Загрузка...
Главная

«Соққа»сини берсангиз ишга қайта тикланасиз 

Ko'rildi: 159 Qo'shildi: 02-03-17

Оязим Мирзақулова бундай бир неча йил илгари жиноят кўчасига кирди. Аммо, инсонпарвар қонунларимиз уни кечирди – Оязимнинг иши Амнистия актига кўра тугатилди. Аёл бу ҳолдан енгил нафас олди. Аммо, ўшанда унинг яна бир кун келиб жиноятга такрор қўл уриши кимнинг ўйига келибди, дейсиз?! Афсуски, шундай бўлиб чиқди. Оязимга аввалги ҳолат сабоқ бўлмаган экан. Йўқса, тузалиш йўлига кирмай, қайта нафс амрига мутеъ бўлармиди?!

Ҳаммаси унинг ишончни суистеъмол қилиш орқали ўзга мулкини осонлик билан қўлга киритиш ва ўз эҳтиёжи йўлида тасарруф қилишга бўлган ҳавойи интилишидан бошланди. Оязим яна бир ҳамкасби Сора Йигиталиева билан тез-тез кўришиб турарди. Табиийки, ҳамкасблар, бўлиб ҳамки, аёлларнинг боши бир ерга қовушса, турмуш ва ишдаги яхши-ёмон ишлар, ўзгаришлардан оғиз очилади, ҳатто келгусидаги режаларгача аён этилади. Аввал туман тез тиббий ёрдам бирлашмасида ҳамшира бўлиб ишлаган, ҳозирда мактабга ҳамшира сифатида ўтказилган Сора ҳам бир куни гапдан-гап чиқиб, ўртоғига аввалги ишига қайтмоқчилигини маълум қилди. Кези келганида Оязимдан бу масалада ёрдам ҳам сўради. Оязим ёрдам беришини айтди. Лекин, у темирни қизиғида уришга интилиб, бу ёрдами учун 50-60 минг сўм даркорлигини маълум қилди.

-Хўп,-деди Сора.-яна учрашамиз…

Ўз ишлари билан ҳовлида куйманиб юрган Оязим ташқарида кимдир чақираётганлигини эшитди ва остона томон юрди – Сора экан. У, ўзини тезроқ аввалги ишига қайтиши учун Оязим берадиган ёрдами эвазига бир даста пул бераркан, "бизда ҳам қолиб кетмас”, деб қўшиб қўйди.

-Нималар деяпсиз, мен эртагаёқ бу ишга киришаман,-деди Оязим ва, Соранинг исм-фамилиясини ўзи билан олиб чиққан дафтарнинг бир четига ёзиб олди.

-Демак, ишонсам бўлади-а?!,-деди у.

-Ие, ишонмай қайга ҳам борасиз,-эътироз қилди унга Оязим.

Иккиси қуюқ хайрлашишди.

Орадан роса уч кун ўтганида, Соранинг телефони жиринглади. Ўртоғим ишимни ҳал қилибди-да, деб севинган ва гўшакни шошиб қулоғига яқинлаштирган Соранинг Оязим айтган гапдан тарвузи қўлтиғидан тушаёзди – унинг иши ҳал бўлиши учун яна 100 минг сўм керак эмиш.

-Бизни ишхонани юқоридан текшириш учун келишмоқда. Ўша ишларни бажариш давомида сизнинг оғирингизни ҳам енгил қилиб бераман…

Сора Оязимга яна ишонди. Жами 115 минг сўмни фириб йўли билан олган ҳамшира бу маблағни ишлатиб юборди. Бора-бора айтган важлари ўз кучини йўқотгач, у телефонини ҳам ўчириб, жавоб бермай қўйди.

Охири сабр косаси тўлган Сора Оязимнинг яшаш хонадонига борди ва иши қачон ҳал бўлишини сўради.

-Яқинда ҳал бўлади,-таскин берди у. Аммо, Сора энди бу гапга ишонолмасди. Шу боис, кўзи очилган Сора Оязимнинг ишидан норизо бўлди. Бировни норизо қилиб олинган пул унга вафо қилармиди?!

Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судида бўлиб ўтган мажлисда ушбу масалага ойдинлик киритилди. Кўзи кўзига тушиб турадиган танишини алдаб, унинг пешона тери пулига эга чиққан Оязимнинг жиноий қилмиши қонун тарозисига солинди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли модда ва бандларига кўра айбли деб топилган Оязим Мирзақулова иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 йиллик аҳлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. Ўзгаларни алдаш орқали унинг маблағига ҳамён қаппайтирган ва бировни сарсон қилган ҳамширанинг иши ана шу йўсинда ниҳоя топди.

З.ҒУЛОМЖОНОВ




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |