Загрузка...
Главная

Журналистлар оғзини ёпишга уста ташкилотлар ёки бизга фақат мақтов ёқади 

Ko'rildi: 277 Qo'shildi: 06-05-17

Юртимизда кейинги вақтларда медия майдонни ривожлантириш,  Оммавий ахборот воситаларини ҳақиқий "Тўртинчи ҳокимият" даражасига етказишга интилишлар бўлаётганидан ҳаммамиз хурсандмиз. Айниқса, 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги баҳонасида ўтказилган анжуманларда: Бизда танқиду, таҳлил йўқлиги, ўзимизнинг журналистларни "нўноқлиги”  роса қахрамонларча кўтарилди. Лекин, журналистлар бу масалада турлича фикрда. Кимдир бевосита сабабларни рўкач қилса, кимдир билвосита сабабларни ўртага қўйаяпти. Медия майдоннинг яна бир иштирокчилари матбуот хизматлари эса негадир бироз эътибордан четда қолиб кетаётгандек. Бугун матбуот хизматлари фаолиятини ҳам ўзгартириш вақти келди.

 Биз турли мавзуларни ёритувчи журналистлар ўртасида норасмий сўров ўтказдик. Унинг натижаларига кўра журналистлар матбуот хизматлари фаолиятидан унчалик ҳам қониқмасликларини маълум қилишган.

         Билдирилган фикрларга қараганда айрим матбуот хизматлари танқидни умуман қабул қилишмайди. Маълумотлар олиш учун эса, ҳамон расман хат сўралади. Ҳамкасбларимиз фақат телевидение учун ишлайдиган ахборот хизматларини ҳам санаб ўтишди. Маълумотларни иложи борича бермасликка харакат қиладиган ахборот хизматлари қайси деб сўраганимизда;

Ўзбекистон республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги

Давлат статистика қўмитаси

Ўзбекистон республикаси прокуратураси

 Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

 Ўзбекистон ҳаво йўллари

 кабиларнинг  матбуот хизматлари энг кўп тилга олинди.

"Ўзбекистон хаво йўллари”нинг бундан 2-3 йилча аввалги матбуот анжуманида "Давр”нинг мухбири "стюардессаларнинг ўзбек тилида гапирмаслиги ва муомала маданияти яхши эмаслиги” масаласини кўтарган эди. Ўшанда "бундай саволни берма” дея, матбуот котиби мухбирнинг ёнига келиб, имо ишоралар билан "оғзини ёпишга” ҳаракат қилгани ва хатто анжумандан кейин МТРК рахбариятига хат билан чиқиб ўша "этикани билмайдиган мухбирни, шундай тадбирни бузганлиги учун” тартибга чақириб қўйишни сўраганди.

"Баъзи матбуот хизматлари эса, эринмай танқидий мақолани олиб ташламагунингизча гоҳ опа, гоҳ ука,  деб телефон қилишни канда қилишмайди. Кўрсатув тайёрламоқчи бўлсак, хатто тепамизга келиб бошидан оҳиригача кўриб берадиган матбуот хизмати рахбарлари ҳам йўқ эмас”, дея фикр билдирди яна бир ҳамкасбимиз.

Баъзи ахборот хизматлари танқидий савол берадиган журналистларни чақиришмайди ва қўлингизга ўзларига маъқул кўрилган саволни тутқазишади.

         4 май куни Тошкент шахрида ўтказилган профилактика тадбирларига бағишланган матбуот анжуманида ИИВ ҳодимлари ҳақида "Тошкент” телеканали томонидан тайёрланган лавҳани намойиш этиб, бу "этикасизлик”ни бошқа журналистлар билан муҳокама этилгани эса ҳаммасидан ўтиб тушди.

Ҳурматли матбуот хизмати ходимлари! Энди Оммавий ахборот воситаларида сизнинг тармоғингизга тегишли бўлган танқидий мақолалар кўпайиши тайин. Шундай экан "ойнадан ўпкаламанг”. Шунчаки танқидни соғлом қабул қилишни ўрганинг. Агар бу танқид ноўрин ва асоссиз бўлса, раддия берилишида ўзингиз иштирок этиб, изоҳ билан чиқинг. Бу билан фақат сизга бўлган ишонч ортади.

Жамоатчилик назоратини кучайтиришда танқид жуда зарур. Маълум бир соҳадаги камчиликни фош этиш одатда ёмонликни кўзлаб эмас, тизимни самарали фаолият кўрсатиши учун ҳам ўртага ташланади.

Яна бир жиҳат кўпчилик вазирлик ва идораларнинг сайтлари одатда ўзларининг фаолияти ҳақидаги маълумотларни аввал қайсидир сайтда бериб, кейин ўзларининг расмий сайтида эълон қилишади. Бу эса нотўғри. Ахборот – бу махсулот. Яъни айрим оммавий ахборот воситасига устунлик берилиши бошқа оммавий ахборот воситаси ҳуқуқларининг поймол бўлишига сабаб бўлади.  Шундай экан, маълумотни энг аввало расмий сайтга жойлаштириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Биз матбуот хизматларининг ишига тўсқинлик қилувчи сабабларни ҳам ўрганиб чиқдик:

  1. Кўпгина ахборот химатлари ҳодимларига вазирлик ёки идораларнинг ўзида эмас, балки унга қарашли бирор корхонада штат расмийлаштирилади. Ойлик эса нисбатан кам.
  2. Хат сўрашлари ҳам бежизга эмас экан, чунки ўша вазирлик ёки идоралар ҳодимлари шахсан рахбарнинг топшириғи бўлмаса интервью бериш у ёқда турсин матбуот хизматига маълумот беришни ҳам ўзларига эп билишмайди.
  3. Танқидий материални олиб ташлашни илтимос қилувчи мабуот котибларининг биринчи рахбарлари эса ўзларининг тизимида фақат мақтовларга арзигулик ишлар қилинаётганини кўришни истайди.
  4. Одатда журналист ёки жамоатчиликдан хабардор бўлган одамлар матбуот хизматларига олиниши керак, лекин ҳозир аксарият холларда бошқа мутахассислик эгалари матбуот хизматларида фаолият олиб боришмоқда. 
  5. Матбуот котиби биринчи рахбар билан ҳар куни мулоқотда бўлиши учун имконга эга бўлиши керак. Лекин, баъзи матбуот хизматлари ўринбосарлар орқали рахбар билан мулоқотда бўлишади.

Ҳа айтгандай, 2 май куни Пресс клубда ўтказилган матбуот анжуманини алоҳида қайд этиб ўтмоқчи эдим. Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов журналистларнинг барча саволларига пухта тайёргарлик кўриб келгани яққол билиниб турди. Танқидий саволларга ҳам яхши жавоб берилди. Бу матбуот анжуманида кўтарилган масалалар доирасида ўнлаб мақолалар тайёрланди. Ана шундай даражадаги матбуот анжуманлари кўпайиши керак.

Хулоса ўрнида: хато яширилса ёлғонлар кўпаяверади. Ёлғон кўпайса ишонч йўқолади. Ишонч йўқолганда эса, бефарқлар кўпаяди. Бефарқ инсонлар кўпайган жамиятнинг келажагини мендан кўра яхшироқ билсангиз керак.

 Нозима Тошпўлатова

Manba: Dia.uz




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |