Загрузка...
Главная

Ўзбекистонда автомобил сотиб олиш муаммолари ва раҳбарнинг кулгили жавоби 

Ko'rildi: 632 Qo'shildi: 13-04-17

Мутахассиснинг билдиришича, ўз вақтида етказиб берилмаган автомашина учун дилерлик корхонаси харидорга пеня тўлаши шарт.

Ўзбекистон Президенти виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига "Ўзавтосаноат" корхонаси билан боғлиқ 5600дан ортиқ мурожаат тушган бўлиб, уларнинг аксариятини шикоятлар ташкил этади. Кеча "Ўзбекистон" телеканалида эфирга узатилган "Мулоқот ва манфаат" номли таҳлилий кўрсатувда ана шу рақамлар тилга олинди.

Кўрсатувда иштирок этган "GM Ўзбекистон" АЖ, "Ўзавтотеххизмат" МЧЖ, "Асака" АТ банки, Давлат Рақобат қўмитаси каби соҳага алоқадор ташкилотларнинг раҳбар ва вакиллари автомобиль сотиб олишда фуқаролар дуч келаётган муаммолар ҳақида сўз юритишди. Кўрсатувда айтилишича, фуқаролар ҳозирги кунда "Дамас" ва "Каптива" автомобилларини сотиб олиш учун шартнома олишолмаяпти. Кўрсатувдаги лавҳада автосалондан машина сотиб олиш улкан муаммо эканлиги, машина чиқишини ойлаб, йиллаб кутиш одамларни қийнаб юборганлиги айтилди. "GM Ўзбекистон" АЖ бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабовнинг айтишича, бугунги кунда ички бозорда "Дамас" автомобилига талаб жуда катта ва ўтган йили 19 минг дона шу русумдаги автомобиллар сотилган. Бу йил талабнинг юқорилигини эътиборга олиб "Дамас" русумли автомобилларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш режалаштирилган.
Машина сотиб олиш учун пул тўлаб қўйганларнинг узоқ навбат кутишларини "GM Ўзбекистон" АЖ Маркетинг, савдо ва автосервис бўйича бошқарувчи директори Муҳиддин Султонов навбат мурожаатлар журналига асосан тузилиши, бироқ ногиронлар, уруш фахрийларининг мурожаат қилганликлари боис бу навбатлар бузилиб кетиши билан изоҳлади. Унинг айтишича, май ойидан бошлаб электрон навбат тизими жорий этилади ҳамда ҳар бир машина олувчининг навбатдаги ўрни реал вақт давомида кўриниб туради.

Кўрсатувдаги лавҳада машина сотиб олган харидор 2007 йилгача ишлаб чиқарилган машиналар билан ҳозиргиларининг ўртасида фарқ катталигини, бугунги кунда чиқарилаётган машиналарда нуқсонлар кўп учраётганлигини айтди. Бу шикоятга жавобан мутахассис завод ҳар бир машинани бир неча марта синовдан ўтказишини, дилерлик компанияси ҳам автомобилни харидорга топширишдан аввал текшириб беришини билдирди. Мутахассиснинг билдиришича, ўз вақтида етказиб берилмаган автомашина учун дилерлик корхонаси харидорга пеня тўлаши шарт. Бунинг учун харидор аввало дилерлик компаниясига, талаби бажарилмаганида Давлат рақобат қўмитасига мурожаат қилиши даркор. Кўрсатувда автомобиль сотиб олишга шартнома тузиш навбатининг очиқ ва ошкора эмаслиги, тўловларни банк пластик карточкаси орқали амалга ошириш муаммо бўлаётгани, автомобилнинг шартномада кўрсатилган муддатда берилмаётгани, жисмоний шахслар билан тузиладиган шартномаларда истеъмолчилар ҳуқуқларини чекловчи ва ишлаб чиқарувчилар манфаатига хизмат қилувчи шартлар киритилганлиги, янги автомобилда бир қатор носозликлар мавжудлиги ҳамда кредитга автомобиль сотиб олиш қийинлигидан норозилик мазмунидаги мурожаатлар ҳақида сўз борди. Лекин ушбу муаммолар бўйича мутахассисларнинг баъзи жавоблари умумий бўлди ва томошабин айрим саволларга етарлича жавоб ололмади. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири кўрсатув ҳақида "Бунақа кўрсатув қилгандан қилмаган яхши. Битта саволга ҳам тўлиқ жавоб берилмади. Ҳамма саволга умумий жавоблар. Эсиз шунча вақт…" дея фикр билдирган. Бундай мазмундаги кўрсатувларнинг тез-тез тайёрланиши ва айниқса аҳоли билан бевосита мулоқот тарзида йўлга қўйилиши келгусида юқоридаги каби норозилик мазмунидаги фикрларнинг келиб чиқишига йўл қўймайди. Энг муҳими эса, халқ ўзини қийнаётган саволларга бевосита тегишли мутахассислардан жавоб олади.



Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |