Главная

«Чақалоқнинг нархи 800 доллар ундан камайтиролмайман…» 

Ko'rildi: 140 Qo'shildi: 26-02-17

Барча давр ва замонларда ҳам ахлоқсизлик қаттиқ қораланган. Ота-боболаримиз номуссиз, ҳаёсиз одамларни даврага қўшмаган. Аёл шаъни эса, миллат шаънидек асралган, ҳимояланган. Аммо бу шарафга иснод келтирадиган кимсалар ҳам бўлганки, уларни ҳеч бир баҳона билан оқлаб бўлмайди…

Тўғри, ҳар бир инсон фаровон ҳаёт кечирсам, дейди. Лекин, бу истак инсонни зинҳор разилликка маҳкум қилмаслиги керак. Манфаат деб энг манфур ишлардан ҳам қайтмайдиганларда эса на ор-номус ва на виждон бўлади. Бу ҳамма замонларда ҳам исботланган…

Самира (исмлар ўзгартирилган) дарвозадан ичкари кириб, журъатсизгина овозда уй эгасини чақирди. Бироздан сўнг уйдан чиққан аёл унга пешвоз чиқди. Самиранинг қўлидаги чақалоқни кўриб Соҳибанинг чеҳраси ёришиб кетди, сўнг:

  • Қайси шамоллар учирди? Кел ўртоқ, яхшимисан?
  • Ҳа, яхшиман, ўзинг, болаларинг яхшими?
  • Раҳмат. Кир ичкарига. Боланг қизми, ўғилми? – деди Соҳиба ичкари томон йўл оларкан. Самира унга эргашаркан:
  • Ўғил бола, исми Жамшид, 3 ойлик, — деб жавоб берди.

Уйга киришгач, бироз ҳол-аҳвол сўрашгандан сўнг Соҳиба унинг қўлидаги чақалоққа қараб жилмайди.

  • Умри билан берган бўлсин. Эрингнинг ишлари яхшими? Хориждан қайтмадими?
  • Йўқ, ҳали қайтмади, — маъюс бош чайқади Самира. — Мени ҳам чақиряпти, кетмоқчиман.
  • Болангчи, ҳали кичкина-ку…
  • Ҳа, кичкина.

Самира аввалига айтсамми-айтмасамми, дегандек бироз тараддудланиб лабини тишлади, сўнг Соҳибанинг кўзларига тик қараб:

  • Аслида сенинг ёнингга шу масала бўйича келгандим, ёрдаминг керак… мен жуда қийналиб кетдим. Йўқ, демассан деган умиддаман. Менга болани сотишда ёрдаминг керак. Эримнинг ёнига кетишим учун кўпроқ пул зарур. Илтимос сендан, йўқ дема.

Соҳиба аввалига эшитган гапларига ишонмай тош қотди. Бироздан сўнг ўзига келиб:

  • Эсинг жойидами? Ахир, ўз туққан болангни пул учун сотиш инсофданми? Кейин афсусланиб қолмагин-а. Эрингнинг хабари борми бундан?
  • Ҳа, билади. Мен ҳаммасини ўйладим, афсусланмайман. Бошқа чорам йўқ. Менга болани сотиб оладиган одам топиб бер, илтимос. Фақат менинг болам эканлигини ҳеч кимга айтма, оладиган одам аниқ бўлмагунча, хўпми.
  • Майли, суриштириб кўрай. Фақат сен учун бунақа ишни қилишим мумкин. Қанчага сотмоқчисан?
  • 1000 долларга.
  • Майли, бирор янгилик бўлиши билан хабар бераман.
  • Раҳмат сенга Соҳиба, иложи бўлса, тезроқ. Майли, мен энди кета қолай, яхши қолинглар. Кутаман.
  • Қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Майли, яхши етиб олинглар. Қўнғироқ қиламан, — дея Соҳиба Самирани кузатиб уйига қайтиб кирди. Ўйлаб-ўйлаб бир танишининг гапи эсига тушиб унга қўнғироқ қилди. Бироз аввал Фарида исмли бир аёл ўз танишининг бола асраб олмоқчи эканлигини шипшиганди…
  • Фарида опа, сиз менга айтган масалангиз ҳал бўлдими? Улар асраб олса бўладиган бола топдими?

— Йўқ, ҳали топишолмади. Тинчликми ўзи?

— Бир танишим боласини сотмоқчи, ўғил бола, 3 ойлик, шуни гаплашиб кўрсангиз.

Телефон гўшагидаги овоз аввалига бироз жим бўлиб қолди. Ўзича нималарнидир мулоҳаза қилгандек бўлдию, сўради:

— Соҳибахон, нега сотмоқчи экан ўз боласини? Кейин даъво қилиб юрмайдими? Ишончли одамми?

— Ҳа, менга ишонгандек ишонаверинг. Ўз синглимдек бўлиб қолган. Бу аёл билан танишганимга анча бўлди. Яхши оиладан, сиз ўйлаган хулқи бузуқ қизлардан эмас. Фақатгина бироз пулга муҳтожлиги бор экан, шунга…

…Тавба, деди Фарида, пулга муҳтожлиги бор одам боласини сотиб бўлса ҳам пул топиши керак эканми?.. Хуллас, улар гапни бир жойга қўйиб, эртасига учрашишга келишдилар.

Эртаси куни Соҳиба билан учрашган Фарида болани сотиб олмоқчи бўлган оила бунга кўнгани, лекин боланинг онаси билан аввал бир учрашиб, гаплашиб олиш шартини қўйганини айтди. Соҳиба шу куни Самирани яна ўз уйига чақирди. Фарида ҳам харидор-аёл билан бирга уларникига ташриф буюрди. Харидор-аёл Самира билан ёлғиз қолгач, аввалига бор гапни билиб олишга ҳаракат қилди: нега болани сотмоқчи эканликлари, ўз боласими, инсон ўз боласини бегоналар қўлига топшириш учун журъатни қандай топди?.. Самира ҳам ҳаммасини ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилди. Бироқ аёл энди унга насиҳат қилишга ўтди. Бу аслида жудаям мушкул савдо эканлиги, ҳозир ўйлаётган фикридан кейинчалик қайтиш мумкинлиги, умуман, инсон ҳаётида рўй берадиган турли қарама-қаршиликлар, Самиранинг ҳали ёш эканлиги ва кўп нарсаларни ўз қаричи билан ўлчаши… Аммо бу гапларнинг ҳеч бири энди бола сотиб пул ишлашни кўнглига туккан аёлнинг кўнглини зиғирча бўлса-да, илитмади…

— Гапларингиз тугадими? – деб сўради Самира аёлнинг кўзларига тик қараб. – Ҳа, мен боламни сотмоқчиман. Оласизми, йўқми? Сизниям тушуняпман, аслида, менга ишонмаяпсиз. Билмоқчи бўлганингиз, мен ўз қароримни бердим ва энди уни ўзгартирмайман. Болани олиб, сиз менга пулни берган дақиқадан бошлаб бу чақалоқ менга буткул бегона бўлади. Бемалол ишонишингиз мумкин. Агар сотиб олмайдиган бўлсангиз, илтимос, ортиқ мени қийнаманг. Биз барибир бошқа харидор топиб, болани сотамиз. Сиздан бошқаям болага тиқилиб ётибди бу дунёда…

Аёл афсус билан бош чайқади: "Яхшиям, шуни билар экан. Эссиз, аёл, она деган ном сенга”… Лекин бу ишни шундайлигича қолдиришни истамади ва:

— Йўқ, болангни мен сотиб оламан, — деди ишонч билан. – Лекин менда ҳозир сен сўраётган пул йўқ. Бироз нархини келиштириб айтгин.

— Бундан ортиқ ҳам, кам ҳам эмас, — деди Самира терс ўгирилиб.

— Яхши, унда биз маслаҳатлашиб кўрайлик, имконимизга қараб иш тутамиз ва жавобини албатта эртага сенга етказамиз,- деди аёл ўрнидан тураркан.

Эртаси куни Фарида Соҳибага қўнғироқ қилиб, харидорнинг етти юз доллар бериши мумкинлигини айтди. Соҳиба "она”нинг бу нархга кўнмаслигини айтиб, ҳеч бўлмаса, саккиз юзга кўндиришга ваъда берди. Кечадан бери "савдо”нинг қандай якун топиши ва тезроқ қўлига пулни киритишни ўйлаб ўтирган Самира ҳам тезгина рози бўлиб қўя қолди. Харидор аввалига 200 доллар, боланинг айрим ҳужжатларини ўзаро расмийлаштиришганидан сўнг қолганини беришга келишишди…

Шу куннинг ўзида 200 долларни тутқазиш учун белгиланган учрашувда "чақалоқфуруш”лар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди. Боланинг онасига 200 долларни бериш учун келган махсус харидор-аёл эса, Самирани қандай бўлмасин, бу йўлдан қайтаришга аҳд қилганини унинг юзига айтди. Аммо бу ҳақда ўйлаб кўришга ҳозирча "она”нинг виждони уйғоқмикин?! Айбдорларнинг ҳар бири тегишли жазога тортилди.

С. САФАРОВ, журналист



Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/namanganliklar

Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |