Главная

Тошкент ҳайдовчилари эҳтиёт бўлинг: светофорнинг сариқ чироғи 

Ko'rildi: 192 Qo'shildi: 12-03-17

Маълумки, 2017 йил 15 мартидан Тошкент шаҳрининг 115та чорраҳасига ўрнатилган камералар ва шаҳар йўлларидаги радарлар бўйича маъмурий баённомалар тўлдирилиши ва жарималар юборилиши бошланади. Бунга эса саноқли кунлар қолди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон Аҳмедович Сайдалиевнинг маълум қилишича, камералар автомобилларнинг қизил чироқда ўтишини ҳамда белгиланган тезликдан юқори тезликда ҳаракатланаётган автомобилларнинг давлат рақамларини суратга туширади. Сўнгра, бу суратлар электрон кўринишда Ахборот марказига, ундан "Ўзбекистон почтаси” АКда барпо қилинган марказга тушади. Бу ерда махсус намунадаги жарима варақалари нашр қилиниб, автомобиль эгасининг доимий турар жойи бўйича манзилга почта ходими воситасида шахсан етказилади.

Тезлик бўйича жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 7 баравари (1 млн 50 минг сўм атрофи), светофорнинг тақиқловчи чироғида ўтганлар учун (қизил ва сариқда ўтиш) энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари (300 минг сўмга яқин)ни ташкил этади. Бунда бир кунда бу каби қоида бузилиши бир марта бўладими, 10 марта бўладими фарқи йўқ, ҳар бир қоида бузилиш ҳолати учун алоҳида шу миқдорда жарима ёзилади ва юборилади. Жаримани 60 кун ичида тўлаш талаб этилади.

Шу ўринда, тошкентлик ва шаҳарга меҳмонга келган ёки бу ерда вақтинча истиқомат қилувчи ҳайдовчилар эътиборини мазкур ҳолатнинг айрим ҳайдовчилар кўп ҳам диққат қаратмайдиган жиҳатларига қаратмоқчимиз.

Барчага яхши маълумки, Тошкент чорраҳаларида автомобиллар "Тўхташ чизиғи” (Йўл ҳаракати қоидалари бўйича 5.33 рақамли белги билан ифодаланган ёки чорраҳалар кесишмасида махсус оқ чизиқ) бўлса ҳам, бўлмаса ҳам унга эътибор бермаслик оммавий равишда кузатилади. Кўплаб ҳайдовчилар ҳатто пиёдалар ўтиш чизиғини ҳам менсимайди. Йўл ҳаракати қоидалари бўйича бу ҳолатларнинг барчаси светофорнинг қизил чироғида ўтиш сифатида баҳоланса-да, кўпчилик Қоидаларнинг бу бандини назар-писанд қилмас эди.

Шу ўринда савол туғилади: Хўш, автомобилни бу каби бошқаришга ўрганиб қолганлар (бундайлар эса, минг афсуслар бўлсинки, орамизда жуда кўп!) нима қилиши керак? Энди улар одатларидан воз кечишларига ёки тинимсиз жарима тўлашларига тўғри келади.

Ўзбекистон Республикасида амал қилувчи Йўл ҳаракати қоидаларининг 41-бандига кўра, светофорнинг (риверсивдан ташқари) ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида ҳайдовчилар транспорт воситаларини тўхташ чизиғи (5.33 йўл белгиси) олдида, бундай чизиқ бўлмаган тақдирда:

чорраҳанинг қатнов қисми билан кесишган жойида пиёдаларга ҳалақит бермасдан (ушбу Қоидаларнинг 102-бандини ҳисобга олган ҳолда);
темир йўл кесишмаси олдида ушбу Қоидаларнинг 119-бандига мувофиқ;
бошқа жойларда светофор ёки тартибга солувчининг олдида, ҳаракатланишга рухсат берилган ва пиёдаларга ҳалақит бермасдан тўхташи керак.

Шунга биноан, ҳар бир ҳайдовчи мазкур қоидага бўйсунмаса ёки машинасининг олд ғилдираги тўхташ чизиғини бирозгина босса ёхуд автомобиль бампери тўхташ чизиғини камерадан тўсиб қўядиган даражада чорраҳа томонга яқинроқ тўхталса ҳам қоидабузарлик қайд этилади ва қизил чироқда ўтганлик жаримаси (энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари) ёзилади. Кейинги чорраҳада айни қоидани бузган автомобиль ҳайдовчиси эътиборсизлик ёки одатий равишда бўлсин фарқи йўқ, юқоридаги ҳолатни такрорласа яна худди шундай жарима ёзилади.

Шу билан бирга, чорраҳаларда светофорнинг қизил ва сариқ чироқлари ёнган вақтида ҳаракатланишни бошлаш одат тусига айланиб қолган, яъни ҳайдовчиларнинг аксарияти Қоидаларга зид равишда сариқ чироқни ҳаракатланишга рухсат чироғи деб тушуниб қолишган. Эндиликда, қизил ёниб турган ҳолатда тайёргарлик ва айни вақтда тақиқловчи чироқ ҳам ҳисобланувчи сариқ чироқ ёнганда ҳаракатланишни бошлаб тўхташ чизиғини босган ҳайдовчиларга ҳам (амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, бу қоидабузарлик ҳисобланади) жарима мактублари юборилади.

Бундан ташқари, камералар ва тезликни ўлчовчи фоторадарлар бор чорраҳа ва йўл қисмларига яқинлашишдан аввал, яъни ҳар 300 ва 150 метрда йўлнинг ўнг томонига, ҳайдовчиларга кўринадиган жойда такрорланувчи махсус (5.41 ва 7.19 рақамли) белгилар ўрнатилади.

Шундай экан, азиз тошкентликлар ва шаҳар меҳмонлари бўлган ҳайдовчиларга:

  • чорраҳада тўхташ чизиғига камида 30-50 см етмасдан тўхташ (автомобиль бамперини ҳисобга олганда);
  • ёхуд чизиқ кўринмаган ҳолатларда 5.33 йўл белгиси олдида тўхташ;
  • светофорнинг тақиқловчи чироқлари (қизил ва сариқ) ёниб турганда ҳаракатланишдан тийилиш;
  • светофорнинг яшил чироғи ёнганидан сўнгра ҳаракатланишни бошлаш;
  • фоторадарлар қайдига тушмаслик учун йўл белгилари, аниқроғи тезлик чекланишига доир белгиларга эътиборлироқ бўлиш ва қатъий амал қилишни тавсия қиламиз.

P.S. Начора, аслида, бу каби тавсиялар бериш уятли ҳолатдир. Чунки, ҳар бир ўзини ҳурмат қилган ҳайдовчи тавсияларга муҳтож эмас, улар шундоқ ҳам қоидага риоя қилишларини ўз бурчлари ва мажбуриятлари деб билишлари керак эди. Албатта, орамизда бундайлар оз эмас. Аммо, гуруч курмаксиз бўлмайди...Шундай экан, азиз ҳайдовчи йўлингиз бехатар бўлсин!

Толиб Рахматов



Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/namanganliklar

Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |