди. Аммо унинг орқасидан келадиган фойдаси ҳам шунга яраша-да. Ахир, ошиғи билан қайтараман, деяпти-ку. Қолаверса, бу унинг ўзига нисбатан миннатдорчилигини билдиришини ҳам қистириб ўтган «ёғлиққина» йўловчисининг юзига қарамай, кулимсираб қўйди. Хуллас, пулни топиш керак.
Азамат уйига етиб боргач, йўловчини машинада қолдириб, ярим соат йўқ бўлиб кетди. Сўнг узоқ йўлга тайёргарлик кўргандек, сафар халтасига ўхшаш бир нарса олиб чиқиб, машина юкхонасига ортди ва салонга газета қоғозига ўроғлик пулни қўйди. Орқасидан уни кузатиш учун чиққан хотини ва болалари билан хушҳол хайрлашаркан, келгунича эҳтиёт бўлиб ўтиришларини тайинлади. Ниҳоят машина жойидан қўзғалди.
– Э, раҳмат-е, ака! Энди касалхонагами? – деб сўради йўловчи ясама ҳорғин бир товушда.
– Йўқ, – деди Азамат. Сиз сўраганчалик пул уйда йўқ экан. Ҳозир яна бир жойга кириб чиқамиз. Мен сўраб қўйдим. Топилади, хавотир олманг.
– Сизга мингдан-минг раҳмат. Аллоҳ болаларингизнинг умрини зиёда қилсин. Менга қилган бу яхшилигингиз Худодан қайтсин, илоҳим, – деб узундан-узоқ дуо қилган йўловчининг негадир мийиғида кулиб қўйганини Азамат пайқамади.
Яна бир жойга кириб чиқдилар. Қўлида бир бойлам пул билан чиққан Азамат салондаги газетага ўралган пулни ҳам қўшиб, йўловчининг қўлига тутқазди.
– Мана ака, сизнинг бу мушкулингиз ҳам осон битди. Худо деган одам экансиз. Энди касалхонага борсак бўлади.
Касалхонага етиб келдилар. Машинани ичкаригача ҳайдаб кирган Азамат, «Кириб чиқақолинг», дегандек мижозига қаради. У ҳам, «Мен ҳозир», деб пулни қўлтиқлаганча тушиб кетди.
Касалхонанинг ҳовлисию ташқариси жуда гавжум. Кимдир бу ерда ётган яқинларидан бир хабар олишга келган бўлса, яна кимдир ўз дарди билан овора. Хуллас, ҳар доимгидек, кечалари сал сокин, кундузлари эса бесаранжом бир маскан. Орадан бир соатча вақт ўтди. Азамат тараддудланиб, соатига қараб-қараб қўярди. «Ишқилиб, узоқ йўлга эртароқ чиққанимиз маъқул эди-да. Нега бунча кечикди экан? Битта ўликни бир соатда ҳам қайтариб беришмайдими-а?!» У зерикиб, машинадан тушди ва эшик ёнига қистирилган латтани олиб, машинанинг уёқ буёқларини арта бошлади. Бу иш ҳам нари борса, ўн дақиқа давом этгандан сўнг, Азаматнинг кўнгли негадир ғаш бўлиб, яна машинага қайтиб ўтирди. «Кеча ўзиям молдай ичибмиз-да. Энди кун бўйи аҳволим шу...» деган ўйларни хаёлидан кечираркан, қўл соатига яна бир бор қараб қўйиб, бошини орқага ташлади...

Во ажаб, орадан икки соат ўтди ҳамки, бу «ёғлиққина мижоз»дан дарак бўлмади. Аксига олиб, исминиям сўрамабди-я. Ёнида қўл телефони бўлса, лоақал шунинг рақамини олиб қолмайдими? Вақт учинчи соатга яқинлашганида, бирдан Азаматнинг ланж ва карахт бўлиб турган миясига бир фикр зарб билан урилди-ю, шоша-пиша машинадан тушди. Машина эшигига калит солишни ҳам унутиб, касалхона биносига қараб югурди. Афсуслар бўлсин... энди унинг барча саъй-ҳаракатлари зое эди. Касалхонанинг-ку кирмаган эшиги қолмади ҳисоб, на анави мижоз айтган шаҳардан келган беморни бирор тирик зот билади, на у айтган ўликни. «Бу ерга ўша шаҳардан ҳеч қандай бемор келиб даволанмаган», дейишди.
Додини кимга айтишни билмай, ичи куйиб касалхона ҳовлисида тентираб юрган Азаматнинг бу аҳволини билган кулди, билмаган тушунмасдан, лабини жийириб қўя қолди...


Шоҳ Жаҳон




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |