Загрузка...
Главная

Шавкат Мирзиёев: «Давлат маблағлари ва ресурслари талон-тарож қилинмоқда.» 

Ko'rildi: 1407 Qo'shildi: 16-01-17

 Давлат маблағлари ва ресурслари талон-тарож қилинмоқда. Ўтган йили инспекциялар томонидан пудрат ишлари ҳажми 4 миллиард 700 миллион сўмга камайтирилган. 24 мингта лойиҳа экспертизадан ўтказилганида уларнинг нархи 1 триллион 500 миллиард сўмга камайтирилган.

Савол: бундай жиддий камчиликларни Б.Зокиров ва унинг биринчи ўринбосари А.Тўхтаев билмайдими? Нима сабабдан сиз иккалангиз фақатгина айрим объектлар билан чекланиб, кўрсатилган муаммоларнинг ичига кириш ва уларни ечишга умуман эътибор бермаяпсиз?

Бутун тизимни тубдан қайта ташкил этиш бўйича 20 кун муддатда аниқ таклифларни киритиш керак.

Бизни йўл қурилишидаги ишлар аҳволи ҳам қониқтирмайди. Молия вазирлиги ва унинг Йўл жамғармаси айби билан маблағларнинг кескин етишмаслиги доим сезилиб турибди. Битумни барқарор етказиб бериш масаласи ҳал этилмаган. Ўғирликлар тугамаяпти. Кадрлар қўнимсизлиги юқори.

Ўтган йили «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ва «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти раҳбариятини алмаштирдик. Бироқ бу ташкилотларнинг янги раҳбарлари – И.Маҳкамов ва Б.Зарипов зарур даражада ташаббус кўрсатмаяпти.

Умид қиламанки, О.Раматов ва бошқа раҳбарлар ўз ҳисоботида ана шу саволларга аниқ жавоб беришади. Шу йил бошида жорий қилинган ҳукумат аъзоларининг Президентга ҳисобот бериш тартиби доирасида бошқа раҳбарлар билан ҳам албатта учрашаман. Бунга барча раҳбар ходимлар ва ҳудудлар ҳокимлари пухта тайёргарлик кўришини сўрайман.

Жойлардаги аҳволнинг жиддийлиги ва оғирлигидан келиб чиққан ҳолда, О.Раматовни Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинладик ва унга шу оғир участкани топширдик. Шунинг учун Бош вазирнинг барча ўринбосарлари, ҳокимлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўз саъй-ҳаракатини бирлаштириб, унга ёрдамчи бўлиб фаол кўмак бермаса, кутилган натижага эришиш қийин бўлади.

Агар жойларда инфратузилма ва ижтимоий объектларда ўта ачинарли аҳволга дуч келсангиз, мавжуд ҳолати улардан кўра яхшироқ бўлган объектлар ўрнига ана шу ёмон аҳволдаги объектларни киритиш йўли билан, О.Раматов, сизга тасдиқланган манзилли дастурларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади. Буни барча раҳбарлар билиб олсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан олинди




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |