Загрузка...
Главная

Наманган шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди 

Ko'rildi: 1421 Qo'shildi: 27-12-18


Наманган шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Улуғбек Холиқов тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Наманган шаҳар маъмурий судининг раиси Жалолиддин Ҳусенов маълум қилди.

Тадбиркор Роҳила Неъматшаева Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, Наманган шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари У.Ҳолиқов хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилади. Жабрланувчининг сўзларига кўра, жорий йил 19 июль куни Улуғбек Холиқов Наманган шаҳри, Уйчи кўчасида жойлашган савдо марказини ёнғин хавфсизлиги қоидаларига жавоб бермаслиги, дўконлар қонунга зид равишда фаолият олиб бораётгани, бу ерда савдо-сотиқ қилаётган тадбиркорларнинг мулклари давлат фойдасига мусодара қилинишини айтиб ёпиб қўяди.

У ерда фаолият олиб бораётган 14 нафар тадбиркор 7 августда қайтадан фаолият бошлаб савдо қилаётган вақтда Улуғбек Холиқов ИИБ ходимлари билан келиб, "Чорсу” деҳқон бозори ҳудудида фақат озиқ-овқат маҳсулотлари сотилиши, кийим-кечаклар сотуви "Дўстлик” савдо мажмуасига кўчирилганини айтиб, савдо марказини яна ёпиб қўяди.

Ушбу мурожаат Наманган вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, Наманган шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари хатти-ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги аниқланди.

Жумладан, у хусусий мулк ҳуқуқини бузиб, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузган. "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 39-моддасида, кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг фаолиятини текшириш назорат қилувчи органлар томонидан режали тартибда кўпи билан тўрт йилда бир марта тегишли рухсат асосида текшириш белгиланган.

Бироқ ҳоким ўринбосари асоссиз равишда, ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатсиз "Чорсу” МЧЖга қарашли савдо маркази ҳамда Роҳила Неъматшаевага тегишли савдо дўконлари фаолиятини текширган.
Қонуннинг 34-моддасида, агар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқласа, улар ўз ваколатлари доирасида ва муайян қоидабузарликни бартараф этиш билан бевосита боғлиқ чора-тадбирларни кўриши мумкинлиги кўрсатилган.
Ўтказилган тадбирлар давомида "Чорсу” МЧЖ ва Роҳила Неъматшаевага тегишли савдо дўконларида санитария ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари талаблари бузилганлиги аниқланган бўлса-да, бироқ уларни бартараф этиш юзасидан тегишли ёзма кўрсатмалар бериш орқали қоидабузарликларга чек қўйилмаган.

Бундан ташқари, қонуннинг 34-моддасида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик мавжудлиги фактидан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ўзга қонуний фаолиятга аралашиш ёки бундай фаолиятни чеклаш учун асос сифатида фойдаланиши мумкин эмаслиги кўрсатилган. Қонуннинг 42-моддасида эса тадбиркорлик субъектлари фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш каби ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд тартибида қўлланиши кўрсатилган.

Прокуратура томонидан олиб борилган суриштирувлардан сўнг маъмурий иш кўриб чиқиш учун судга юборилган.

2018 йилнинг 18 декабрь куни Наманган шаҳридаги "Маданий-Маориф” маҳалласи ҳудудида жойлашган 16-сонли мактаб биносида Наманган шаҳар маъмурий судининг раиси Жалолиддин Ҳусенов раислигида Улуғбек Холиқовга оид маъмурий иш сайёр судда кўриб чиқилди.
Ҳоким ўринбосари суддаги кўрсатмалари давомида Наманган шаҳридаги "Чорсу” МЧЖ ва Роҳила Неъматшаевага тегишли бўлган дўконларни савдони тартибга келтириш мақсадида ёпиб қўйганини таъкидлади. Дўконларда санитария ва ёнғинга қарши курашиш қоидалари талаблари бузилганлиги уларни ёпишга сабаб бўлганлиги, ушбу ҳаракатларни ҳеч бир ҳужжатсиз амалга оширгани, тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлигини тан олиши, ҳозир бундан пушаймон эканлигини билдирди.

Суд Улуғбек Холиқов ўзининг мазкур қилмиши билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2411-моддаси ва 2412-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб  топиб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима тайинлади. Шунингдек, Наманган шаҳар ҳокимига маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритди.

Manba; Turon.24




Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar


Ахборот-таҳлилий портали 2016 йилнинг 17 Февралда давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 0005786. Муассис: "Namanganliklar Group" x/k манзили 160100, Наманган шаҳри, Зерабулок кўчаси, 12-уйМатериалларимиздан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда «Фойдаланиш шартлари»га амал қилиниши шарт.
 Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган.
 | |