Загрузка...
Главная

"НИМА, УЛАР ЎЛМАЙДИЛАРМИ?" ёхуд "Озодлик" радиосининг яна бир маломати ҳақида 

Ko'rildi: 1186 Qo'shildi: 13-08-17

Буни эшитиб, ёпирай, дея ёқа тишлашдан бошқа иложимиз йўқ. Нима, қабристон чиқиндиларга тўлиб-тошадиган ишлаб чиқариш корхонасими, уни ҳар куни 4 соат тумонат одам тозалаб туриши керак бўлса? Ишонгинг келмайди, "Озодлик” радиоси ходимларининг ҳамма нарсага етган ақли наҳотки шунга келганда оқсаган бўлса?

Аслида гап нимада? Гапнинг пўсткалласи шундаки, Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов бу лавозимга тайинланган куниёқ ўзининг биринчи галдаги диққат-эътиборини ҳудуднинг бозорлари-ю мозорларини ободонлаштиришга қаратди. Хўш, бу нимадан далолат? Бу — янги ҳокимнинг "Қайси юртнинг фаровонлигини билмоқчи бўлсанг унинг бозорига, ободлигини кўрмоқчи бўлсангмозорига бор”, дея ота-боболаримиз айтган азалий ўгитнинг мазмун-моҳиятини теран ҳис этишидан далолат. Шунинг учун ҳам ҳоким мавжуд вазиятни тўғри баҳолаб, шаҳар аҳлининг бошини бир ерга қовуштирди. Кейинги вақтларда қабристонларга эътибор сустлашганини кўриб, ҳаммамизнинг сўнгги қўнимгоҳимиз бўлган бу масканларни тартибга келтириш ташаббусини ўртага ташлади.

Дастлаб "Мангулик” қабристонида ҳашар уюштириб, унга ўзи бош-қош бўлди, қўл қовуштириб, буйруқ бериб соя-салқинда ўтирмади, ҳашарчилар билан баб-баробар ишлади. Ҳеч бир ташкилот раҳбарига "ҳашарга шунча ходимингни олиб чиқасан, бўлмаса мендан кўрасан”, —дея дўқ-пўписа ҳам қилмади. Шунчаки, халқ ичига кириб, аҳолини "бу эзгу ишни биргаликда қилсак, савоб бўлади, қолаверса, кўнгилларимиз равшан тортади, ахир у ерларда каттами, кичикми, яқинларимиз мангу ором топишган”, —деб даъват этди. Одамлар чуқур ўйга ботишди, ҳатто бироз хижолат тортишди. "Ҳақиқатан ҳам, шу оддий, ўз бурчимиз бўлган юмуш ҳоким айтмагунича хотиримиздан фаромуш бўлган экан, аттанг”, — деганлар кўп бўлди.

Биринчи ҳашарга "Озодлик” атайлаб урғу берган "мактаб, боғча ходимлари ва медиклар”дан ташқари касбу кори, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, минглаб фуқаролар ёпирилиб келишдики, очиғи, буни шаҳар ҳокимининг ўзи ҳам кутмаган бўлса керак.

— Ҳокимимизнинг "Мангулик” қабристонида ҳашар ўтказиш ҳақидаги ташаббусини маҳалла аҳлига эълон қилишимиз билан ҳамма бу ташаббусни фаол қўллаб-қувватлади, — дейди Наманган шаҳридаги "Истиқбол” МФЙ раиси Камолхон Юсуфбоев.— Ҳашар ўтказиладиган куни тонг саҳарданоқ одамларимиззарур иш қуроллари билан маҳалла марказига йиғилишди. Ҳаммамиз тўпланиб бордик, қарасак, қабристонга бутун шаҳар аҳли кўчиб чиқибди, гўё.

Жорий йилнинг 15-16 июль кунлари бўлиб ўтган мазкур умумхалқ ҳашарида Наманган шаҳридаги мавжуд 103 та маҳалла, 30 та масжид, 356 та корхона-ташкилот, муассасаларнинг 6 минг нафарга яқин ҳашарчилари кучи билан 51 машина чиқинди ташиб чиқилди, мозор ҳудудига юз туплаб арча, каштан сингари дарахтлар, 500 тупдан зиёд гул кўчатлари экилди, таъмирталаб жойлар чиройли таъмирдан чиқарилди.

Қарангки, шаҳар раҳбарининг бу хайрли ташаббуси энди одамларнинг ўзларини қизиқтириб қўйди. Кейинги ҳафтанинг дам олиш кунларида шаҳардаги "Мавлоно" қабристонида ўтказилган ҳашарда 8000 нафарга яқин аҳоли қатнашди. 50 дан зиёд техникада 100 машинадан ортиқ хас-хашак чиқариб ташланди.

— Бу "Озодлик”дагилар қанақа одамлар ўзи, ҳушига нима келса ёзавераркан-да, —  дейди бир кулиб, бир куйиниб педагог Маъсуда Мирзамова. — Нима, ўқитувчи ё шифокорга савоб керакмасми? Бутун шаҳар аҳли бел боғлаган шундай хайрли ишдан биз четда туришимиз керак эканми? Чучварани хом санашибди, ўша радио ходимлари. Уларнинг бундай иғво-ю бўҳтонлардан иборат хом-хатала хабарларни тарқатишдан асл муддаолари нима эканини жуда яхши биламиз, биз. Бизни ҳашарга чиқишга мажбурлашган эмиш. Нима деган гап бу? Мажбурлаш у ёқда турсин, агар ўқитувчи-тарбиячи-шифокорлар қатнашмасин, дейишганида қаттиқ ранжир эдик, ахир бировнинг эмас, ўз яқинларимизнинг қабрларини обод қилишга, эзгу савоб ишга ҳисса қўшяпмиз-ку.

— Жуда кўп омиллар раҳбарнинг ташкилотчилиги-ю ташаббускорлигига, халқни ўз ортидан эргаштира олишига бевосита боғлиқ эканига яна бир бор амин бўлдим, — суҳбатга қўшилди соғлиқни сақлаш ходими Муниса Отахўжаева. — Ўз кундалик ташвишларимиз билан ўралашиб, маҳалламиз, кўчамиз, ён-атрофимиз, қабристонларимиз тозалигига эътибор бермай қўйган эканмиз. Шаҳар ҳокими иш бошлаган илк кунлариданоқ, ана шу аччиқ ҳақиқатни ўта маданият билан ҳаммамизнинг ёдимизга солиб қўйди. Ишонасизми, ҳашарда қатнашиб, қабристонларимизнинг кўркам қиёфага келганини кўриб, кўзим қувнади, руҳиятимда ажиб бир енгиллик сездим. Бу ҳолатни бошқа ҳамкасбларим ҳам бошдан кечиришганини таъкидлашди. Душанба куни ҳар қачонгидан ҳам юқори кайфиятда ишга чиқдим, бу кўтаринкилик ҳали-вери мени тарк этгани йўқ. "Озодлик”чиларнинг хабарига келсак, биламиз, уларнинг кимлигини, мақсадлари нималигини. Ундан кўра, ўша "мобил мухбир”лари келсин, кўрсин, биронта ҳашар жараёнида қатнашсин, кейин холис фикр билдирсин. Йўқ, улар бундай қилишолмайди, бундай қилишса, ўзлари "кутган” информациянинг тескарисини олишади. Майли, улар билан бизнинг ишимиз йўқ, биз шаҳримизни энг намунали, ҳамма ҳавас қиладиган энг обод ва кўркам масканга айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга бажонидил, сидқидил ҳиссамизни қўшишда давом этаверамиз.

"Ўн бир Аҳмад”даги ҳашар жараёнида беихтиёр ҳашарчиларнинг ўзаро суҳбатлари қулоғимизга чалинди. Улар "Озодлик” радиоси тарқатган фисқу фасодни муҳокама этишаётган экан, чоғи. Мана, одамлар қандай фикрда:

— Нима, улар ўлмайдиларми, дунёга устун бўладиларми? Ўтганлар руҳига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш аввало ота-боболаримизнинг абадий оромгоҳларини тоза, пок, саранжом-саришта тутишдан бошланмайдими?

— Э, улар нима деб алжираса – алжирайверсин. Бизнинг ўз эътиқодимиз, ўз қадриятимиз, урф-одат ва анъаналаримиз бор, булардан асло ортга қайтмаймиз.

—Бунақа туҳмату иғволар билан қани кўрамиз, қаергача бораркин, булар. Кимнинг кимлигини халқимиз аллақачон англаб етган. ...Карвон ўтаверади, барибир.

Дарвоқе, "Озодлик” ходимларининг кўнглини хира қиладиган яна бир "нохуш” хабар. Жорий йилнинг 5 август куни Наманган шаҳридаги "Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳи ва қабристонида навбатдаги умумхалқ ҳашари ҳам жуда катта уюшқоқлик билан ўтди. Бу ҳашарда турли миллат ва элатлар вакилларининг кўнгилли равишда қўлни қўлга бериб иштирок этишгани чинакам ҳайратга сазовор воқеа. Наманган шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ольга Владимировна қувонч билан эътироф этганидек,"бу тадбирнинг ўзига хослиги — наманганликларнинг бир-бирларига меҳру оқибати, садоқатининг амалдаги ифодаси, миллатлараро дўстлик ва тотувлик, ҳамжиҳатликнинг амалдаги ифодаси бўлди”.

"Озодлик”чиларни "хафа” қиладиган яна бир "ёмон” янгилигимиз шуки, келгуси ҳафтадаги умумхалқ ҳашарида рус миллатига мансуб шаҳарликлар мангу қўним топган маскан, ундан кейин эса, яҳудийлар ётган қабристонни обод этиш кўзда тутилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, халқимизнинг азалдан жамоавий турмуш қоидаларига амал қилиб яшаб келаётгани миллатимизнинг маънавий-руҳий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир. Бизнинг бир боламизга етти маҳалла ота-оналик қилиши бирортамизга малол келмайди, мабодо унинг ножўя қадамидан қўшнимиз бизни вақтида огоҳлантирса, унга фақат раҳмат айтамиз. Биз инсонга хос ва мос турмуш тарзи деб мана шундай ҳаётни тушунамиз ҳамда уни ҳар томонлама рағбатлантирамиз. Зеро, бизнинг аждодларимиз имонли ҳаёт кечириш деганда айнан жамоавий турмушни тушунган ва асло кам бўлмаган. Умумхалқ ҳашари ҳам мана шу ҳаёт тарзимизнинг узвий, ажралмас бир қисмидир. Бу боқий қадриятимизни "Озодлик” тугул, ҳеч ким поймол этолмайди.

Турли жамиятлардаги ижтимоий муносабатларни ўрганиб келаётган германиялик тадқиқотчи Йоахим Мушхольт таъкидлаганидек, Ўзбекистонда аҳолининг ўз ҳаётидан мамнунлиги, яъни ҳаётдан рози эканининг боиси — жамиятда якдиллик мавжудлигидир. Бу якдиллик билан биз ҳали бугунгидан ҳам кўра юксак марраларга эришамиз, иншооллоҳ.

Мичиган университети профессори, Жаҳон қадриятлар тадқиқот маркази директори Рональд Инглехартнинг фикрича эса, жамиятда қарор топган ижтимоий муҳит, яъни адолат, тенглик, одамийлик, меҳр-мурувват, хуш ахлоқ ва покиза яшаш айнан инсоннинг ўзини бахтли ҳис қилишида асосий мезон ҳисобланади. Жамоа бўлиб яшаб келаётган ҳар қандай жамиятда ватанпарварлик жуда юқори бўлади. Инсон қадр-қиммати, ҳалоллик, яхшилик эъзозланишини ҳар қадамда кўриб яшаса, бундай жамиятда ёрқин ютуқларга эришиш мумкин.

Ғарб олимлари тан олаётган мана шу ҳақиқатлар ҳақида нега лом-мим демайсизлар, миқ этмайсизлар, муҳтарам "Озодлик”чилар?!!

Шуҳрат ДЕҲҚОНОВ,

журналист.

Анвар ИКРАМОВ (фото).




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |