Загрузка...
Главная

Маддоҳ журналисту латтачайнар амалдор кимга ҳам керак? 

Ko'rildi: 264 Qo'shildi: 17-07-17


Биринчи мақола

Биринчи раҳбар нима деса, бош чайқаб маъқуллайдиган ва ўша эшитганлари доирасида амал қиладиган амалдорлар энди давлат ва жамият учун ортиқча юк бўлаётганлиги тобора яққол кўзга ташланиб бормоқда. Бундай тўралар юзага келган янгича вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини билмай, вақтни беҳуда ўтказишади ва янги кўрсатма бўлмагунча кутишади. Энди тоғаси, амакиси ёки чўнтагининг қудрати билан амалга ўтирган латтачайнар амалдорлар ҳеч кимга керак бўлмай қолди.

Мамлакатдаги туб ўзгариш аҳолининг, ҳар бир фуқаронинг фидоийлигига асосланади. Алоҳининг маълум қатламида ҳукмрон бўлган мутелик, тобелик, боқимандалик кайфиятидан қутулиш вақти келди. Давлат боқиши керак, давлат ҳаётимни яхшилаши лозим деган патерналистик қарашга асосланган фикрлаш, афсуски, кўп асрлар давомида онгимизга сингиб кетган. Бундай кайфиятдан қутулиш учун, мамлакатимизнинг шаҳдам қадамлар билан тараққий этиши учун фидокор журналистлар зиммасида ҳам катта масъулият юклатилган. Энди маддоҳлар ва маддоҳизм даври ортда қолиб бормоқда.

Ҳақиқатни ёзган журналист бузғунчими?

Бундан беш йил аввал тошкентлик бир журналист дўстим қуйидаги воқеани айтиб берган эди. У ўша пайтдаги Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раисига шундай деган экан: "Тошпўлат Раҳматуллаев "Олтин қалам” танловига мақолаларини юборган экан, у ғолиблар сафидан ўрин олса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки мунтазам танқидий-таҳлилий мақолалар ёзиб турибди”. Бунга жавобан раис қисқа қилиб, "у – бузғунчи” деган экан.

Табиийки, агар менинг ёзганларимда бузғунчилик нафаси келганда эди, қачонлардир ковушимни шундай ўнглаб қўйишардики, йўлимни тополмасдан, сарсоним чиқарди. Амалдорлар орасида чуқур илдиз отган эркин сўзга қаршилик, ҳақиқатни гапирганни душман сифатида қабул қилиш каби носоғлом кайфиятдан қутилиш зарур. Бусиз демократиқ тараққиёт ва иқтисодий ривожланиш сари одим ташлаш ўта мушкул, аслида мумкин ҳам эмас.

Ҳокимият вакиллари тўғрисўз журналистларни "бузғунчи унсурлар” сирасига киритишларини бундан бир неча йил аввал британиялик касбдошимиз Дэвид Рэндалнинг "Универсал журналист” китобида ўқиган эдим.

Бутун дунёда яхши журналистлар ўз вазифаларини бир хилда тушунишини уқтириб, Дэвид Рэндалл ана шу вазифалар нимадан иборат эканлигини бирма-бир санаб ўтади. Бу, биринчи навбатда, савол бера олиш ва шубҳалана билишдир. Бундан ташқари, ушбу вазифалар қаторига қуйидагилар ҳам киради:

– миш-мишу бўҳтонлар ўрнига ахборотни топиш ва тарқатиш; ҳукумат назоратига қаршилик кўрсатиш ёки ундан батамом холи бўлиш; сайловчиларни хабардор қилиш; ҳукумат, сайлаб қўйиладиган вакиллар ва жамоат ташкилотлари ҳаракати ва ҳаракатсизлигини диққат билан текшириш; бизнес дунёсини тадқиқ этиш; азият чекаётганлар ҳаётини енгиллаштириш ва мансаб курсисида қулай ўрнашиб олганларни тергаб туриш; жамият юзига ойна тутиб, унинг ютуқ ва камчиликларини кўрсатиш, унинг ўзи маҳлиё бўлиб келаётган афсонаю чўпчакларни барбод этиш; одил судлов ғалабаси учун ишлаш, унинг ғалабасини кўрсатиш ва мағлубиятини текшириш; ғояларнинг эркин алмашинувига ёрдам кўрсатиш, айниқса, улар ҳукмрон мафкурага қарши бўлган тақдирда.

Олдига ана шу мақсадларни қўйиб, уларни қўлга киритиш учун ҳаракат қилган журналист жамият учун ҳар қандай ҳаракатчан амалдордан ҳам кўпроқ хизмат қилади. Чунки, дейди Дэвид Рэндалл, журналистлар ҳукуматларга эмас, фуқароларга содиқдирлар (таъкид бизники). Улар аҳолини ахборот билан қуроллантирадилар. Айнан шунинг учун ҳам ҳукумат ва турли даражадаги ҳокимият вакиллари уларга тўсиқ бўлишга, уларнинг жим туришига ҳаракат қилишади ва уларни "бузғунчи унсурлар” тоифасига киритишади. Аслида ҳам шундай. Уларнинг фаолияти жамиятни ахборотдан жудо этмоқчи бўлганларнинг ҳокимиятини бузади.

Шунинг учун ҳам бутун дунёда журналистларга тазйиқ ўтказиб келинмоқда. Ҳатто уларнинг жонларига қасд қилиш бошқа касб эгаларига нисбатан кўпроқ учрайди ва журналистлик энг хавфли касблардан бирига айланган.

Амалдор шунчалик қудратлими? Унинг тизгини кимнинг қўлида?

Кейинги ойларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, қабул қилинаётган қонуну қарорларни бутун дунё диққат билан кузатаётганлигини, уларга қизиқиш ортиб бораётганлигини кўриб турибмиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ички ва ташқи сиёсатдаги ўта фаоллиги аксариятнинг диққат марказида десак, хато бўлмайди. Барча соҳалардаги туб ўзгаришларни давлатимиз раҳбари талаби даражасида амалга ошириш учун катта куч керак. Бу ерда маблағ ҳақида гап кетмаяпти. Албатта, маблағсиз бундай кенг кўламли ишларни бажариб бўлмайди. Маблағ ҳам топилар, аммо энг асосийси – инсон омили, яъни ўша ислоҳотларни амалга оширишга камарбаста бўлган турли даражадаги амалдорлар ўз вазифасини сидқидилдан бажариши. Шунингдек, ҳар бир ишчи-ходимнинг, фуқаронинг замон ўзгара бошлаганлигини англаб, янги талаблар даражасида фолият юргизиши.

Афсуски, кейинги йилларда чиқарилаётган қонуну қарорлар, ўзгаришларга даъватлар қоғозда ёки оддий гап бўлиб қолиб кетаётган эди. Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида тепса тебранмас амалдорларга энди бундай бўлмаслигини, улар уни алдай олмасликларини, жойларда нима бўлаётганлигидан яхши хабардор эканлигини ҳар замонда такрорлаб турибди. Дарҳақиқат, ҳукумат таркибида, вазирликларда, вилоят, шаҳар, туман даражасида амалга оширилаётган кадрлар алмашинуви давлат бошлиғи мавжуд вазиятдан хабардор эканлигини ва уни ўзгартиришга интилаётганлигини кўрсатмоқда.

Аммо амалдорлар қанчалик устамон эканлигини, улар ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаслигини, ўзаро тил бириктириб, келишиб, асосий йўлдан, ислоҳотлар йўлидан четга чиқишга интилишини бу кўҳна тарих ишларидан хабардор бўлган ҳар бир киши яхши билади. Тилга олинган қусурлар ҳар доим ҳам амал курсисида ўтирганнинг шахсий манфаат йўлидаги ҳаракати билан боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Улар орасида ошна-оғайнигарчилик ёрдами билан амалга келгану, энди янги шароитда, талаб кучайган пайтда ўз вазифасини эплай олмасдан ҳаракатсизлиги билан ислоҳотларга тўсиқ бўлаётганлар ҳам бордай, назаримда.

Аслида давлат амалдори танҳо қонун ва конституция талаби асосида, ўз мансаб ваколати доирасида ҳаракат қилмоғи лозим. Бизда эса пастдаги амалдор ўзидан юқорида турганнинг оғзига, хоҳиш-иродасига қараб, ишлашга ўрганиб қолган. "Тепа”даги тўла бўйсунишни талаб қилиб келган, "паст”даги эса шунга ўрганиб қолган ва буни одатий ҳол деб тушинади. Аксарият амалдорларда ташаббус йўқлиги ҳам кўп ҳолларда ана шу ҳолат билан боғлиқ. Ҳозир одамлар орасида бир гап тарқалган. Эмишки, авваллари амал курсисига миниш учун пул беришга тайёр бўлгалар энди амалдан қутулиш илинжида ҳар қандай харажатга тайёр. Чунки улар энди Президентимизнинг янги талаблари доирасида, юзага келган янгича шароитда ишлаш қобилиятига эга эмас.

Аслида давлат бошқарув органларига тасодифан келиб қолганлардан зудлик билан қутулиш зарур. Фақат жонкуяр раҳбарларгина кейинги ўн йилликлар мобайнида халқ билан ҳокимият орасида пайдо бўлган жарликка барҳам бериши мумкин.

Бизнинг ОАВ жамот назорати ўрнатишга қодирми?

Ана шундай шароитда нима қилмоқ керак? Қандай йўл тутмоқ лозим? Катта бир мамлакатда, миллионлаб каттаю кичик амалдорлар фаолиятини доимо давлат томонидан назорат қилиб туриш мушкул эканлигини жаҳон тарихию тажрибаси кўрсатиб турибди. Бу ерда қандайдир "янги йўл” ихтиро қилишга интилишнинг ҳожати ҳам йўқ. Аниқ ва синалган восита – жамоат назоратини йўлга қўйишдир. Бир донишманд ҳукмдорнинг бу борадаги ҳаётий сўзларини келтирмоқчиман: "Одамлар фаришталар эмас, уларни бошқариш учун давлат ва ҳукумат керак. Давлат ва ҳукуматда ўтирганлар ҳам фаришталар эмас. Уларни фаолияти устидан жамот назорати ўрнатилиши лозим”.

Ривожланган демократик мамлакатларда жамоат назорати фуқаролик жамияти институтлари томонидан ўрнатилади. Бизда улар ҳали давлат идоралари устидан жамоат назорати ўрнатиш даражасидаги кучга, салоҳиятга эга бўла олгани йўқ. Сиёсий партиялар бўладими, нодавлат нотижорат ташкилотлари ёки турли бошқа бирлашмалар бўладими ҳали уларни тўлақонли фуқаролик жамияти институтига айланган деб бўлмайди.

Сиёсий партиялар жамият ва давлат ўртасидаги воситачилик вазифасини самарали бажара олмаяпти, жамоат ташкилотлариниг ўзаро мустаҳкам ва тизимли алоқаси йўлга қўйилмаган, улар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган тақдирда бирлашган ҳолда давлат идораларига таъсир ўтказиш лаёқатига эга эмас. Давлатимиз раҳбарининг кейинги пайтда сиёсий партиялар ва парламент депутатларининг ишини қаттиқ танқид остига олгани ҳам бежиз эмас. Балки энди улар зиммасидаги вазифаларни англаб, ҳаракатга киришар?

Жамоат назоратини амалга оширувчи яна бир катта куч мавжуд. Бу – оммавий ахборот воситалари. Аммо ОАВ ушбу вазифани тўлақонли бажариши учун эркин бўлмоғи лозим. Тажрибали бир сиёсатчининг қуйидаги сўзларига эътиборингизни жалб қилмоқчи эдим: "Жамиятда сўз эркинлигининг барқарорлиги, эркин журналистнинг мавжудлиги мамлакат ҳаётидаги муаммоларнинг 50 фоизи ечилди, дегани”.

Фикри ожизимча, ишни, ислоҳотни журналистикамизга биринчи масъул ҳисобланган энг тепадаги, давлат идорасидаги амалдорни ўзгартиришдан бошлаш зарур. У замонавий фикрлайдиган, журналистиканинг демократик жамиятдаги ўрнини аниқ тасаввур қила оладиган, қонунлар ва касб этикаси талаблари асосида ишлаётган ва жамиятимиз ривожига тўсқинлик қилаётган ҳар қандай иллатларни рўй-рост очиб бераётган журналистларни қўллаб-қувватлайдиган шахс бўлмоғи керак. Шу билан бирга, у ўзига ёки унга қайсидир бир томондан тегишли бўлган амалдорни танқид қилгани учун журналист ёки у ишлайдиган газета (радио, ТВ, сайт) раҳбариятига "телефон ҳуқуқи”дан фойдалиниб, таҳдид қилишдан ўзини тия оладиган маънавияти баланд инсон бўлсин.

Кейинги пайтда мамлакатимизда кўпгина йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ОАВни ҳам қамраб олади деган ниятдаман. Вақти келиб Президент Шавкат Мирзиёев ОАВ ходимлари билан учрашади, учрашувда журналистикамизнинг жамиятдаги туб ўзгаришлар билан ҳамоҳанг бўлиши, бирга қадам ташлаши, ҳатто улардан олдинги сафда ўрин олиши учун соҳадаги мавжуд муаммолар муҳокама этилади деган ишонч билан юрибман.

Бундан аввалроқ ОАВни ислоҳ этиш масаласи журналистлар ҳамжамиятида обдон муҳокама этилиши керак эмасми? Кимдир кейинги ойлар мобайнида телевидениеда, айрим матбуот саҳифаларида журналистикамиз келажаги ҳақида суҳбатлар ташкил этилиб, фикрлар билдирилмоқда-ку, дейиши мумкин. Гап бу ерда номигагина ташкил этилаётган тадбирда эмас, уларнинг сифати ва амалий натижаси ҳақида кетмоқда.

Кечагина маддоҳлик қилиб юрган бошловчи, фикрини очиқ билдиришга қўрқаётган журналист, ўзи катта цензорга айланиб бўлган бош муҳаррирлар иштирокидаги ток-шоу аслида шоуга айланган таъсирсиз ва фойдасиз нарса эмасми?! Нега ўтган йиллар давомида ўз овозига эга бўлган, маълум сабабларга биноан четга чиқиб қолган журналистларни таклиф этиб, улар билан мулоқот қилинмаяпти, ОАВни турғунликдан олиб чиқиш, журналистикадан жамият манфаати йўлида фойдаланиш масалалари муҳокама этилмаяпти?

Давлатимиз раҳбари бир чиқишида «Мен нима учун одамлар билан кўп учрашаман? Одам излайман, менга кўзи ёниб турган, кишилар ташвишини ҳис қилиб турадиганлар керак”, деган эди. Албатта, ҳар бир раҳбар ўзи ишлаб чиққан стратегияни ҳаётга тадбиқ этиш учун ўз командасини тузади. Худди шундай, жамият ривожу равнақи учун ёниб яшайдиган, ўзгалар ташвишидан узоқ бўлмаган журналистлар ҳам керак. Ана шундай жонкуяр ОАВ ходимлари ёрдамида амалдорлар фаолияти ҳамда қабул қилинаётган қарору қонунлар қанчалик самарали ижро этилаётганлиги устидан жамоат назорати ўрнатиш мумкин бўлади.




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |