Главная

Хорижий ОАВлар Шавкат Мирзиёев ҳақида қатор мақолалар чоп этди 

Ko'rildi: 2333 Qo'shildi: 06-12-16
2016 йилнинг 5 декабридан бошлаб Ўзбекистон ҳаётида янги саҳифа очилди. 4 декабрь куни ўтказилган Президент сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод бўлган Шавкат Миромонович Мирзиёев энг кўп овоз тўплаб, мамлакатимизнинг иккинчи президенти этиб сайланди.
 
Юртимиздаги сайлов жараёни дунё мамлакатларининг диққат марказида бўлгани сир эмас. Президент сайлови натижалари нафақат Ўзбекистондаги ОАВлар, балки хорижнинг қатор нашрларида ҳам ёритилди. Ана шундай мақолаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
 
Буюк Британиянинг “The Guardian” агентлигида “Ўзбекистонликлар Шавкат Мирзиёевни президент сифатида танлашди” номли мақола чоп этилди. Овоз бериш натижалари тўғрисидаги маълумотларни келтириб ўтган агентлик ёзган мақолада сайлов жараёнини бевосита ёритиш назорат остида ташкил этилгани қайд этилган. Сайлов жараёни эса демократик принциплар асосида адолатли равишда ўтгани таъкидланган.
 
Американинг “The Wall Street Journal” нашри “Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги президентлик сайловида ғалабага эришди” номли мақола ёзди.Унда Ўзбекистон –  ўрта Осиёдаги аҳолиси энг кўп мамлакат, деб эътироф этилган. Мақолада Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам тилга олинган.
 
Қўшма штатларнинг яна бир етакчи ахборот агентликларидан саналган “Reuters” нашрида “Ўзбекистон Республикаси Бош вазири президентлик сайловида ғолиб чиқди” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди. Мақолада шундай сатрлар келтирилган:
 
“Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимида ишлаб келган Шавкат Мирзиёев сайловда 88,61 фоиз овоз тўплаб, Ўзбекистоннинг иккинчи Президенти этиб сайланди. Байрам митинги давомида Мирзиёев “Ислом Каримов бошлаб берган йўлдан кетяпмиз”, деб таъкидлаб ўтди”.
 
Хитойнинг “Синьхуа” агентлиги орқали “Марказий сайлов комиссияси: Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Мирзиёев Президент этиб сайланди” номли мақола чиқарилди.Мақолада мамлакатимизда ўтказилган сайловда 18 миллионга яқин фуқаро иштирок этиб, Шавкат Мирзиёев 88 фоиздан ортиқ овоз тўплагани алоҳида қайд этилган. Шунингдек, президентликка даъвогар бўлган бошқа номзодлар тўплаган овозлар кўрсаткичи ҳам келтирилган. Сайлов жараёнини дунёнинг қарийб 50 та мамлакатидан 600 га яқин кузатувчилар назорат қилгани қайд этилган.
 
Эроннинг “Iran-Daily” агентлиги “Ўзбекистондаги президентлик сайловида Мирзиёев ишончли ғалабага эришди” сарлавҳаси остида мақола чоп этди. Унда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти вафотидан сўнг, илк бора ўтказилган сайловда Бош вазир энг кўп овоз тўплаган ҳолда ғолиб бўлганлиги ёзилган. Шавкат Мирзиёев ғалабага эришгач, Россия Федерацияси президенти биринчилардан бўлиб уни табриклагани ва Россияга таклиф этгани ҳам қайд этиб ўтилган. Мақолада Ўзбекистоннинг чегара ҳудудлари ҳақидаги маълумотлар ҳам келтирилган.
 
Туркиянинг “Daily Sabah” нашри “Шавкат Мирзиёев деярли 90 фоиз овоз тўплаб, президент сифатида сайланди” сарлавҳаси остида мақола ёзди. Унда Шавкат Мирзиёевдан ташқари, қолган уч нафар номзоднинг ҳеч бири бу даражада халқ ишончини қозонмагани ва 4 фоизга яқин овоз тўплагани қайд этилган. Шавкат Мирзиёев 13 йил давомида Ислом Каримов раҳбарлиги остида Бош вазир лавозимини фаолият юритиб келгани айтилган. Шунингдек, мақолада Ўзбекистон ва Россия алоқалари янада мустаҳкамланиши мумкинлигига ишора қилинган. Афғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистон Россия, Хитой ва АҚШ учун доимо диққат марказида экани таъкидланган.
 
Россиянинг РИА Новости агентлигида “Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловида ғалабага эришди” номли мақола чоп этилди. Мақолада сайлов жараёни ва натижалари борасида маълумотлар берилган. Шу билан бирга, сайловдан сўнг ўтказилган байрам митинги давомида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига миннатдорчилик билдиргани қайд этилган. Шунингдек, Россия раҳбарининг табрик йўллагани ҳақида ҳам ёзилган.
Дурдона Расулова


Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/namanganliklar

Do'stlaringizga birinchilardan bo'lib yetkazing!



Всего комментариев: 0
avatar

Видео и аудио материалы предназначены исключительно для предварительного ознакомительного просмотра и прослушивания. | |