Загрузка...
Главная

Сурияга бориш истагида кечган азоблар... 

Ko'rildi: 1165 Qo'shildi: 14-12-18


Бобур Идрисов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир неча йиллар аввал Россия давлатига ишлашга кетди. Красноярск ўлкасида ишлаб юриб, диний экстремистик ва террорчилик ташкилотининг ғоявий таъсирига тушиб қолди. Фаолияти тақиқланган мазкур ташкилотнинг аъзоси бўлиб, икки йил давомида 3-4 нафар тожикистонлик йигитлар билан жиноий тил бириктирди. У гўёки жиҳод қилиш ниятида экстремис­тик ғоялардан сабоқ олди. Ислом динини ниқоб қилиб, одамларнинг тинчини бузаётган жангариларга қўшилишни мақсад қилди.

У ўзига «Абдулла» деган диний тахаллус танлади. Интернет тармоғида «Юсуф Ислам» профилини очди. У шу орқали бир қиз билан танишиб, гаплаша бошлади.

Мафтуна Жағалбоеванинг ота-онаси ишлаш учун Рос­сия­га кетди. Ўз эрки ўзига ўтган Мафтуна ишлаб юрган клиникадан бўшади. Ижтимоий тармоқлардаги сайтлар орқали ўзига профил очиб, Бобур билан танишди. Йигит ўзининг диний мазмундаги маърузалари билан қизни ҳам маҳлиё қилди. Орадан кўп ўтмай, Бобур Ўзбекистонга қайтди ва Мафтунага турмуш қуришни таклиф қилди. Мафтунаникига совчилар келиб, тўй бошланди.

Орадан 5-6 ой ўтгач, Бобур Сурияга кетишга ҳозирлик кўра бошлади.

— «Ислом давлати»га бориб мусулмонларга ёрдам беришимиз керак. Ана шу бурчимизни адо этсак, жаннати бў­ламиз, — деб Бобур Мафтунани кетишга даъват қила бошлади.

— Ислом давлати деганингиз қаерда?

— Сурияда.

— Сурияда уруш бўляпти-ку, у ёқда қийналамиз.

— Биродарларим мени чақиряпти, у ерда ҳамма уришмас экан, кимнинг қандай касби бўлса, шу касб билан шуғулланиши мумкин, дейишаяпти. Борганларни уй ва пул билан таъминларкан, — деди хотинини кўндиришга уриниб.

— Шу гапларингизни онангизга, ота-онамга айтаман, — деди Мафтуна.

— Айтсанг, иккимизга ҳам ёмон бўлади.

Мафтуна аросатда қолди. Турмуш ўртоғига эргашишдан бошқа чораси қолмади. Бу орада улар фарзандли бўлишди. Ёш болани олиб, Истамбул шаҳрига боришди. У ерда ўзларига фикрдош кишилар билан бирга яширинча яшашди. Куну тун Сурияда бўлаётган жанглар акс эттирилган видеороликларни, турли хил диний маърузаларни эшитиб, кўриб юришди. Ана шундай мазмунсиз кунларни қу­виб йил ўтди. Мафтунанинг иккинчи фарзанди туғилди. Фикру зикрини нотинчлик ҳукмрон бўл­ган юртга кетиш эгаллаган Бобур гўдакларининг тақдирини ўйламади. Аксинча, кетиш навбатини сабрсизлик ила кутди. Кетиш фурсати келганда Бобур оиласини олиб ўзи кабилар билан йўлга тушди. Йўлдаги қийинчиликлар Сурияни янаям узоқлаштираётгандек эди. Қанчалик ошиқмасин, бораётган манзили вайрон бўлган бинолару нотинч кўчалар, ҳаловатсиз одамлар ораси эканлигини биларди.

Улар минган микроавтобус йўлда бузилиб қолди, кейин бошқа автомашинага ўтиришди. Қоронғу тушгач, бир уйда тунашди. Эртасига яна йўлга чиқишди. Тоғли жойларда пиёда юришга тўғри келди. Икки ёш бола, оғир сумкалари билан йўл азобини тортишди. Йўл­бошчилик қилиб келаётган араб миллатига мансуб киши «Сурия чегарасига яқин қол­ди», деб уларни ташлаб, қайтиб кетди. Осойишта юрти қолиб, жангу жадал истаб бораётганлар яна пиёда кета бошлашди. Шу атрофдан бир уй чиқди. Улар уй соҳибларидан Туркия ҳудудида эканликларини билиб олишади. Дарбадар юрганлар ундан бир кечага жой сўради. Лекин уй эгаси рози бўлмади. Яна оз­роқ юришса, Туркия аскарларига рўпара келишини айтди. Бобур аро йўлда қолди. Неча йилдан бери ўзича ҳақ деб билган йўлининг охири шу ергача эканлигини тан олгиси келмасди. Қийинчилик жонидан ўтиб кетгач, ўзини Туркия аскарларига топширди. Асли Ўзбекистондан эканлигини, бўлиб ўтган воқеаларни гапирди. Аскарлар Бобурнинг оиласини миграция ходимларига топширди. Улар бу ерда 20 кун бўлишгач, Ўз­бекис­тонга депортация қи­линдилар. Қонунларга қарши қилинган ҳар бир ҳаракат жазосиз қолмайди.

Суд ҳукми билан Б.Идрисовга 10 йил 6 ой, М.Жағалбоевага 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Саъдулла Мустаев,

Самарқанд вилоят прокуратураси

бўлим катта прокурори

Manba; Uz24.uz




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar


Ахборот-таҳлилий портали 2016 йилнинг 17 Февралда давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 0005786. Муассис: "Namanganliklar Group" x/k манзили 160100, Наманган шаҳри, Зерабулок кўчаси, 12-уйМатериалларимиздан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда «Фойдаланиш шартлари»га амал қилиниши шарт.
 Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган.
 | |