Главная

Президент сайловининг жорий якунлари эълон қилинди 

Ko'rildi: 1333 Qo'shildi: 05-12-16

Сўнгги маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Республикаси бўйича 20 миллион 428 минг 891 сайловчининг 17 миллион 941 минг 955 нафари овоз бериш жараёнларида иштирок этган.

 

Бугун, 4 декабрь куни соат 22:00 да  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича республика матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича онлайн-брифинг ўтказилди.
 
Онлайн-брифингда Ўзбекистон Республикасида ташкил этилган 14 та сайлов округи раислари Марказий сайлов комиссияси раиси ва оммавий ахборот воситаларига сайловнинг ўтиши бўйича ҳисобот берди.
 
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 14 та сайлов округида 9 минг 383 та сайлов участкалари ташкил қилинган. Шунингдек, хорижий давлатлардаги 44 та сайлов участкалари 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилган.
 
Сўнгги маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Республикаси бўйича 20 миллион 428 минг 891 сайловчининг 17 миллион 941 минг 955 нафари овоз бериш жараёнларида иштирок этган. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,83 фоизини ташкил этади. Албатта, бунга ҳали хорижий давлатлардаги Ўзбекистон Республикасининг ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш натижалари киритилмаган.
 
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломовнинг маълум қилишича, бугун соат 11.00 га қадар сайловчиларнинг 33 фоизидан ортиғи овоз беришда иштирок этган.
 
Овоз бериш жараёни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги ва “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган халқаро демократик нормалар ва принципларга риоя қилинган ҳолда очиқ ва ошкора ўтказилди.
 
Айни пайтда сайлов участкаларида ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар алоҳида-алоҳида санаб чиқилмоқда.
 
Овозларни санаб чиқишда Президентликка номзодлар кўрсатган сиёсий партияларнинг 37 мингдан ортиқ кузатувчилари, халқаро кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам қатнашмоқда.
 
Жойлардан сайлов мобайнида сайлов қонунчилиги бузилганлиги ҳақида ахборотлар келиб тушмади.

Эртага, 5 декабрь куни соат 16-00 да ўтказиладиган брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинади.


Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/namanganliklar

Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |