Загрузка...
Главная

Уяли алоқа компанияларига даҳшатли айб қўйилди… 

Ko'rildi: 377 Qo'shildi: 08-03-17

«Ақл-идрокли келин керакми? Ўқимишли ишбилармон куёв-чи? Яхши оила билан бир умр қариндошлик ришталарини боғлашни истайсизми? Масала ҳал: 0960 га қўнғироқ қилинг!»

Кейинги пайтларда уяли алоқа компанияларидан абонентларга шу ва шунга ўхшаган мазмундаги хабарлар келаётгани бор гап. Агар сизнинг ҳам телефон рақамингизга шундай SMS-хабарлар келган бўлса, ажаблангандирсиз: буни қаранг-а, компания орқали ҳам ибо-андишали келин олиш, ор-номусли куёв топиш, таг-тугли, имон-инсофли оила билан қуда тутиниш мумкин экан-да?! SMS-хабарлардаги рақамлардан ҳақиқатдан ҳам шуларни топишнинг имкони борми?

Ҳамённи касод қилган «келин»

Шахсан ўзим буни амалда синаб кўришга қарор қилдим. SMS-хабарда кўрсатилган рақамни тердим. Қўнғироққа овози жуда ёқимли оператор қиз жавоб берди: «Ҳурматли абонент, иболи келин изламоқчи бўлсангиз, бирни босинг! Ақлли куёв топмоқчи бўлсангиз, иккини босинг! Яхши оила билан қуда бўлишни истаса­нгиз, учни босинг! Орқага қайтиш учун нолни босинг!»

Операторнинг ширали овозига маҳлиё бўлиб, 1 тугмасини босдим. Ҳалиги қиз гапида яна давом этди.«Номзодлар рўйхатига хуш келибсиз! Улар билан яқиндан танишмоқчи бўлсангиз, бирни босинг!»

Хуллас, хабарда айтилган «иболи келин»ни 20 дақиқадан ортиқ бир, икки, учни босиб изладим. Натижа эса йўқ:  қимматли вақтимни кетказиб, ахтариб-ахтариб топганим, ҳисобимдаги маблағни тугатиш бўлди, холос.

Мана гап қаёқда экан! Энди бир мушоҳада юритайлик. Ўзини ҳурмат қилган, ақл-фаросатли инсон, у хоҳ йигит-қиз бўлсин, хоҳ эркак-аёл бўлсин, алоқа компанияларига «Мени реклама қилинг, яхши қудаман, иболи қизман ёки номусли йигитман», деб мурожаат йўллайдими? Бунақаси реал ҳаёт у ёқда турсин, ҳатто, фантастик фильмларда ҳам учрамаса керак. Ёки ўша кишининг келажаги шуларга қолиб кетганига ишонасизми? Ўзини реклама қилаётган бу одамлар аслида ким? Уларнинг ота-онаси, ака-ука, опа-сингил, қўйингки, бирон қариндош-уруғи йўқми? Улар бу ҳолатга шунчалик бефарқми? Хуллас, бу ҳақда ўйласангиз, саволлар қуйилиб келаверади.

Одоб-ахлоқ фақат ўқувчиларга тегишлими?  

Юқоридаги SMS-хабарлар хамир учидан патир, холос. Улар орасида шундайлари борки, унда кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилсангиз, сизни бир зумда гўёки бахтли қилади-қўяди. Мана, улардан айримлари:

«Зерикдингизми?…. рақамига қўнғироқ қилинг ва вақтингизни чоғ ўтказинг!»

«Ўз севгингизни топишни истайсизми …. рақамига қўнғироқ қилинг».

«Романтик учрашувлар. 5 цент эвазига янги дўстлар орттиринг ёки ўз севги­нгизни топинг!»

«Севгилингизни топинг. Қизлар А, йигитлар М ҳарфини …. рақамига юборинг».

 «Янги дўстлар, балки, бир умрлик йўлдош топишни хоҳларсиз? Овозли чат …. рақамига қўнғироқ қилинг ва мароқли суҳбатлардан баҳраманд бўлинг. Бир дақиқаси 0.003 USD…»

«Гўзал қизлар ва йигитлар шаҳрига хуш келибсиз! …. рақамига қўнғироқ қилинг ва танишинг»…

Биз ушбу SMS-хабарлар юзасидан тегишли мобиль алоқа компанияларига бир нечта савол билан мурожаат этдик. Жумладан, абонентларга жўнатилаётган бундай мазмундаги SMS-хабарлар бизнинг шарқона менталитетимизга қай даражада мослиги, улар матнини тузиш билан ким шуғулланиши ва улар жўнатилишдан олдин бирор махсус кенгаш ёки комиссия томонидан кўриб чиқилиши-чиқилмаслиги хусусида билгимиз келди. Бу SMS-хабарларнинг тарқатилишидан кўзланган мақсад фақат моддий манфаат ёки бошқа сабаблар ҳам борлиги, ундан тушган фойда нималарга йўналтирилишига ойдинлик киритмоқчи бўлдик. Агар абонент ўзининг телефонига бундай SMS-хабарлар келишини истамаса, нима қилиши кераклиги хусусида маълумот олмоқчи эдик.

Бу каби саволларимизга «Beeline» компанияси жамоатчилик билан алоқалар хизмати бўлимидан қуйидагича жавоб келди:

«Бизнинг компаниямиз Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига, шунингдек, мамлакатнинг барча мобиль операторларига тегишли бўлган уяли алоқа хизматларини кўрсатиш қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўз фаолиятини олиб боради.

Саволларингизни бир қисми нашриётингиз ўқувчиларига яқин бўлган одоб-ахлоқ қоидаларига тегишли, яна бир қисми эса қонун тарафидан ҳимояланадиган тижорат сирига тегишли бўлгани учун, биз энг муҳим ва утилитар саволингизга — бу келиб тушаётган SMSлардан қандай қилиб воз кечиш имкони ҳақидаги саволга жавоб бера оламиз. Мазкур хабарларни ўчириш учун абонент 0611 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, барча контент-провайдерлардан келадиган SMSларни ўчириш ҳақида ариза берса кифоя».

Ана, холос! Кўриб турганингиздек, саволларга жўяли жавоб йўқ. Тўғри, компания амалдаги қонунларга риоя қилган ҳолда фаолият юритаётгандир. Аммо улар назарда тутаётган қонунлар умумий, ҳуқуқий қоидалар. Бунга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Лекин одоб-ахлоқ қоидалари-чи? Бу масала «Сизнинг ўқувчиларга тегишли» дейишга компанияда асос борми? Нима, уларга бунинг алоқаси йўқми? Одоб-ахлоқ қоидалари ҳаммамиз учун ягона-ку!

Бугун мамлакатимизда ёшлар тарбиясига, уларнинг дунёқарашини турли ёт ғоялардан асраб-авайлашга давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётган бир пайтда компания мутасаддиларининг бефарқу лоқайдлиги, очиғи, кишини таажжубга солади. Ахир, мана шундай ҳар хил савиясиз SMS-хабарлар бугун абонентларнинг қимматли вақтини ўғирлаб, тарбиясига салбий таъсир ўтказмаяптими?

Ўйлаб кўринг: бу кўринишдаги SMS-хабарлар ҳамма абонентларга жўнатилади. Аҳолининг 60 фоизи эса ёшлар. Демак, бундай хабарлар айнан ёшларга йўналтирилади. Улар эса ёшларни бефарқ қолдирмаслиги тайин.

Афсуски, юқоридаги SMS-хабарлар бўйича бошқа мобиль алоқа — «Ucell» ва «UMS» компанияларидан расмий жавоб олишнинг имкони бўлмади. Уларнинг мутасадди ходимлари «Бундай SMS-хабарлар тузиш ва тарқатиш билан контент-провайдер (маълумотлар узатиш тармоғи ва интернет фойдаланувчиларига муайян ахборот ёки кўнгилочар хизматларни кўрсатувчи субъект)лар шуғулланади», деган оғзаки жавобдан нарига ўтмади.

* * *

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

адабиётшунос,

— Бир куни телефон рақамимга компаниядан шундай SMS-хабар келди: «Бу баҳорда ўз муҳаббатингни топ! Танишувлар *810# дa! 3 кун бепул, сўнг кунига $0.05».

Ажаб, бу «Uсell»чилар менинг «муҳаббатим» бор-йўқлигини қаёқдан билади? Нега энди менга «муҳаббат»ни улар топиб беради? Ё компания қошида «Ёлланма совчилар» номли савобталаб фирма очилдимикан, деган хаёлга бордим. Нега энди мен айнан баҳорда «ўз муҳаббатим»ни топишим керак?

Бу саволларнинг бирига эртаси «ташриф буюрган» яна бир SMSдан жавоб олдим. Унда «Баҳор — танишиш ва умидлар даври», деб ёзилганди. Барибир қизиқ, одам парранда ё ҳашарот эдимики, баҳорда жунбушга келса?

Ана ундан кейин бу каби хабарлар яна куртаклади: севгилингизга нима деб «муҳаббат» изҳор этишни ўргатар эмиш, ҳатто бир кун шеърий ишқ баёни ҳам таклиф этилди. Касбим адабиёт эмасми, SMS-хабардаги ишқ баёти қанақа бўлар экан, деб пулнинг бетига қарамай, биттасини сотиб олдим. Ана, шеър! Сувдан суюқроқ десам, ҳаққим кетади. Ахир, бунақа «шеър»лар кўп, ҳатто, айрим тўпламларда ҳам босилиб турибди. Аммо бу «SMS-шеър» эса шундай ҳолатдаки, уни ақли соғ, ҳуши жойида одам ёзгани гумон.

Бундай SMS-хабарлар енгилтаклик ва бекорчиликдан ўзга нарса эмас. Улар фақат ва фақат разилликка хизмат қилади.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби:

— Абонентларга юборилаётган «танишув», «севги изҳори», «севгилингизга юборинг» каби ёшларни ўзига маҳлиё қиладиган маълумот ва хабарларни ёки телефон рақамлар, манзиллар тўғрисидаги SMSларда гўёки оила қуриш ниятида юрганлар, тақдири тақдирига боғланмай турганлар, тенгини, севгилисини тополмай юрганларга холис ёрдам бераётгандек кўринади. Аслида эса, бу ёлғондан бўлак нарса эмас. Ҳақиқий мўмин ва муслима ўз тақдирини бундай хаёлий, виртуал таклифларга топшириб қўймайди. Буни оддийгина кўнгилхушлик десак, тўғрироқ бўлади.

Масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Ана шундай SMSлар туфайли қанчадан-қанча оила ажрашиб кет­япти. Чунки оилали, бола-чақали бўлганлар ҳам эрмак сифатида хабарда эълон қилинган телефон рақамига уланиб кўриши ҳеч гап эмас. Биринчи марта бу нарса оддий қизиқиш ёки эрмак бўлиши мумкин. Лекин  SMSда келаётган эълонлар шу даражада жилоли бўлиб, аксар ўқувчини ўзига маҳлиё қилади. Оқибатда ўқувчи мазкур SMSнинг заҳарли тўрига илиниб, алалоқибат унинг аянчли қурбонига айланади.

Қолаверса, бундай ҳаёсиз, бепарда эълон ёки таклифларни мижозларга тарқатиш бизнинг шарқона урф-одатларимиз, миллийлигимиз ва маданиятимизга мутлақо тўғри келмайди. Унинг замирида «оммавий маданият»нинг ­ғаразли мақсадлари яширинган. Ва улар албатта, мазкур хизматлар туфайли нафақат бутун инсониятни маънавиятсизлик, беҳаёлик, иймонсизлик, ахлоқсиз ва одобсизликка даъват қилади, балки моддий тарафдан ҳам мўмайгина даромадга эришади.

Хулоса ўрнида

Халқимизда азал-азалдан оила муқаддас саналади. Келин-куёв танлашда, албатта, буюк саркарда Амир Темур бобомиз таъбири билан айтганда, наслу насабини суриштириб, кейин келин ёки куёв қилинади. Онасини кўриб, қиз олинади, отасига қараб, қиз берилади. Бу — биз ўзбекларнинг ҳаётий қоидамизга айланган. Жўнатган хабарида заррача одоб-ахлоқ тушунчалари бўлмаган компания мутасаддилари эса инсофли, диёнатли қудаларни, иболи келину ишбилармон куёвни қаёқдан биларкан? Бунисини биз билмаймиз. Аммо шуниси аниқки, ҳақиқатда оила қураётганлар уларнинг бундай «холис», «беминнат» хизматига муҳтож эмас.

Айтмоқчи бўлганимиз шуки, уларнинг алдовига учиб, бой маънавиятимиз, моддий имкониятларимизни қўлдан бой бериб қўймайлик. Умр инсонга бир марта берилади. Ундан оқилона фойдаланиш лозим. Вақтни бўлар-бўлмасга сарфлайвериш нодоннинг иши. Ақлли одам ҳеч қачон бу каби SMS-хабарларга алданмайди.

Ҳозир мамлакатимизда китоб мутолааси маданиятини ошириш устувор вазифа этиб белгиланган. Бу масала давлат сиёсати даражасигача кўтарилган. Ана шундай пайтда мобиль алоқа компаниялари бунақанги бўлмағур SMS-хабарлар ўрнига, ҳар бир абонентни китоб ўқишга ундайдиган хабарлар, дейлик, янги чиққан китоблар рекламаси, улар ҳақида қисқача маълумот бериб борса, фойдалироқ бўларди.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |