Главная

25 йил: И.Каримов — миллат отасидан қочоқ президентларгача 

Ko'rildi: 727 Qo'shildi: 11-12-16

 

Бундан 25 йил муқаддам, 1991 йилнинг декабрида Совет социалистик республикалари иттифоқи парчаланган ва унинг ўрнида 15 та янги давлат пайдо бўлган эди. Бу давлатларнинг аксариятини ўша пайтдаги раҳбарлар бошқаришда давом этган бўлса, айримларида дарҳол президент сайлови ўтказилган, баъзилари эса фуқаролар уруши ва низолар домига тортилганди.

Ўқувчиларимизга ўша 15 та давлатнинг раҳбарлари президентликка қандай келгани-ю кейинги тақдири қандай бўлгани ҳақида ҳикоя қиламиз.

Борис Елцин (Россия)

Туғилган йили ва жойи: 1931 йил 1 феврал, Россия, Ўрол вилояти.

Вафот этган санаси: 2007 йил 23 апрел.

 

Борис Елцин. Фото: Liveinternet

Президент бўлгунига қадар заводда 13 йилга яқин ишлаб, ишчиликдан бош инженерликкача кўтарилган. 1968 йилдан партиявий карьераси бошланган. Ўн йил ичида у КПССнинг Свердлов вилояти комитетининг биринчи котиблигигача кўтарилади. Шу лавозимда 1985 йилгача ишлайди.

1980-йилларнинг охирларида СССР Олий совети депутати бўлди. КПССнинг Москва шаҳар комитетининг котиби лавозимида ишлаб юрган пайтидаёқ Сиёсий бюро аъзоларини танқид қила бошлади. Иттифоқдаги бир қатор сиёсий ўзгаришлар жараёнида КПССнинг ўша вақтдаги бош котиби Михаил Горбачёвни доғда қолдирди. Натижада Борис Елцин 1991 йили СССР президенти Михаил Горбачёвдан яширинча Украина президенти Леонид Кравчук ва Беларус Олий совети раиси Станислав Шушкевич билан Мустақил давлатлар ҳамдўстлигини тузиш бўйича музокара олиб борди. МДҲни тузиш ҳақидаги Беловеж битими шу тариқа имзоланган эди.

У ҳукмронлик қилган йилларда қардош республикалар мустақилликка эришибгина қолмай, икки чечен уруши ҳам бўлиб ўтди ва уларда 9 йил ичида бир неча ўн минглаб россияликлар ҳалок бўлди. Унинг даврида юзага келган сиёсий танглик натижасида 1993 йили Россия Олий совети ўққа тутилди. Елцин Россия қўшинлари Германиядан олиб чиқилишини уюштирган сиёсатчи сифатида ҳам машҳур.

1999 йил 31 декабр куни янги йил оқшомида россияликларга телевидение орқали қилган мурожаатида Россия президенти лавозимидан кетаётганини эълон қилди, аммо кетиш сабабларини айтмади.

Ҳукумат раиси Владимир Путин президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди, у эса дарҳол Елциннинг суд томонидан таъқиб қилинмаслигини, шунингдек, унга ва оиласига бир қатор имтиёзлар берилишини кафолатловчи фармонга имзо чекди.

Леонид Кравчуккраина)

Туғилган йили ва жойи: 1934 йил 10 январ, Полша, Волин вилояти.

 

Леонид Кравчук. Фото: Euroradio.fm

Ўз карьерасини таълим соҳасида бошлаган. Киев университетини тугатгач, техникумда бир неча йил муаллимлик қилди, партиядаги кичик лавозимларда ишлади. Бироқ 1970-йилларнинг бошига келиб мансаб пиллапояларидан тез кўтарила бошлайди ва 1980-йилларнинг охирларига келиб у Украина коммунистик партияси Марказий комитетининг тарғибот ва ташвиқот бўлими бошлиғи эди.

1990 йилнинг март ойида уни Украина Олий радаси депутати этиб сайлашади. Август фитнасидан сўнг КПССдан чиқади.

Президент сайловида унинг номзоди партиясиз шахс сифатида қўйилган эди. Унинг номзодини ўша вақтда тақиқланган компартия фаоллари ҳам (коммунистлар номзодини илгари сурган Александр Ткаченко Кравчук фойдасига ўз номзодини қайтариб олади), Олий рада раисини «мустақиллик отаси» дея шарафлаган национал-демократлар ҳам қўллаб-қувватлайди.

1994 йилда муддатидан аввал ўтказилган президент сайловининг иккинчи турида 45,1 фоиз овоз олиб, Леонид Кучмага ютқазди.

Станислав Шушкевичеларус)

Туғилган йили ва жойи: 1934 йил 15 декабр, Минск, Беларус ССР.

 

Станислав Шушкевич. Фото: Belsat.eu

Деҳқон оиласида туғилган. Карьерасининг бошларида радиоэлектроника соҳасида ишлаган. 1986 йилда Беларус давлат университети проректори бўлди. 1990 йилда Беларус Олий совети депутати этиб сайланди.

Ҳеч қачон расман мамлакат президенти бўлмаган, аммо амалда уни бошқарган. 1991 йилда Беларус давлат байроғи ва гербини жорий этди. Беларус қуролли кучларини тузишни ҳам бошлади, миллий валютани муомалага киритди. Бундан ташқари, Шушкевич грек-католик черковини легаллаштирди.

1994 йил июн ойида президент сайловида қатнашиб, биринчи турда 10 фоизга яқин овоз олди ва иккинчи турга ўта олмади (иккинчи турда Александр Лукашенко ғолиб чиқди).

Кейин ўн йилга яқин Лукашенко ҳокимиятига мухолиф бўлди. Пенсияга чиқди. 2014 йилги маълумотга кўра Станислав Шушкевич Полшада яшаб, университетлардан бирида муаллимлик қилади.

Мирча Снегур (Молдова)

Туғилган йили ва жойи: 1940 йил 17 январ, Руминия қироллиги, Трефанешти қишлоғи.

 

Мирча Снегур. Фото: Preşedinţia republicii Moldova

1960-йилларда Молдовада агроном ва колхоз раиси бўлиб ишлади. 1981 йилда район партия комитети котиби бўлгач сиёсий карьераси бошланди.

1990 йилда КПССдан чиқди. Ўша пайтда у Молдова ССР Олий совети раиси эди. Кейин муқобил номзодларсиз ўтказилган сайловда Молдова президенти этиб сайланди.

1992 йили мамлакат президенти сифатида ўзбошимчалик билан эълон қилинган Днестрбўйи мухториятини тугатишни ёқлаб чиқди, шундан сўнг Днестрбўйи можароси бошланди.

1996 йилги президент сайловида Пётр Лучинскийга ютқазди. Кейин маълум муддат сиёсат билан шуғулланди-ю, айтарли муваффақиятларга эриша олмади. Ҳозир пенсияда.

Раҳмон Набиевожикистон)

Туғилган йили ва жойи: 1930 йил 5 октябр, Тожикистон ССР, Шайхбурҳон қишлоғи.

Вафот этган санаси: 1993 йил 11 апрел.

 

Раҳмон Набиев. Фото: Asia-plus

1950-йилларда машина-трактор станциясида инженер бўлган. 1960-йилларда партиявий ишга ўтган. 1971 йилда Набиев Тожикистон ССР қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланди. 1990 йилда республика Олий совети депутатлигига сайланди, 1991 йилнинг сентябр ойида эса унинг раиси бўлди.

1991 йил 24 ноябр куни Тожикистонда президент сайлови ўтказилиб, унда 56,92 фоиз овоз олган Раҳмон Набиев ғолиб чиқди.

Бироқ унинг ҳукмронлиги даврида мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетди. 1992 йилнинг августида вазият ниҳоятда кескинлашди. Душанбеда мухолифат намойиши президентни қўлга олиш билан тугашига бир баҳя қолди, бу пайтда Миллий хавфсизлик комитети томонидан огоҳлантирилган президент Россия ҳарбий базасига яширинишга улгурган эди.

1992 йилнинг 7 сентябрида Душанбе аэропортидан Хўжандга учмоқчи бўлган Набиев асосан жиноятчилардан ташкил топган оломон томонидан тўхтатиб қолинди. Президентнинг ўзбошимчалик билан жазоланишига йўл қўймаслик учун тез орада аэропортга танклар ва ИИВ кучлари етиб келди. Шу куниёқ у истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзди.

Набиев 1993 йил 11 апрел куни Хўжанддаги ўз уйида расмий маълумотга кўра инфарктдан вафот этди.

Сапармурот Ниёзов (Туркманистон)

Туғилган йили ва жойи: 1940 йил 19 феврал, Туркманистон ССР, Қипчоқ қишлоғи.

Вафот этган санаси: 2006 йил 21 декабр.

Сапармурот Ниёзов. Фото: Nekropole

МДҲ мамлакатларининг биринчи президентлари орасида етим бўлган ва болалар уйида ўсган ягона президент. Отаси урушда ҳалок бўлган, онаси эса бошқа болалари билан 1948 йилги Ашхобод зилзиласи қурбони бўлган.

1962 йилда КПССга кирган бўлса, 1986 йилдан КПСС Марказий комитети, 1990 йилдан КПСС МК Сиёсий бюроси аъзо бўлади. 1991 йилда Туркманистон мустақилликка эришгач мамлакат президентлигига сайланади ва умрининг охиригача шу лавозимда қолади. Дунёдаги барча туркманларнинг раҳбари деб эълон қилинади. Кейинроқ уни Буюк Туркманбоши деб атай бошлашади.

Умрининг охирларида Туркманбоши юрак хасталиги ва диабетдан азият чекар эди.

Ислом Каримов (Ўзбекистон)

Туғилган йили ва жойи: 1938 йил 30 январ, Ўзбекистон ССР, Самарқанд шаҳри.

Вафот этган санаси: 2016 йил 2 сентябр.

 

Ислом Каримов. Фото: РИА Новости

Ислом Абдуғаниевич Каримов Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Ўрта Осиё политехника ва Тошкент халқ хўжалиги институтларини тугатган. Муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликларига эга. Иқтисод фанлари номзоди. илмий даражасини олган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлган. Шунингдек, иқтисодиёт, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун кўплаб хорижий мамлакатлар университет ва академияларининг фахрий фан доктори ҳамда академиги этиб сайланган.

Меҳнат фаолиятини 1960 йили Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган. 1961 йилдан 1966 йилгача В.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади. 1966 йили Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди. 1983 йили Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йили Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, Республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди. 1986—1989-йиллар мобайнида Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси МК биринчи котиби лавозимларида ишлади.

1990 йил 24 март куни Олий Кенгаш сессиясида Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 31 август куни тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра Ислом Каримовнинг Президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди. 2000 йили муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, Конституцияга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, у 7 йил муддатга Ўзбекистон Президенти этиб сайланди. 2007 йили муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Президентликка қайта сайланди.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти 2016 йилнинг 2 сентябрь куни 78 ёшида бош мияда қайта тикланмайдиган ўзгаришларга ва полиорган етишмовчилигига олиб келган мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида вафот этди. Ислом Каримов шу йилнинг 3 сентябрида Самарқанд шаҳдада мусулмон урф-одатларига кўра дафн этилди. Унинг вафоти муносабати билан Ўзбекистонда уч кунлик, Кубада бир кунлик мотам эълон қилинди.

Асқар Акаев (Қирғизистон)

Туғилган йили ва жойи: 1944 йил 10 ноябр, Қирғизистон ССР, Қизилбайроқ қишлоғи.

 

Асқар Акаев. Фото: wikimedia.org

1991 йилнинг августида КПСС Марказий комитети аъзоси бўлган Асқар Акаев 1991 ГКЧП тузилиши ва унинг ишларини кескин қоралаб чиқди (Қирғиз республикаси ҳудудида ГКЧПнинг ҳаракатларини бойкот қилиш тўғрисида бир қатор фармонлар чиқарди). ҚР Олий совети билан биргаликда Қирғизистон мустақиллигини эълон қилди.

1991 йилнинг 21 декабр куни Олмаота шаҳрида собиқ иттифоқдош республикаларнинг президентлари билан бирга МДҲни ташкил этишда қатнаши; тангликдан чиқиш учун бир қатор халқаро шартнома ва битимларни имзолади.

В 2005 йили мухолифат уюштирган лола инқилоби туфайли президентликдан кетишга мажбур бўлди ва хорижга қочди. Тахминларга кўра ҳозир Москвада яшайди.

Левон Тер-Петросян (Арманистон)

Туғилган йили ва жойи: 1945 йил 9 январ, Сурия, Ҳалаб шаҳри.

 

Левон Тер-Петросян. Фото: AiF.ru

Болалигида Суриядан СССРга кўчиб келган. Ленинградда таълим олиб, таълим соҳасида ҳар хил лавозимларда ишлади. Бошқа биринчи президентлардан фарқли равишда ҳокимиятга партия пиллапоялари орқали келмаган.

1988 йили Тоғли Қорабоғ автоном вилоятининг Озарбайжон ССР юрисдикциясидан чиқарилишини талаб қилувчи «Қорабоғ» комитетини тузди. Оқибатда уни ҳибсга олишди, бироқ жамоатчилик талаби билан қамоқдан чиқариб юборишди.

Халқ орасида обрўси ошиб, машҳур бўлиб кетиб, Арманистон ССР Олий совети депутати этиб сайланди. Кейин Олий совет раиси бўлди. Унинг раислигида 1990 йил 23 август куни Арманистон мустақиллиги декларацияси қабул қилинди.

1998 йил 3 феврал куни Тер-Петросян мамлакат президенти лавозимидан истеъфога чиқди. Арманистон ҳукуматидаги ихтилоф уни шунга мажбур қилди. Кўп вазирлар унинг Қорабоғ можаросини ҳал қилишга доир режасини қўллаб-қувватлашмади.

Аёз Муталлибов (Озарбайжон)

Туғилган йили ва жойи: 1938 йил 12 май, Озарбайжон ССР, Боку шаҳри.

 

Аёз Муталлибов. Фото: РИА Новости

Муталлибов 28 ёшидаёқ ҳайратланарли даражада карьера қилишга эришган эди. У Боку холодилник ва маиший техника ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори этиб тайинланади. Шу билан бирга партиявий пиллапоядан ҳам жуда тез кўтарила бошлайди.

1991 йили Озарбайжон президенти бўлди-ю, бу лавозимда атиги бир неча ой ишлади холос. Тоғли Қорабоғда арманлар билан бўлган тўқнашувларда озарбайжонлар бир неча марта мағлуб бўлгач кўпчилик ундан истеъфога чиқишни талаб қила бошлади.

Озарбайжон Олий совети Аёз Муталлибовга умрбод пенсия тайинлаш, ўнта соқчи, хизмат машинаси ва ҳовли ажратиш, шунингдек, биринчи президентнинг шахси ва мулкини дахлсиз деб эълон қилиш ҳақида махсус қонун қабул қилди.

Звиад Гамсахурдия (Гуржистон)

Туғилган йили ва жойи: 1939 йил 31 март, Гуржистон ССР, Тбилиси шаҳри.

 

Звиад Гамсахурдия. Фото: utro.ru

Гамсахурдиа ҳам совет сиёсий элитаси аъзоси бўлмаган кам сонли президентлардан биридир. У мухолифатдан ҳокимиятга келди. Диссидент, советларга қарши митинглар ташкилотчиси бўлган.

1990 йил 28 октябрда Гуржистон ССР Олий советига сайлов ўтказилиб, унда Звиад Гамсахурдианинг миллатчилар блоки ғалаба қозонди.

1990-йилларнинг бошларида Гамсахурдиа юритган миллатчилик сиёсати натижасида 32 та қишлоқ, дарё ва тоғнинг номи озарбайжончадан гуржичага алмаштирилди, кўплаб озарбайжонлар миллатчилик қурбонига айланишдан чўчиб, Гуржистонни тарк этишга мажбур бўлди.

Гамсахурдианинг мухолифатга ён беришни истамаслиги натижасида у президентликка сайланганидан сўнг бир неча ҳафта ўтибоқ мамлакатда ғалаёнлар бошланди. Оқибатда у президентликдан кетиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Нурсултон Назарбоев (Қозоғистон)

Туғилган йили ва жойи: 1940 йил 6 июл, Қозоғистон, Шамалған қишлоғи.

 

Нурсултон Назарбоев. Фото: nazarbaev.kz

Назарбоев меҳнат фаолиятини Қарағанда металлургия заводида бошлаган. 1960-йилларнинг охирига борибгина унинг партиявий карьераси бошланган. 1980-йилларнинг охирида Қозоғистон коммунистик партияси Марказий комитети бош котиби бўлди.

1990 йилнинг апрелидан Қозоғистон ССР президенти.

1991 йил 1 декабрда ўтказилган илк умумхалқ президент сайловида Назарбоев 98,7 фоиз овоз олди. Бюллетенда бошқа номзодлар йўқ эди.

Назарбоев 2010 йил 15 июндан расман Қозоғистон республикасининг биринчи президенти — Элбоши мақомига эга.

Manba: tafsilot.uz

 


Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/namanganliklar

Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |